Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:12

БМТ раҳбари Эрон дастурига оид музокараларни давом эттиришга чақирди


БМТ Бош котиби Бан Ки Мун жорий ой бошида Хавфсизлик кенгаши Теҳронга нисбатан янги санкцияларни жорий қилганига қарамасдан, Эроннинг ядровий дастурига оид можаро музокаралар орқали ҳал этилиши тарафдори эканини баён қилди.

- Хавфсизлик кенгашининг қўшимча санкцияларга оид резолюцияси қабул қилинган бўлса-да, бўҳроннинг музокаралар орқали ҳал этилиши учун эшиклар очиқ қолмоқда. Мен бу масалани Европа Иттифоқининг жорий раиси ва Европа Кенгаши билан муҳокама қилдим ва музокараларни давом эттиришга даъват қилдим. Мен жаҳон етакчилари, мутасадди томонларни масалани ҳал этиш мақсадида музокараларни давом эттиришга чақираман, деди Бан Ки Мун.

Ғарб давлатлари Эронни яширин тарзда атом бомбасини ясашга уринаётганликда гумон қилиб келади, Теҳрон бу гумонларда асос йўқлиги ва ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлашини таъкидлаб келади.

Душанба куни Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод муайян шартлар бажарилса, Теҳрон Ғарб давлатлари билан сентябр ойида музокараларни қайтадан бошлашга тайёр эканини баён қилди.

28 июн куни БМТ Хавфсизлик кенгаши сессиясида кенгашнинг доимий беш аъзоси – АҚШ, Британия, Россия, Франция ва Хитой вакиллари Эрон ядровий дастурига оид бўҳронни ҳал қилишда музокараларни давом эттиришга тайёр экани, бироқ эҳтиёж пайдо бўладиган бўлса, қўшимча санкцияларни қўллаш лозимлигини таъкидладилар.
XS
SM
MD
LG