Тожикистон Алоқа ва инновацион технологиялар университетининг Таълим вазири Абдужаббор Раҳмоновга нисбатан даъво аризасини мазкур олийгоҳ ректори Садриддин Акрамов ёзиб топширган.
Душанбе шаҳар Шоҳмансур туман судига ариза билан мурожаат қилган Садриддин Акрамовнинг айтишича, Абдужаббор Раҳмонов Тожикистон президенти номига мактуб йўллаб,”Алоқа ва инновацион технологиялар университетида асосан президентга мухолиф кишиларнинг ишлаëтгани ва уларнинг ҳукумат сиёсатига қарши тарғибот ишлари олиб бораётгани”ни даъво қилган.
- Шундай бир мактуб ёзиш ортидан, Таълим вазири ҳеч бир асоссиз бизнинг унверситетимизни давлат қайдидан ўчириб ташлади. Президентга ёзилган хатда битилганларнинг ҳаммаси бизга нисбатан туҳмат ва таҳқирдир. Шуни назарга олган ҳолда¸ Таълим вазирини жиноий жавобгарликка тортишни сўраб, Шоҳмансур судига даъво аризаси билан мурожаат қилдик, дейди университет ректори Садриддин Акрамов.
Ректорга кўра¸ Таълим вазири сўрови асосида университет ишини тафтиш қилган икки ҳукумат аъзосидан иборат комиссия вазир даъвосини қувватлайдиган бирор далил топа олмай қайтиб кетган.
Университет ректори Акрамов¸ ўзи раҳбарлик қилаëтган олийгоҳ ва Таълим вазири билан “совуқ уруш”нинг бир йил аввал бошлангани ва шу муддат ичида Таълим вазирининг бу университетга қўяётган айблардан бирортаси ўз исботини топмаганини билдирди.
Шу боис Тожикистон Алоқа ва инновацион технологиялар университети раҳбари¸ 6 август куни судга топширган аризасида бир йил давомида Таълим вазири томонидан олийгоҳга етказилган моддий ва маънавий зарарлар ҳам ундирилиб берилишини сўраган.
Ўз навбатида Тожикистон Таълим вазири Абдужаббор Раҳмонов¸ Алоқа ва инновацион технологиялар университетининг Тожикистон жорий қонунларига зид фаолият юритаётганини таъкидлайди.
- Қайси судга берса беришсин, ҳаққи бор. Биз бунга қарши эмасмиз. Лекин айтиш лозимки, бу университет Таълим вазирлигига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ва шахсий бизнес учун ташкил топтирилган бир мактабдир. Унга дунёнинг турли бурчагидан турли йўллар билан сармоя киритилади. Менинг ягона талабим¸ бу мактаб ёпилиши лозим, дейди Тожикистон Таълим вазири Абдужаббор Раҳмонов Озодлик билан суҳбатда.
Таълим вазири университет фаолиятини тўхтатишга оид ўз қарорида қатъий эканини айтар экан, бу университетда таҳсил олаётган 2000 нафар студент ўзлари истаган давлат университетга кўчирилишини маълум қилди. “Бу ҳолатда эски шартнома юзасидан тўланган маблағ ҳажми ўзгартирилмайди”, дейди Таълим вазири Раҳмонов.
Аммо ҳозирча тақдири номаълум қолаётган университетда таҳсилни давом эттираётган студентлар ҳам, ота-оналар ҳам университет ўз фаолиятини давом эттириши ва талабалар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояланиши учун охиригача курашишларини айтадилар.
- Бизнинг университетимизда энг малакали домлалар дарс беришади. Боз устига¸ биз халқаро диплом соҳиби бўламиз. Бу маҳаллий олийгоҳлардан шу жиҳати билан устун. Биз университетимиз ёпилмаслиги учун охиригача курашамиз, дейди Алоқа ва инновацион технологиялар хусусий университетининг 3-курс талабаси Ситора.
Ана шундай кайфиятдаги университет студентлари, ўқитувчилар ва ҳатто абитуриентлари Тожикистон президенти ва бир қатор халқаро ташкилотларга мактуб орқали мурожаат қилиб¸ ўз ҳуқуқлари ҳимояланишини сўраган. “Акс ҳолда, деб ёзади тожикистонлик талабалар, эътироз маъносида бошқа университетларда таҳсилни давом эттирмаймиз”.
Тожикистон Алоқа ва инновацион технологиялар университети 2003 йил ташкил топган эди. Айни пайтда мазкур олийгоҳда 2000 нафардан кўп тожикистонлик йигит-қиз таҳсил олаётир.
Таълим вазири билан Алоқа ва инновацион технологиялар университети ўртасида бир йилдан буён давом этган уруш ниҳоят судга кўчиб, олийгоҳ тақдири савол остида қолаётган эса-да, бу университетда ўқиш истагини билдириб ҳужжат топширган ëшлар сонининг камаймагани кузатилади.
Мустақил кузатувчилар¸ Таълим вазири билан бу олийгоҳ ўртасидаги баҳсларга сиёсий тус бермоқдалар.
Таҳлилчиларга кўра, Тожикистон Таълим вазири Раҳмонов мамлакатда хориж давлатлари томонидан сармояланадиган хусусий университетлар фаолиятини унчалик ёқтирмайди.
Тожикистондаги ўз исми айтилишини истамаган америкалик дипломат ҳам бу фикрларда жон борлигини айтар экан, иқтидордаги ҳукумат мулозимлари ғашини келтираётган нарса “мазкур олийгоҳда давлатга мухолиф саналган таниқли шахсларнинг фаолият қилаётганидадир” деди Озодлик билан хос суҳбатда.