Линклар

Шошилинч хабар
15 июн 2025, Тошкент вақти: 05:15

Тожик расмийси Қирғизистон воқеалари учун Тошкентни айблади


Имомали Раҳмоннинг Роғун ГЭСи қуриш режаси кейинги йил давомида Тошкент ва Душанбе ўртасидаги кескинлик янада ошишига сабаб бўлди.
Имомали Раҳмоннинг Роғун ГЭСи қуриш режаси кейинги йил давомида Тошкент ва Душанбе ўртасидаги кескинлик янада ошишига сабаб бўлди.

“Марказий Осиёда лидерликни даъво қиладиган давлатнинг ўзи йўқ. Қирғизистон воқеаларидан сўнг буюк давлатлар шундай лидерликни даъво қилиб келган Ўзбекистон ва Қозоғистонни жойига ўтирғизди ва минтақада ким хўжайин эканини уларга кўрсатиб қўйди”.



15 июл куни кўп сонли журналистлар ҳузурида сўзлаган Тожикистон ҳукумат расмийси Суҳроб Шарипов шундай баёнот берди.

Одатда Душанбе раҳбарлари қарашларини ифодаловчи Тожикистон президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар маркази раиси Суҳроб Шарипов сўнгги ойлар Қирғизистонда содир бўлган воқеаларнинг мақсади нафақат Марказий Осиёни портлатиш, балки “Ўзбекистон ва Қозоғистон каби минтақа мамлакатларининг попугини пасайтириш” эди дея мулоҳаза юритади.

- Қирғизистон воқеаларидан сўнг биз минтақада лидерликни даъво қиладиган давлатнинг ўзи йўқлигини кўрдик. Чунки улар Қирғизистон тўполони каби тўполонларни бостиришга қодир эмаслар. Буюк давлатлар Қозоғистон ва Ўзбекистонни жойига ўтирғизди ва уларга минтақада ким хўжайин эканини кўрсатиб қўйди, деди журналистлар ҳузурида сўзлаган тожик расмийси Суҳроб Шарипов.

Унингча, минтақа давлатлари, хусусан Ўзбекистон ва Қозоғистон Қирғизистондаги каби воқеалар олдини ола оладиган Марказий Осиё доирасида интеграцион тизим ташкил топтириш борасида ўйлаб кўришлари лозим.

- Буни уддалай оламизми, йўқми¸ бу жумбоқ. Биринчи навбатда¸ Қозоғистон ва Ўзбекистон ана шундай ташкилотнинг тузилишини рағбатлантириши лозим. Чунки минтақа манфаатларини кўзлаган бундай интеграцион тизим орқали барча масалаларни келишган ва прагматик тарзда ҳал қилиши мумкин, дер экан Тожикистон ҳукумат расмийси, акс ҳолда Қирғизистон воқеалари минтақада такрорланмаслигини ҳеч ким кафолатлай олмаслигини қистириб ўтди.


Ўзбекистон қўшниларига муносабатини ўзгартирсин!

Тожикистон президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар марказ расмийси Суҳроб Шарипов ўз давлатининг бошқа давлатларга зарба берадиган бирорта махфий режаси йўқлигини уқтирди.

- Тожикистонда ҳеч қандай махфий стратегия йўқ. Бизнинг ягона мақсадимиз қашшоқлик домидан қутилиш. Бизда республикани шу ҳолатдан чиқариш яъни қашшоқликни тугатиш стратегияси ва миллий тараққиёт стратегияси мавжуд, холос деди Шарипов.

Стратегик тадқиқотлар маркази расмийси Ўзбекистон томонининг Тожикистонга жорий муносабати сўнгги олти ой давомида иқтисодий тарангликлар келтириб чиқараётганини гапира туриб Ўзбекистоннинг Тожикистондаги гидроэнергетик иншоотлар лойиҳаларга кўрсатаëтган қаршилиги, тожик юк вагонларини ўз ҳудудида сабабсиз ушлаб қолаётгани, ўзаро чегараларни бир томонлама миналаштириш каби муаммоларни мисол келтирди .

Тожикистонлик сиёсатшунос Шарипов, Ўзбекистон Қирғизистон воқеаларидан тўғри хулоса чиқариши лозимлигини таъкидлар экан, “ўзбек сиёсий элитаси Ўзбекистон ва ўзбек халқи манфаатларини ўйлайдиган бўлса, Тожикистон билан конструктив мулоқот бошлаши зарур” деб айтди.

Матбуот анжумани давомида тожик мулозими икки қўшни давлат алоқаларидаги кескинликни юмшатиш, ҳеч бўлмаганда прагматик ва конструктив муносабатлар ўрнатиш учун музокара столига ўтириш таклифини ўртага ташлади.

Аммо , деди у, бунга ҳар иккала томон рози бўлиши керак.

- Бу жараён икки томонлама хусусиятга эгадир. Биз бошқа томонни музокара столига ўтириш ва қандайдир муаммоларни ҳал қилишга мажбур қила олмаймиз. Аммо шунга қарамай икки давлат алоқаларини тиклаш учун барча кучлар ишга солиниши лозим деб биламан, деди Шарипов.

Тожикистон расмийси фикрича, ”Ўзбекистон ҳукумати қўшни давлатлар билан алоқалари борасида жиддийроқ ўйлаб кўриши ва улар билан муносабатлари оҳангини жиддий ўзгартириши лозим”.

Чунки “Қирғизистондаги қонли воқеаларнинг омилларидан бири Ўзбекистон ҳукуматининг қўшни мамлакатларга бўлган бугунги сиёсатидир” деди тожик мулозими Сухроб Шарипов.

Айни пайтда расмий Тошкент ва Қозоғистон тожик расмийсининг айтганларига ҳеч қандай муносабат билдирмади.

- Булар мутлақо асосланмаган пуч фикрлар. Унга расмий муносабат билдириб икки томон муносабатларини кескинлаштирмоқчи эмасмиз. Ўзбекистон ва Тожикистон алоқалари, икки томон ўзаро ҳамкорликлари борасида давлатларимизнинг олий мартабадаги учрашувларида келишиб олинмоқда. Бу атрофда керакли тадбирлар ҳам йўлга қўйилган. Суҳроб Шарипов биз учун шунчаки оддий таҳлилчи ва биз бундай фикрлар атрофидаги баҳсдан тийиламиз, дея билдирди Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси расмийси Зафаржон Раҳимжонов Озодлик билан ўзаро суҳбатда.

Қозоғистоннинг Тожикистондаги элчихонаси масъуллари ҳам айни маънода фикр билдирди.


Тожикистонда ҳамма ëқ тинч...

Яна тожикистонлик сиёсий таҳлилчи Суҳроб Шариповнинг матбуот анжуманида айтганларига қайтадиган бўлсак¸ у Тожикистонда барқарорлик устувор эканини ва уни издан чиқарадиган кучнинг ўзи йўқлигини ҳам гап орасида қистириб ўтди.

Унга кўра, кейинги пайтлар бир қатор интернет сайтларда Тожикистон хавфсизлиги таҳдид остида эканига оид ёйинлаётган хабарларда асос йўқ ва Тожикистондаги куч ишлатар тизимлар давлат миллий хавфсизлиги масаласини жуда ҳушёрлик билан кузатиб турибди.

Бироқ 15 июн куни иш сафари билан Душанбега келган АҚШ президентининг Россия ва Евросиё бўйича бош маслаҳатчиси Майкл МакФол Тожик президенти Имомали Раҳмон билан мулоқоти давомида Тожикистондаги барқарорликка таҳдидлар атрофида баҳслашганини билдирди.

Лекин Майкл МакФол Тожикистонга нисбатан қандай таҳдидлар мавжудлиги борасида тўлиқ изоҳдан тийилишини маълум қилди.

Шунингдек у, АҚШ президенти Барака Обама Марказий Осиёдаги вазъиятдан ташвишдалигини очиқлади.
XS
SM
MD
LG