Линклар

Шошилинч хабар
14 июл 2024, Тошкент вақти: 12:03

Халқаро хабарлар

Афғонистонда зўравонликлар давом этмоқда

Афғонистон жанубида НАТО қўшинлари ва жанггарилар ўртасида тўқнашувлар рўй берди.

Ҳарбийларнинг билдиришича, Ҳелманд вилоятининг Бағрон туманида махсус амалиёт ўтказаётган халқаро кучлар жанггарилар ҳужумига учраган. Туманда рўй берган отишма чоғида ўндан зиёд жанггари ўлдирилган.

Мазкур вилоятнинг бошқа бир туманида олиб борилган амалиёт чоғида эса толибларнинг таниқли дала қўмондонларидан бири қўлга олинган.

Афғонистон шимолида эса Жанубий Кореядан келган ишчилар яшаётган хонадон ракета ҳужумига учраган. Ҳозирча кўрилган талофотлар тўғрисида маълумот ошкор қилинмади. Мазкур ҳужум учун масъулиятни ҳам ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ.

Кун янгиликлари

Москва вилоятида Sukhoi Superjet учоғи қулаб тушди

Sukhoi Superjet 100 учоғи (иллюстратив сурат)
Sukhoi Superjet 100 учоғи (иллюстратив сурат)

Россиянинг Москва вилоятида 12 июль куни Sukhoi Superjet 100 йўловчи учоғи авиаҳалокатга учради. Учоқ бортида йўловчилар бўлмаган, фақат экипажнинг уч аъзоси бўлган, холос. Хабарларга кўра, уларнинг ҳаммаси ҳалок бўлган.

ТАСС агентлиги қайдича, учоқ режадаги таъмирлаш ишларидан кейинги парвозни амалга ошириш чоғида қулаб тушган. У Внуководаги авиация заводидан осмонга кўтарилган. Baza нашри қулашдан олдинроқ фалокат сигналини бера бошлаган ва учоқ аварияли қўниш олдидан ёнилғини сарфлаб битириш учун айлана бўйлаб уча бошлаган. Учинчи айланишда учоқ қулаб тушган.

Қулаб тушган Sukhoi Superjet 100 учоғи 2014 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, “Газпром Авиа” ширкатига тегишли бўлган. “Агентство. Новости” хабарига кўра, қулаган учоқда сўнгги икки йил ичида камида икки марта носозлик кузатилган.

Москва вилоятининг Апраксино қишлоғи яқинидаги учоқ қулаган жойга Коломно шаҳри раҳбари Александр Гречишчев борган. Мулозимга кўра, учоқ қулаган жой ўраб олинган. Учоқ ўрмонга қулаган, авиаҳалокат натижасида туман аҳолиси орасида жабрланганлар йўқ.

Авиаҳалокат ҳодисаси юзасидан ҳаво транспорти ҳаракат хавфсизлиги ва эксплуатацияси қоидаларининг бузилишига оид моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов билан Росавиация мутахассислари иштирокида Давлатлараро авиация қўмитаси (ДАҚ) шуғулланади.

Ишсиз мигрантлар оилаларига Россияга кириш ман этилиши мумкин

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россиялик мулозимлар расмий иш жойига эга бўлмаган ва моҳиятан ишсиз ҳисобланган мигрантларнинг оиласига мамлакатга киришни тақиқлашмоқчи. Бу ҳақда Озодликнинг “Мигрант Медиа” лойиҳаси хабар қилди.

Қайд этилишича, Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши ИИВ ва бошқа тегишли муассасаларга бу масалани ўрганиб, хорижлик ишчилар яқинларининг Россияга киришини чекловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқишни топширган.

Россия расмийларига яқин кўриладиган Baza Telegram-канали хабарига кўра, Давлат думасига мигрантларнинг фарзандларини мактабга қабул қилишдан олдин улар зиммасига рус тили бўйича имтиҳон топшириш мажбуриятини юкловчи қонун лойиҳаси киритиб бўлинган.

Сўнгги ойларда Россияда мигрантларни мамлакатдан бадарға қилиш зарурлиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Масалан, Давлат думаси спикерининг ўринбосари Петр Толстой аввалроқ расмий иш фаолияти билан шуғулланмаётган мигрантлар сонини қисқартириш учун “бир киши келди — бир киши кетди” тамойилини (яъни, агар мигрант мамлакатга бир ўзи келган бўлса, бир ўзи кетади) жорий қилишни таклиф қилган эди.

Россиялик мулозимларнинг аксарияти мигрантларга қарши қонунчиликни қўллаб-қувватлашади ва улар орасида жуда камчилик мигрантларнинг мамлакатдан чиқариб юборилишига қарши чиқишади.

Россия Ички ишлар вазирлиги яқинда Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга мигрантларни мамлакатдан бадарға қилишга имкон яратувчи яна 20 та модда қўшишга оид қонун лойиҳасини киритган.

Гарчи бу ўзгартишлар экстремистик фаолият ва миграцион қайд тартибини бузиш дохил жамоат тартибини бузиш ва хавфсизлик билан боғлиқлиги айтилаётган бўлса-да, ҳуқуқ фаоллари арзимаган қонунбузарликлар учун мигрантларнинг депортация қилинишига имкон яратувчи бу тузатишларни танқид қилиб чиқишган.

Бойқўнғир космодромида уч нафар хорижлик қўлга олинди

Бойқўнғир космодромидан ракета учирилиши (архив сурати)
Бойқўнғир космодромидан ракета учирилиши (архив сурати)

Қозоғистоннинг Қизилўрда вилоятида жойлашган Бойқўнғир космодромида Ҳолландия ва Бельгия фуқаролари бўлган уч нафар чет эллик қўлга олинган. Бу ҳақда Россиянинг ТАСС агентлиги куч ишлатар тузилмалардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, ҳодиса 9 июль куни содир бўлган. Россия агентлиги иддаосига кўра, қўлга олинган европаликлар космодром ҳудудига ноқонуний кириб олган.

Уларнинг Бойқўнғир ҳудудига нима мақсадда киргани маълум эмас. Хабарга мувофиқ, Россия куч ишлатар идоралари ҳолатни ўрганмоқда.

Июнь ойи бошида Бойқўнғир космодроми ҳудудига яқин жойда франциялик икки фуқаро юргани хабар қилинган эди. Иддаога кўра, улар космодром ичига киришга уринган диггерлар, яъни турли иншоотлар, ерости масканлари, базалар ва ташландиқ объектларни тадқиқ этувчи кишилар бўлган.

Россия Қозоғистонга йилига 115 миллион доллар тўлаб, Бойқўнғир шаҳри ва космодром жойлашган ҳудудни ижарага олган. Ижарага оид келишув муддати 2050 йилда тугайди.

Киев иккинчи тинчлик саммити ноябрь ойигача ўтишини истамоқда

Украина урушни тўхтатиш йўлларини излаб топиш учун иккинчи тинчлик саммитини АҚШда ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президент сайловига қадар ўтказишни истаяпти. Бу тадбирда июнь ойида Швейцарияда бўлиб ўтган биринчи саммитдан фарқли ўлароқ Россия вакиллари ҳам иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги украиналик ва ғарблик қатор дипломатлардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Агентлик суҳбатдошларига кўра, Киев Дональд Трамп президентликка сайланган тақдирда Вашингтон Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиб қўйиши ёки анча чеклаб қўйиши мумкинлигидан чўчмоқда.

Шу билан бирга, агентликнинг ғарблик манбалари бу каби учрашув фақат унда “аниқ мақсад” бўлгандагина ва “аниқ натижалар”га эришилгандагина ўтказилиши мумкинлигини билдиришяпти.

Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Михаил Галузин Bloomberg хабари юзасидан изоҳ бераркан, Москва Украинанинг тинчлик саммитига ўхшаган тадбирларда иштирок этиш ниятида эмаслигини билдирган.

Дипломатга кўра, бундай тадбир мазмун-моҳияти қандай бўлиши “ҳаммага аён”. Галузин у ерда Украина президенти Владимир Зеленскийнинг мутлақо боши берк кўчага кириб қолган ва ультиматум шаклидаги формуласини олға суриш ниятидаги аввалги баёнотлар жаранглашини қайд этган. Айни пайтда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Москва ҳар қанақа мулоқотга очиқлиги, бироқ бу ерда “гап нима ҳақида бораётганини англаш муҳим”лигини билдирган.

Ўнлаб мамлакат лидерлари ва юқори лавозимли мулозимлари иштирокида ўтган Швейцария саммити коммюнике қабул қилиш ҳамда ядровий ва озиқ-овқат хавфсизлиги дохил қатор масалаларни мувофиқлаштириш билан якунланган. Айни пайтда у ерда урушни тўхтатишнинг аниқ механизмлари ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Россия Швейцарияда ўтказилган учрашувда иштирок этмаган ва тадбирнинг ўтказилишига ўта ишончсизлик билан қараган. Саммит арафасида президент Владимир Путин Киев олдига Россия томонидан аннексия қилинган Украинанинг тўртта вилояти ҳудудидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш талабини қўйган. Россия президенти бунинг эвазига зудлик билан ўт очишни тўхтатишни ваъда қилган. Украина бу шартларни рад этган.

Жорж Клуни Байденни президентлик пойгасини тарк этишга чақирди

АҚШ президенти Жо Байден
АҚШ президенти Жо Байден

Жо Байденнинг АҚШ президенти этиб қайта сайланиш имконияти унинг сафдошлари ва демократлар партияси тарафдорлари томонидан шубҳа остига олинмоқда, дея хабар қилди Reuters агентлиги.

Намояндалар палатаси собиқ спикери, АҚШ президентининг узоқ йиллик сафдоши Нэнси Пелоси ўтган ой охиридаги муваффақиятсиз дебатлардан кейин президентлик пойгасида қолиш-қолмаслик юзасидан қарор қабул қилиш учун Байденда жуда кам вақт қолганини билдирди. MSNBC ёйинида берилган “АҚШ президентининг қайта сайланиш ниятини қўллайсизми?” деган саволга Пелоси аниқ-тиниқ жавоб берган эмас.

Америкалик актёр ва демократлар партияси учун маблағ йиғиш ташкилотчиларидан бири бўлган Жорж Клуни Жо Байденни сайловолди пойтасини тарк этишга чақирган. Бу ҳақда у The New York Times газетасидаги мақоласида билдирган.

Клунига кўра, у Жо Байден билан уч ҳафта аввал учрашганида бу одамнинг 2010 йилдаги Байденга ва ҳатто 2020 йилдаги Байденга ҳам ўхшамаслигини англаган. Клуни “ҳамма гап унинг ёшида”, бошқа ҳеч нарсада эмас, деб ҳисоблайди. У, агар демократлар партияси сайловга Жо Байден билан чиқадиган бўлса, ғалаба қозонолмайди, деб ишонади.

81 ёшли Байденни сайловолди пойгасини тарк этишга кўндириш мақсадида унга нисбатан босим президентликка номзод Дональд Трамп билан 27 июнь куни бўлиб ўтган муваффақиятсиз дебатлардан кейин кучайиб кетган. Ўшанда Байден доим ҳам ўз фикрини охиригача етказишга муваффақ бўлолмаган, баъзан керакли сўзларни излаб қолган, жавобларда адашиб кетган. Унинг бу тутуми The New York Times таҳририятининг “амалдаги президент пойгани тарк этиши керак” ва Байденнинг пойгада қолиши “ўйламай амалга оширилган авантюра” дея баёнот беришига туртки берган. Байденнинг ўзи дебатдаги муваффақиятсиз чиқишини халқаро парвозлар туфайли ҳорғинлик билан изоҳлаган.

Дебатдан кейин демократлар партиясининг бир неча ҳомийси, агар Байден пойгани тарк этмайдиган бўлса, кампания учун маблағ ажратишни бас қилишлари ҳақида огоҳлантиришган.

Байденни президентлик пойгасида иштирок этишдан бош тортишга Конгрессдаги демократлардан олти нафари чақирган (Намояндалар палатасидаги Вашингтон, Техас, Аризона, Иллинойс, Массачусетс ва Миннесота штатларидан бўлган депутатлар). Аввалроқ биринчи сенатор-демократ Майкл Беннет ҳам Байденга шу каби чақириқ билан чиққан. Беннетга кўра, бундай вазиятда пойгани тарк этиш мамлакат келажагига дахлдор ахлоқий танловдир.

Сенатдаги кўпчилик лидери Чак Шумер хусусий суҳбатда Байдендан бошқа демократлар партиясидан ҳар қандай номзод учун очиқлигига ишора қилган.

“Демократия ва миллат келажаги учун” қайта сайланишдан бош тортиш чақириғи билан Байденга бизнес ва фуқаровий жамият лидерлари ҳам мурожаат қилишган. Мазкур мактуб остига ҳозиргача демократик кайфиятдаги 168 нафар фаол имзо чеккан — мактуб Оқ уйга етказилганидан кейин ҳам имзолар келишда давом этмоқда, дея қайд этган The Washington Post нашри.

Президент Жо Байденнинг ўзи сайловда иштирок этиш ва унда ғалаба қозониш бўйича қарори қатъий эканини билдириб келмоқда. Оқ уй эса Байденнинг соғлиғига оид хавотирларни аритишга уриняпти.

АҚШда президент сайлови жорий йилнинг 5 ноябрида бўлиб ўтади. Республикачилар партиясидан президентликка номзод собиқ президент Дональд Трамп бўлиши мумкин. Байден номзоди расман демократларнинг август ойида бўлиб ўтадиган қурултойида тасдиқланиши лозим.

Аудиторияси минг кишидан ошган блогерлар ўзи ҳақида "Роскомнадзор"га маълумот топшириши лозим бўлади

Эркин Интернет учун Россияда ўтказилган акциядан лавҳа (архив сурати)
Эркин Интернет учун Россияда ўтказилган акциядан лавҳа (архив сурати)

Ижтимоий тармоқлардаги аккаунти кунига мингдан зиёд киши томонидан кўриладиган шахслар зиммасига ўзи ҳақида Россиянинг Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар устидан назорат бўйича федерал хизматига (“Роскомнадзор”) маълумот топшириш мажбурияти юклатилади. Бу ҳақда ТАСС агентлиги “Роскомнадзор”дан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Федерал хизмат ҳатто кичик аудиторияга эга бўлган блогерларни ҳам ўз исм-фамилиялари ва алоқа учун маълумотларни тақдим этишга мажбур қилувчи ташаббус билан чиққан.

Бу рўйхатга олиш эмас, балки аккаунт эгаси ахборот тарқатиш билан шуғулланаётгани ҳақида регуляторни хабардор қилишдир”, дея изоҳ беришган “Роскомнадзор” вакиллари.

Мазкур ташаббус билан ширкатларга ўзи ҳақида “Роскомнадзор”га маълумот тақдим этмаган блогерлар саҳифаларига реклама беришни тақиқлаш таклиф қилинмоқда.

Россия расмийлари ўзлари учун номақбул бўлган ахборотни тарқатувчи сайтларни блоклаш ва уларга жарима солиш орқали интернетнинг рус сегментини бошқаришга анчадан буён уриниб келишмоқда. Бундай ахборотни олиш учун фойдаланувчилар VPN-хизматларни ишга солмоқдалар, бироқ россиялик мулозимлар уларни ҳам блокировка қилиб келишяпти.

НАТО саммитида Киевни дастаклашга оид декларация қабул қилинди

Вашингтонда ўтаётган НАТО мамлакатлари саммитида 10 июль куни Украина Шимолий Альянсга аъзолик бўйича “қайтмас йўл”да экани урғуланган декларация қабул қилинди.

Россия босқинига қарши курашаётган Украинани қўллаш НАТОга аъзо 32 мамлакат вакиллари томонидан муҳокама қилинаётган асосий масалалардан бири бўлиб ҳисобланади.

Декларацияда иқтисодий ислоҳотлар ва демократик ўзгаришлар соҳасида Украина томонидан эришилган илгарилаш олқишланган, бу ислоҳотлар НАТОга кириш учун дастлабки шартлар бўлиб ҳисобланади.

“Украина ҳаётий аҳамиятга эга бўлган бу ишни давом эттириши баробарида биз НАТОга аъзолик дохил Евроатлантика интеграциясига қайтмас йўлида уни дастаклашда давом этамиз”, дейилган декларацияда.

Шу билан бирга, аъзо мамлакатлар НАТОнинг Вильнюсда ўтган аввалги саммитида бўлгани каби Украинанинг Шимолий Альянсга аъзолик жараёни бошланиши бўйича аниқ бир муддатни белгилашган эмас. Декларацияга мувофиқ, Киев “иттифоқчилар ўртасида келишувга эришилган ва Украина шартларни бажарган пайтда” НАТОга кириш учун таклиф олади.

НАТОга аъзо мамлакатлар Россия босқинига қарши курашда Украинага ёрдам бериш бўйича ниятлари қатъий эканини тасдиқлашган.

Декларацияда НАТО мамлакатлари Украина урушида Россияни дастаклашдаги “ҳал қилувчи” роль ўйнаган Хитойни илк бор танқид қилишиб, ундан Россия ҳарбий-саноат мажмуасининг ишлаб туриши учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган технологиялар ва “қурол-аслаҳа учун компонентлар” етказиб беришни тўхтатишни талаб қилишган. “Хитой Европа тарихида сўнгги пайтдаги энг кўламли урушни ўз манфаатлари ва обрў-эътибори учун салбий оқибатларсиз дастаклаши мумкин эмас”, дея огоҳлантирган НАТО.

Саммитда АҚШ президенти Жо Байден ҳам Украинани дастаклаб, нутқ сўзлаган.

“Биз Путиннинг Украинада тўхтаб қолмаслигини биламиз. Аммо хато фикрга бормаслик лозим – Украина бу ишни уддалай олади ва у Путинни тўхтатиб қолади. Айниқса бизнинг тўлиқ жамоавий ёрдамимиз билан”, дея таъкидлаган Жо Байден.

У НАТО кейинги йил давомида Россия ракета ҳужумларидан ҳимояланиш учун Украинага яна бешта Patriot ҳаводан мудофаа мажмуасини тақдим этишини билдирган. Бундан ташқари, Украинага қўшимча ўнлаб яқин масофали тактик зенит батареялари етказиб берилади.

Байден Россия ўз ҳарбий потенциалини Хитой, Шимолий Корея ва Эрон ёрдамида кучайтираётганини ҳамда НАТО мамлакатлари ўз иттифоқлари кучсизроқ бўлиб қолишига йўл қўймасликлари кераклигини ҳам эслатган.

“Шу тариқа НАТО ўзининг ишлаб чиқариш базасини мустаҳкамлаши лозим”, дея хулоса қилган Байден. У ўз маъмурияти АҚШ ҳарбий саноатини ривожлантириш учун 35 миллиард доллар маблағ ётқизганини эслатб ўтган.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг саммитда яна бир бор Шимолий Альянс Украинани оғишмай дастаклашини тасдиқлаган.

Украина дастаклаш хайрия тадбири эмас. У бизнинг ўз хавфсизлигимиз учун амалга оширилмоқда”, деган Столтенберг.

Қирғизистон: Президент жиянининг қайлиғи ҳибсга олинди

Лаззат Нуркожоева.
Лаззат Нуркожоева.

Бишкекнинг Биринчи май тумани суди Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг жияни Лаззат Нуркожоеванинг қайлиғини қамоққа олдирди. Бу ҳақда Озодликка суд матбуот хизмати маълум қилган.

Айтилишича, Афтандил Сабирбековга нисбатан мазкур қарор 6 июлда қабул қилинган бўлиб, у жуда кўп миқдордаги гиёҳванд моддаларни сотиш мақсадида ноқонуний тайёрлашда (Қирғизистон ЖКнинг 282-моддаси 3-қисми) айбланмоқда. Айби исботланган тақдирда у мол-мулки мусодара қилиниб, 12 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Президентнинг матбуот котиби Аскат Алагозов воқеага изоҳ бераркан, йигитнинг асосий мақсади “ўз ноқонуний фаолиятини ҳимоя қилиш учун ҳукумат ичидан одам (“ҳомий”) топиш бўлган”, деб ўйлаш учун барча асослар мавжудлигини айтган.

Нуркожоеванинг қайлиғи июн ойи охирларида қизнинг қўлини сўраш маросимини тоғда дабдаба билан ўтказгани ва ҳатто бунинг учун Қирғизистон ФВВ вертолётини ижарага олгани ортидан тилга тушган.

Қўл сўраш маросими видеоси интернетда шов-шув бўлганидан сўнг унга президент Садир Жапаровнинг ўзи муносабат билдирган. “Кабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида президент давлат раҳбарининг яқин қариндошлари одобда барчага намуна бўлишлари кераклигини айтган ва жиянининг хатти-ҳаракатлари учун фуқаролардан узр сўраган.

Лаззат Нуркожоева Садир Жапаровга жиян бўлади. Қизнинг отаси Давлатбек мамлакат президентининг кенжа укасидир.

Иттифоқчилар Украинага яна бешта ҲҲМ тизимини етказиб беради

АҚШ ҳамда НАТО бўйича иттифоқчилар Украинага қўшимча бешта ҲҲМ тизимини етказиб беради. АҚШ президенти Жо Байден, Нидерландия бош вазири Дик Шуф, Германия канцлери Олаф Шолц, Италия бош вазири Жоржия Мелони ҳамда Руминия президенти Клаус Йоҳаннис бу ҳақда қўшма баёнот билан чиқди.

“Бугун биз жамоавий тартибда Украинага қўшимча стратегик ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини, жумладан АҚШ, Германия ва Руминия томонидан совға қилинган қўшимча Patriot батареяларини, Нидерландия ва бошқа ҳамкорлар томонидан совға қилинган Patriot бутловчи қисмларини, шунингдек яна битта қўшимча Patriot батареяси ва Италия совға қилган SAMP-T тизимини тақдим этамиз. Ушбу бешта стратегик ҲҲМ тизимлари Украина шаҳарлари, тинч аҳолиси ва ҳарбийларини ҳимоя қилишга ёрдам беради”, дея баёнотдан иқтибос келтирган “Америка овози”.

Бундан ташқари, яқин ойларда АҚШ ва иттифоқчилари Украинага NASAMS, HAWK, IRIS T-SLM, IRIS T-SLS ва Gepard каби ўнлаб тактик ҲҲМ тизимларини етказиб беради. Канада, Норвегия, Испания ва Буюк Британия учириш қурилмаларини тақдим этишда давом этади, бошқа иттифоқчилар эса ушбу тизимларни ракеталар билан таъминлашга кўмаклашади.

Шунингдек, баёнотга кўра, иттифоқчилар Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлашга 1 млрд доллардан кўпроқ маблағ ажратиш мажбуриятини олганлар.

Қозоғистонда Россия иштирокисиз ҳарбий машқлар ўтказилмоқда

Манғистаудаги “Бирлашув-2024” ҳарбий машқларидан лавҳа (Қозоғистон Мудофаа вазирлиги фотоси)
Манғистаудаги “Бирлашув-2024” ҳарбий машқларидан лавҳа (Қозоғистон Мудофаа вазирлиги фотоси)

Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида 8 июлдан 17 июлгача Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийларининг ҳарбий машқлари ўтказилади. “Бирлашув-2024” деб номланган ҳарбий машқлар Оймаш полигонида – Тўқмақ бурнидан икки километр наридаги денгиз акваториясида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати Қозоғистон Мудофаа вазирлигидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Вазирлик қайдича, ҳарбий машқларда 4 минг чоғли ҳарбий ҳамда 700 га яқин ҳарбий техника воситалари қатнашади.

“Тактик машқлар қуруқликдаги ва ҳаво разведкаси гуруҳлари, ҳарбий-денгиз махсус отрядлари, жабҳа авиацияси экипажлари, жанговар кема ва қайиқлар, артиллерия разведка гуруҳлари, ҳужумчи ва танк қисмлари иштирокида бўлиб ўтади”, дея маълум қилишган Мудофаа вазирлиги вакиллари.

МДҲга кирувчи беш давлат – Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва Тожикистон шу йилнинг апрель ойида Россия ва Эрон иштирокисиз ҳарбий машқлар ўтказишга келишишган эди. Бунгача Қозоғистон армияси Оймаш полигонида россиялик ва ўзбекистонлик ҳарбийлар билан машқлар ўтказган.

Таҳлилчилар Марказий Осиё мамлакатлари бу гал ҳарбий машқларни Озарбайжон билан биргаликда ўтказишига алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Хорижий нашрлар бу машқ лагери Москвада хавотир уйғотгани ҳақида хабар қилишган. Россия нашрлари эса ҳудудлари Каспий денгизига туташган Россия ва Эрон бу машқларга иштирокчи сифатида бўлмаса-да, ҳеч бўлмаганда “кузатувчи” ўлароқ таклиф қилиниши керак эди, деб ёзишган.

Марказий Осиё бўйича таҳлилий мақолалар ёзиш билан шуғулланиб келувчи журналист Брюс Панниер Европада чиқадиган BNE Intellinews нашрида чоп этилмиш мақоласида “Бирлашув-2024” ҳарбий машқларида иштирок этаётган мамлакатлар умумий бўлган хавфсизлик муаммоларини Россия, Хитой, Эрон каби катта давлатлар ёрдамисиз ҳал қилиш учун ўзаро ҳамкорликни маъқул кўраётганлари ҳақида ёзган.

Европа Иттифоқи Грузиянинг интеграция жараёнини тўхтатиб қўйди

Павел Герчинский
Павел Герчинский

Европа Иттифоқи Грузиянинг интеграция жараёнини тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда Грузиянинг ЕИдаги элчиси Павел Герчинский Европа Иттифоқининг кенгайишига оид Тбилисида бўлиб ўтган халқаро конференцияда қилган чиқиши чоғида билдирди.

Элчига кўра, амалдаги Грузия ҳукуматининг нияти Европа Иттифоқи лидерлари учун мужмал бўлиб турибди. У “Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонунни бошқа ютуқлар манзарасида ортга қадам, деб атади.

“Шунингдек, аксилғарб, аксилевропа риторикаси Европа Иттифоқига кириш бўйича ирод этилаётган мақсадлар билан мутлақо номувофиқдир”, дея қўшимча қилди Герчинский интеграция жараёнининг тўхтатиб қўйилишини “кишини қайғуга ботирувчи ва юракни эзувчи” деб атар экан.

Элчига кўра, Европа Иттифоқи Грузия мудофаасини дастаклаш учун ажратилган 30 миллион еврони музлатиб қўйишга улгурган – ва “бу биринчи қадам, холос”.

Герчинский Грузиянинг ЕИга аъзо бўлиши бўйича ишлар мамлакатда 2024 йил октябрида бўлиб ўтадиган парламент сайловидан кейин қайта бошланишига умид билдирди.

Россияда мигрантларни бадарға қилиш бўйича моддалар кўпаяди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россия Ички ишлар вазирлиги хорижликларни мамлакатдан бадарға қилиш бўйича Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексига яна 20 та модда киритишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, хорижликлар Россия ҳудудида йилига 235 мингга яқин маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишади.

Вазирлик маъмурий кодексга киритишни таклиф қилаётган 20 та модданинг аксарияти жамоат тартиби ва хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқларни муҳофаза қилишга, шу жумладан экстремизм кўринишларига қарши курашишга қаратилган.

Бу хорижлик фуқароларнинг Россиядан мажбуран чиқариб ташлаш тезкорлигини оширишга имкон беради”, дейилган хабарномада.

ИИВ маълумотларига кўра, мигрантларга нисбатан маъмурий баённомаларнинг катта қисми жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартиботга хавф солиниши бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар учун тузилган.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида маъмурий жазолашнинг превентив функциясини кучайтириш мақсадида миграция тартиб-қоидаларини бузган жисмоний шахслар учун маъмурий жарималар миқдорини ошириш ҳам кўзда тутилмоқда.

Россияда ноқонуний миграцияга қарши кураш Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”да март ойида содир этилган теракт ортидан кучайиб кетган. Россиялик расмийлар мазкур террор хуружининг амалга оширилишида бир неча тожикистонлик гумонлашмоқда.

Россияда мигрантларга қарши кайфият кучайиши манзарасида ўзбекистонликлар дохил Марказий Осиёдан бўлган меҳнат муҳожирлари мамлакат ҳудудига киришда узоқ муддатли текширувлардан ўтаётган ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Шимолий Осетияда муслималарга ниқоб тақиқига риоя этиш тавсия қилинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Шимолий Осетия мусулмонлари диний бошқармаси минтақа муслималарига вақтинчалик ниқоб тақиб юришдан воз кечишни тавсия қилди. Бу ҳақда ТАСС агентлигига республика муфтийсининг ўринбосари Ибрагим Дзагуров билдирган.

“Шимолий Кавказ мусулмонлари мувофиқлаштирувчи маркази томонидан ниқобни тақиқлаш бўйича қабул қилинган қарорга мувофиқ, биз ҳам Шимолий Осетия республикасида бу қарорга риоя қилишни тавсия қиламиз”, деган Дзагуров.

Мулозим мамлакатда амалда бўлган эътиқод эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисидаги қонун туфайли ниқобга нисбатан тўла тақиқ жорий қилиш мумкин эмаслигини қайд этган.

Аввалроқ Доғистон ва Қорачой-Черкесия муфтиятлари томонидан “минтақада тўла тинчлик ва осойишталик” ўрнатилгунига қадар ниқобга вақтинчалик тақиқ киритилган эди.

Маҳачқалъа ва Дарбанддаги ҳужумлар ортидан Россияда ниқоб тақиқига оид муҳокамалар бошланган пайтда Москва жомеъ масжиди бош имоми Илдар Аляутдинов ниқобни тақиқлаш Россия жамиятида тарангликка олиб келиши мумкинлигини билдирган.

Россиянинг Киевга зарбаси БМТ Хавфсизлик кенгашида кўрилади

Россия зарбаси ортидан Киевда олиб борилган қутқарув ишларидан лавҳа, 2024 йил 8 июли
Россия зарбаси ортидан Киевда олиб борилган қутқарув ишларидан лавҳа, 2024 йил 8 июли

БМТ Хавфсизлик кенгаши 9 июль куни Киевдаги болалар касалхонасига Россия томонидан берилган ракета зарбалари оқибатлари масаласини кўриб чиқади. Бу ҳақда Reuters агентлигига дипломатик манбалар маълум қилишган.

Россия 8 июль куни Киевдаги болалар касалхонасига ва Украинанинг бошқа шаҳарларига ракеталар отган. Бу ялпи зарбалар натижасида қурбон бўлган тинч аҳоли вакиллари сони, Украина президенти Владимир Зеленскийга кўра, 37 нафарга етган. Қурбонларнинг уч нафари болалардир. 13 бола дохил яна 170 киши тан жароҳати олган.

“Умумий ҳисобда қарийб 100 та объектга: болалар касалхонаси, оддий уйлар, боғчалар, туғруқхона, коллеж, бизнес-марказга шикаст етган”, деган Зеленский ракета зарбасига нишон бўлган жойларда ишлар олиб борилаётганини қўшимча қилган.

Душанба куни россиялик ҳарбийлар Украинага қарата турли русумдаги қирққа яқин ракета отишган. Киев, Днепр, Кривой Рог, Покровск, Славянск ва Краматорск каби шаҳарлар ҳужумга учраган. Бу ҳужумлар қурбонлар сони бўйича 2024 йилдаги энг қонли ҳужум бўлган.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Россия зарбаларини кескин қоралаган. У болалар касалхонасига ва соғлиқни сақлаш тизимининг яна бир объектига берилган ракета зарбасини “айниқса шокка туширувчи” деб атаган. Бу ҳақда бош котиб вакили Стефан Дужаррич маълум қилган.

Тинч аҳолига ва фуқаровий объектлар бўйлаб зарбалар берилиши халқаро гуманитар ҳуқуқ билан тақиқланган. Бу каби ҳужумларнинг ҳар қанақасига йўл қўйиб бўлмайди ва улар зудлик билан тўхтатилиши лозим”, дея билдирган Гутерриш вакили.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг мажлиси сешанба куни эрталаб Буюк Британия, Франция, Эквадор, Словения ва АҚШ талабига кўра чақирилади.

Биз Россиянинг касалхонага қарата қўрқоқларча ҳужумини қоралаймиз”, дея билдирган Британиянинг БМТдаги доимий вакили Барбара Вудворд Х тармоғидаги саҳифасида қолдирган постида.

Россия Мудофаа вазирлиги қўшинлар зарбаларни Украинанинг мудофаа саноати объектлари ва учоқлар турган жойларга берганини билдирган. Вазирлик тинч аҳоли ўққа тутилганига оид айбловларни рад этган.

Шунга қарамай, 2022 йил февралида бошлаган босқиндан буён Россия қўшинлари томонидан кўп минглаб тинч аҳоли вакили ўлдирилган”, дея урғулаган Reuters агентлиги.

Макрон бош вазир Атталь истеъфосини қабул қилмади

Габриэль Атталь
Габриэль Атталь

Франция президенти Эммануэль Макрон мамлакат бош вазири Габриэль Атталнинг истеъфосини қабул қилгани йўқ.

Макрон Атталдан парламент сайловидан кейин “мамлакатда барқарорликни таъминлаш” учун ва июль ойи охирида очилажак Олимпиада олдидан ўз лавозимида вақтинча қолишни сўраган.

Парламент сайловининг 7 июль куни бўлиб ўтган иккинчи босқичи якунига кўра, Макрон тарафдорларидан иборат “Республика учун биргаликда” коалицияси (бу коалиция ядросини Макрон ва Атталь партияси бўлиб ҳисобланади) 168 та ўрин олиб, иккинчи ўринни эгаллаган.

Биринчи ўринни 182 та ўринни эгаллаган “Янги халқ жабҳаси” деб номланган сўл партиялар коалицияси эгаллаган. Учинчи ўрин 143 та ўрин билан ўта ўнгчи “Миллий бирлашув” коалициясига насиб этган. Мазкур ҳолат, Associated Press агентлигининг ёзишича, “ҳукуматни шакллантириш учун йўл” қолдирмаган.

Аввалроқ Атталь истеъфога кетиш ниятини эълон қила туриб, Парижда бўлиб ўтиши ва миллионлар томошабин келиши кутилаётган Олимпиадани эътиборга олган ҳолда, қанча керак бўлса, шунча вақт бош вазир бўлиб туришга тайёрлигини қайд этган эди. Атталь Франция бош вазири лавозимига 2024 йил январида тайинланган эди.

Франциядаги муддатидан илгари парламент сайловиўз ўнгчиларнинг мамлакатда жорий йилнинг июн ойи бошида ўтказилган Европарламент сайловидаги муваффақияти ортидан белгиланган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG