Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:59

Тожикистон Таълим вазирлиги – энг коррупциялашган вазирлик


Тожикистон олийгоҳларида таҳсил олувчи талабалар синов ва имтиҳонлар чоғида айрим фанлардан пора эвазига баҳо олишдан бошқа чоралари йўқлигини яширмайдилар.
Тожикистон олийгоҳларида таҳсил олувчи талабалар синов ва имтиҳонлар чоғида айрим фанлардан пора эвазига баҳо олишдан бошқа чоралари йўқлигини яширмайдилар.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги масъулларининг маълум қилишича, ўтган ярим йил ичида мамлакат Таълим вазирлиги ҳукуматнинг энг коррупциялашган идораси ўлароқ тан олинган.

- Олийгоҳ ўқитувчилари йилдан-йилга ставкаларини ошириб бораяптилар. Порахўрликда айбланиб қўлга олинган 36 педагогдан 7 нафари олийгоҳлар домлалари, декани ва декан ўринбосари. Улар орасида абитурентдан 20 минг АҚШ доллари миқдорида пора олган Тожикистон Тиббиёт университети ўқитувчиси ҳам бор, дер экан порахўрликка қарши кураш идора расмийси Саидов тергов жараёнига салбий таъсир этмаслиги учун ҳибсга олинганларнинг номини ошкор қилмади.

Фаттоҳ Саидов ўз идораси мамлакатда порахўрликка қарши жиддий курашаётганига қарамай, давлат ходимлари орасида пора оладиганлар сони аввалги йилларга нисбатан кўпаяётганини ҳам яширмади.

- Ҳатто агентлигимиз ходимлари орасида ҳам пора олганлар бўлиб, мансабини суиистеъмол қилган уч нафар ходимимизнинг иккитаси ишдан ҳайдалди ва яна бир нафари жиноий жавобгарликка тортилди, дея билдирди Фаттоҳ Саидов.

Айтилишича, пора олиб, ишдан бўшатилган мазкур агентлик мансабдор шахсларидан бири Тожикистон бош вазири ўринбосарларидан бирининг куёви экан.

Жаҳон мамлакатларидаги коррупция даражасини таҳлил қиладиган Transparency International ташкилоти шу йил январ ойида ёйинлаган ўз йиллик ҳисоботида Тожикистонни дунёдаги энг коррупциялашган давлатлардан бири, деб эълон қилган эди.

Аммо иқтидордаги ҳукумат расмийлари халқаро ташкилот ҳисоботи ҳақиқатга тўғри келмаслигини такрорлашдан чарчамайдилар.

Айни пайтда мавзу юзасидан суҳбатлашганимиз оддий тожикистонликлар кейинги йилларда мамлакатда порасиз умуман иш битмайдиган бўлиб қолганидан зорланишади.

- Ҳозир фақат пул. Пулингиз бўлмаса, ҳеч ким сўрамаяпти. Бизнинг Ўратепада ҳам ҳамма пул билан иш битираяпти, дейди Сўғд вилоятининг Истаравшан туманида яшовчи Маҳбубахон.

Айни кунларда бошқа республикалардаги сингари Тожикистон олийгоҳларида ҳам кириш имтиҳонлари бошланган.

Рудакий туманида яшовчи Гулжаҳон аянинг ўғли Тожикистон Тиббиёт давлат университетига ҳужжат топширган экан, аммо ая ўғлини ўқишга киритиш учун пора бермоқчи эмас.

- Пора олганга ҳам, берганга ҳам ҳаром. Шунинг учун мен “пора бераман”, деб бировга ваъда бермадим. Ҳаракатида бўлса, билими шунга етса, кириб қолади. Ўтмаса, йигит киши-ку - бир оғиз нонини бирор жойдан топиб ейди, дейди 40 ёшлардаги Гулжаҳон ая.

Қайд этиш ўринлики, Тожикистон олийгоҳларида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистон фуқаролари ҳам таҳсил олади.

Минтақа давлатларидан келиб Тожикистонда таҳсил олаётган талабаларнинг аксариятини ўзбекистонликлар ташкил қилади.

Мавзу юзасидан биз билан микрофонсиз суҳбатлашган ўзбек талабалари тожикистонлик домлалар пора олишда ўзбекистонлик ҳамкасбларидан қолишмаслигини айтишди.

Суҳбатдошларимиздан бири Узун туманида яшовчи Моҳира Тожикистон педагогика университетининг она тили ва адабиёт бўлимида сиртдан таҳсил олар экан. Ўзбекистонлик талаба қиз “тожик тили” предметидан бўлган имтиҳонда давлат тилида яхши жавоб бера олмагани учун домласига маълум миқдорда пул бериб баҳо олганини айтди.

Тожикистон президенти ҳузуридаги коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш давлат агентлиги расмийси Фаттоҳ Саидовнинг билдиришича, Таълим вазирлигидан сўнг порахўрликда илғор идоралар қаторида Тожикистон Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари туради.

Агентлик маълумотларига кўра, ҳар икки вазирлик ходимларига нисбатан жорий йил олти ойи давомида 25 тадан жиноий иш очилган.
XS
SM
MD
LG