Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:41

Халқаро Амнистия Улуғбек Абдусаломов ҳимоясига отланди


Халқаро Амнистия ташкилоти бошқа халқаро ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳам Қирғизистондаги ўзбек фаолларига бўлаëтган тазйиқларни тўхтатишда биргаликда чора кўришга чақирди.
Халқаро Амнистия ташкилоти бошқа халқаро ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳам Қирғизистондаги ўзбек фаолларига бўлаëтган тазйиқларни тўхтатишда биргаликда чора кўришга чақирди.

Халқаро Амнистия ташкилоти халқаро ҳамжамиятни жалолободлик таниқли журналист Улуғбек Абдусаломов ҳимояси учун зудлик билан чора кўришга чақирди. Ўзбек жамоаси фаолларидан бири Улуғбек Абдусаломов Қирғизистон жанубида юзага чиққан зўравонликларнинг илк кунларидаëқ миллий низо қўзғаганлик айби билан ҳибсга олинган эди.


Қароргоҳи Лондонда жойлашган Халқаро Амнистия ташкилоти олти ҳафтадан кўпроқ ҳисбда сақланаëтган Улуғбек Абдусаломовнинг тутқунликдаги аҳволи борасидаги маълумотларни, унинг оила аъзолари, адвокати ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан олаётир¸ дейди ташкилот вакиласи Майси Вейшердинг:

- Биз Улуғбек Абдусаломовнинг зудлик билан ҳеч қандай шартларсиз озод этилишини талаб этмоқдамиз. Бизнинг фикримизча, унинг икки мақоласига асосланиб этник низо қўзғаш ва зўравонликларда иштирок этганлик деган айблар қўйиш асоссиздир. Биз бу иккала мақолани ҳам таҳлил қилиб кўрдик ва хулосамиз шу бўлдики, Улуғбек ўзининг миллий мансублиги ва ҳақли равишда изҳор этган фикрлари боис ҳибсга олинган. Унинг май ойида Жалолободда уюштирилган зўравонликларга алоқадорлиги борасидаги айбловлар куракда турмайди. Чунки май ойида Улуғбек Бишкекда бўлган эди, дейди Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси.

Ўзбек тилида 5000 нусхада чоп этилган “Дийдор” газетасининг бош муҳаррири Улуғбек Абдусаломов шу йилнинг 10-11 июн кунлари Ўшда рўй берган қирғиндан сўнг ҳибсга олинган эди.

“Дийдор” газетасининг маркетинг бўлими бошлиғи Шокиржон Ҳамробоев Улуғбек Абдусаломовнинг зўравонликларга алоқаси борлиги ҳақидаги айбловни "қуруқ туҳмат" дея атайди:

- Мен битта нарсага ҳайрон қоламан. Конституцион кенгаш аъзоси эди Улуғбек Абдусаломов. Бир ой ўша комиссияда юриб конституцияни ўзбек тилига таржима қилди. Уни газетада бердик. Алоҳида брошюра қилиб чиқариб тарқатдик БМТ Тараққиëт дастури ëрдами билан. Кенгаш тугагандан кейин мана бунақа ишлар бўлиб кетди. Ҳозир ушланганларнинг ҳаммаси чиқиб кетди. Битта ўша Улуғбекни ушлаб турибди, дейди журналистнинг ҳамкасби Шокиржон Ҳамробоев.

Қирғиз миллатчиларининг ўзбекларни камситиб ва ҳақорат қилиб ëзган мақолаларига қарши эълон қилган мақолалари ва Қирғизистон янги конституциясини ўзбек тилига таржима қилиш жараëнидаги фаол иштироки билан ҳукуматдаги миллатчи тўдалар қаҳрига учрагани айтилаëтган Улуғбек Абдусаломовнинг тутқунликда саломатлиги унинг яқинлари ва ҳамкасбларини ташвишга солмоқда.

- Доим парҳезда эди¸ дори ичиб турарди. Микроинсультни бошдан кечирганда. Комендантга учрадик¸ губернаторга учрадик¸ ҳамма ташкилотларга учрадик¸ талаб қилинаяпти¸ жавоб йўқ. Халқаро журналистлар¸ Қирғизистон журналистлар союзи ҳам мурожаат қилди. Барибир рухсат йўқ. Мана икки ойдан ошиб кетди, дейди тутқун журналист ҳамкасбларидан Шокиржон Ҳамробоев.

Улуғбек Абдусаломов Қирғизистондаги фаол ўзбек журналистларидан бири бўлиш баробарида Жалолобод вилояти Ўзбек миллий-маданий маркази вице президенти ҳам бўлган.

-У Жалолобод вилояти Ўзбек миллий-маданий марказининг вице президенти. Бу иккинчи лицо деган сўзда. Биринчиси Қодиржонда. Қодиржон Ботиров вилоят Ўзбек миллий-маданий марказининг раиси эди. Яна айни пайтда "Дийдор" газетасининг бош муҳаррири. Чиқиб қолади¸ деган гаплар бор. Шу кунларда ҳаракат бўлаяпти. Биз ишонамиз, дейди ҳибсдаги Улуғбек Абдусаломовнинг ҳамкасби Шокиржон Ҳамробоев.

Озодлик билан суҳбатлашган маҳаллий журналистлардан бирига кўра, Улуғбек Абдусаломовнинг ҳибсга олингани ва ҳеч қандай асоссиз тутқунликда қолаётганлигининг асосий сабаби унинг Ботиржон Қодировга яқинлигидир. "Шу сабаб Ўш ва Жалолобод воқеалари учун барча айбни Қодиржон Ботировга тўнкаëтган ҳукуматдаги айрим гуруҳлар халқаро ҳамжамият қанча ҳаракат қилса-да¸ Улуғбек Абдусаломовни ҳибсдан озод этиш фикридан йироқ; унинг тақдирини маҳаллий куч ишлатар тизимларини назорат қилаëтган ана шу гуруҳлар ҳал қилади", деган фикрда хавфсизлигига таҳдид боис ўз исмини ошкор этишни истамаган маҳаллий журналистлардан бири.

Жалолобод шаҳар Ички ишлар бўлимининг вақтинчалик тергов изоляторида сақланаётган Улуғбек Абдусаломовнинг ҳозирги аҳволи ва унинг кейинги тақдири ҳақида на Жалолобод комендатураси, на Жалолобод прокуратурасидан ахборот олиш имкони бўлди.

23 июн куни Жалолобод вилоят прокуратураси эълон қилган пресс-релизда Ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти ва “Дийдор” газетаси бош муҳаррири Улуғбек Абдусаломов ҳамда Жалолобод шаҳар масжиди имоми Муҳаммаджон Аҳмедовнинг номи тилга олинган ва улар мамлакат жанубида миллатлараро низо қўзғаганликда айбланган эди.

Орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб¸ халқаро ҳамжамият ва халқаро матбуот учун Қирғизистон жанубида ўзбекларга қарши аввалига кенг кўламли қотилликлар¸ улар ортидан эса¸ ўзбеклар ҳақ-ҳуқуқларини топташ¸ асоссиз қамоққа олиб¸ сўнгра катта товон пули эвазига озод қилишлар давом этаëтгани сир бўлмай қолгач¸ Қирғизистон Ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева ўзбекларнинг хавфсизлик кучлари нишонига айланганини тан олишга мажбур бўлди. Аммо ҳозирча Ўтунбаева хонимнинг бундай иқрорлари¸ амалий шаклга кўчмаëтир ва Халқаро Амнистия ташкилоти вакили таъкидича¸ уйдирма айблар билан қамалган бирор ўзбек фаолининг озод қилинишига ëрдам бермаëтир:

- Президент Роза Ўтунбоева кўринишича, инсон ҳуқуқлари масаласига бефарқ бўлмаса ҳам, унинг атрофидаги бошқа ҳукумат аъзолари Улуғбекни ҳибсга олиб инсон ҳуқуқларига зид равишда ҳаракат қилаяпмиз¸ деб ўйламайдилар. Улар Улуғбекнинг ҳибсга олинишини тўғри¸ деб билишади.

Халқаро Амнистия ташкилоти Улуғбек Абдусаломов иши бўйича Бош прокуратурага мурожаат қилиб улардан шундай мазмундаги жавоб олди. Ҳибсдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаров бўйича ҳам айнан шундай жавоб олдик - яъни прокуратура ўз ишида ҳеч қандай ғайри қонуний ҳаракатни кўрмаëтир.

Менимча ҳозир Бишкек қабул қилаётган қарорлар ва бу қарорларнинг жойлардаги Ўш, Жалолободдаги ижроси ўртасида жарлик пайдо бўлди. Бишкекда қанчалик яхши қарор қабул қилинмасин¸ Ўш ва Жалолободда бу қарор ижро этилмайди, дейди Озодлик билан суҳбатда Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси.
XS
SM
MD
LG