Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:22

Тожикистонда собиқ вазир қамоққа ўтказилади


Собиқ ички ишлар вазири Ёқуб Салимов 2005 йилда Тожикистон Олий суди қарори билан 15 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
Собиқ ички ишлар вазири Ёқуб Салимов 2005 йилда Тожикистон Олий суди қарори билан 15 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Яқин кунларда Тожикистон собиқ ички ишлар вазири Ёқуб Салимов мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитасига қарашли вақтинчалик сақлаш изоляторидан республика қамоқхоналарининг бирига ўтказилади.

Бу ҳақда Тожикистон Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Абдуманнон Холиқовнинг билдирди.

- Айни пайтда тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда. Ёқуб Салимовнинг қамоққа ўтказилиши масаласи албатта ҳал бўлади, деди Адлия вазирлиги расмийси Холиқов.

Ёқуб Салимов мамлакат ички ишлар вазири курсисига 1992 йили ўтирганди. 1995 йили эса у Тожикистоннинг Туркиядаги элчиси этиб тайинланди.

Аммо кўп ўтмай Салимов Тожикистонга қайтди ва бу мамлакат Божхона қўмитаси раиси вазифасини бажара бошлади.

1997 йилда эса у исёнчи полковник, ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида яшириниб юргани айтилаётган Маҳмуд Худойбердиевга Хўжандда давлат кучларига қарши қуролли тўқнашув уюштиришга кўмаклашганликда айблангач, мамлакатни тарк этди.

Шундан сўнг у Тожикистонда зўрлик билан давлат тўнтариш уюштиришга уринганлик, ноқонуний қурол сақлаганлик ва қуролли гуруҳ тузганликда айбланиб, халқаро қидирувга берилди.

2003 йилда Ёқуб Салимов Москвада қўлга олинди ва кўп ўтмай Тожикистонга экстрадиция қилинди.

2005 йили эса у Тожикистон Олий суд ҳукми билан 15 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Тожикистон қонунларига мувофиқ, судланувчи устидан ҳукм ўқиб эшиттирилгач, ўн кун давомида у вақтинчалик сақлаш изоляторидан умумий тартибдаги қамоқхоналардан бирига ўтказилиши лозим.

Аммо Ёқуб Салимов ўзининг 5 йиллик умрини Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинчалик сақлаш изоляторида ўтказди.

Ўтган шу беш йил мобайнида собиқ вазирнинг онаси ва яқинлари Тожикистон бош прокуратураси, адлия вазирлиги, омбудсмени ва приезидентига қайта-қайта мурожат қилиб, Ёқуб Салимов билан учрашиб туриш имконига эга бўлиш учун уни умумий режимдаги қамоқхонага ўтказишни талаб қилиб келишди. Лекин ҳар гал уларнинг талаблари эътиборсиз қолдирилади.

Аммо бугунга келиб собиқ вазир Салимов қамоқхонага ўтказилар экан, бу унинг яқинлари сўрови билан амалга оширилмоқдами ёки мамлакат куч ишлатар тизим расмийлари қарорими – бу бўйича бирор изоҳ берилмаяпти.

Гарчи ҳукумат расмийлари мамлакат зиндонларида сиёсий маҳбус йўқлигини даъво қилиб келса-да, айрим сиёсий доиралар ва таҳлилчилар Ёқуб Салимов сиёсий маҳбус эканини такрорлашда давом этаяптилар.

Мустақил таҳлилчи Жалолиддин Маҳмудов фикрича, Ёқуб Салимов Имомали Раҳмоннинг душманлари саналган Абдумалик Абдулложонов ва Маҳмуд Худойбердиевлар билан алоқада бўлгани сабабли у ташқи оламдан изоляция қилиниб, миллий хавфсизликнинг вақтинчалик сақлаш изоляторида тутиб турилган.

- Ёқуб Салимов собиқ лидерлар Маҳмадрўзи Искандаров ва Ғаффор Мирзоев кабилардан фарқли ўлароқ хорижда ҳам танилган ва ўз тарафдорларига эгалиги билан ҳукуматни чўчитиб қўйган эди. Аммо бугун халқаро ташкилотлар, ҳуқуқ ҳимоячилари босими остида қолган Тожикистон ҳукумати иложсиз қолди ва уни қамоқхонага ўтказишга мажбур бўлмоқда, дейди мустақил таҳлилчи.

Бошқа тарафдан, яна бир таҳлилчи Зафар Қурбонов фикрича, Ёқуб Салимов шу муддат ичида анча сиҳатини йўқотган ва ҳатто айрим хабарларга кўра, у руҳий хасталикка чалинган.

- Шуни назарга олган ҳолда, ҳукуматнинг ҳам Ёқуб Салимов қайта бош кўтариши мумкинлигига оид хавотирлари сўнди ва бугун шундай қарорга келинди, дейди мустақил таҳлилчи Зафар Қурбонов.
XS
SM
MD
LG