Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:42

Цензурасиз цензурали Қозоғистон


Кузатувчиларнинг айтишларича, мамлакатда мустақил ОАВга босим кучайгани журналистлар орасида ўз-ўзини цензура қилиш ҳолатлари пайдо бўлишига сабаб бўлаяпти.
Кузатувчиларнинг айтишларича, мамлакатда мустақил ОАВга босим кучайгани журналистлар орасида ўз-ўзини цензура қилиш ҳолатлари пайдо бўлишига сабаб бўлаяпти.

Қозоқ расмийлари 20 йилдан буён цензурасиз яшаб келаётганини таъкидлаётган бир пайтда мустақил кузатувчилар Қозоғистонда цензура қоғоздагина бекор қилинганини айтишмоқда.

Қозоғистон конституциясининг 20-моддаси биринчи бандида мамлакатда “Сўз ва ижод эркинлиги кафолатланиши, цензура маън қилиниши” эътироф этилади. Мазкур модданинг иккинчи бандида эса ҳар бир киши қонун билан таъқиқланмаган исталган йўл билан маълумот олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилади.

Мамлакат қомусида бундан 15 йил муқаддам цензура таъқиқлаганини урғулаётган қозоқ расмийларига кўра, аслида Қозоғистон 20 йилдан бери, яъни СССР президенти Михаил Горбачев “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунни имзолаганидан буён цензурасиз яшаб келаяпти.

Аммо Қозоғистон Олий кенгашининг собиқ раиси Серикбўлсин Абдилдин 20 йил мобайнида мамлакатда цензура таъқиқланиши фақат қоғозда бўлиб келганини таъкидлайди.

- Амалда эса биз сўз эркинлиги таъминлангани, цензура бекор қилингани, ўзгача фикрлилик мавжудлигини кўрмаяпмиз. Қозоғистон ҳуқуқий давлат ҳам, демократик давлат ҳам эмас. Шунинг учун мен мамлакатда сўз эркинлигини таъминлаш бўйича 20 йил бекор ўтди, деган фикрдаман, дейди Серикбўлсин Абдилдин.

“Республика” газетасининг бош муҳаррири Ирина Петрушева, гарчи цензура Горбачев пайтида бекор қилинган бўлса-да, совет давридан буён ҳокимиятда ўтирганларнинг барчаси онгида цензура ҳали-ҳамон сақланиб қолаётганини айтади.

- Қозоғистон конституциясида цензура таъқиқлангани маҳаллий журналистлар томонидан жиддий қабул қилинган, деб айтолмайман. Ўйлашимча, цензура россияликлардан фарқли равишда қозоғистонликлар онгига мустаҳкамроқ ўрнашиб олган ва ҳанузгача шундай бўлиб қолмоқда. Гарчи Қозоғистон конституциясида цензура маън қилингани ва сўз эркинлиги устиворлиги ёзиб қўйилган бўлса-да, амалда бошқа қонунларда цензура аниқ мавжуд, дейди Ирина Петрушева.

Эслатиш жоизки, сўнгги икки йил давомида Қозоғистонда бирор-бир сиёсий мазмундаги нашрни чоп қилиш учун лицензия олиш жараёни бир мунча қийинлаштириб юборилди. Мамлакатдаги аксар босмахоналар эса мухолифат газеталарини чоп этишдан ҳалигача бош тортаётганлари кузатилмоқда.

- Мен Қозоғистондаги “Оммавий ахборот воситалир тўғрисида”ги қонунга неча маротаба қўшимча ва ўзгартишлар киритилганини айтишга қийналаман - етти-саккиз маротаба киритилди шекилли. Ҳатто Қозоғистонда яқинда қабул қилинган Элбоши тўғрисидаги қонун ҳам сўз эркинлигига баъзи бир чекловлар қўймоқда. Жумладан, бундан буён миллат раҳнамоси бўлган президентни танқид қилган журналист жиноий жавобгарликка тортилади. Биз қўштирноқ ичида цензура бўлмаган 20 йил давомида шу аҳволга келиб қолдик, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Андрей Свиридов.

Айни пайтда Қозоғистондаги оммавий ахборот воситаларининг 75 фоизи давлатга қарашли эмаслигини, уларнинг аксари мамлакатдаги йирик корчалон ва бизнес-тузилмалар ихтиёрида эканини қайд этиб ўтиш жоиз.

Қозоғистон журналистлар иттифоқининг раиси Сеитқози Матаев бир қатор сабабларга кўра мамлакатда сиёсий мухолифат тўлалигича шакллана олмагани ҳақида гапираркан, ҳозирда айнан матбуот қозоқ ҳукуматига мухолиф куч бўлиб қолаётганини алоҳида урғулайди.

Шу билан бирга, Сеитқази Матаев қозоқ расмийлари “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонундан юқорироқ турадиган қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятни мураккаблаштиришга уринаётганини айтади.

- Масалан, расмийлар “Миллий хавфсизлик тўғрисида”ги, Интернетга киришни чеклаш билан боғлиқ қонунлар, фуқаролик, маъмурий кодексларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали оммавий ахборот воситалари вазиятини қийинлаштирмоқда. Яқинда парламент қуйи палатаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга медиа-ташкилот бош муҳаррири хориж фуқароси бўлолмаслиги бўйича ўзгартиш киритди. Энди эса ҳукумат Интернет билан боғлиқ қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритмоқда. Менимча, қозоқ ҳукумати интернет нималиги ва ҳамма нарсани маън қилиб бўлмаслигини тушунмайди, билмайди, деди Сеитқози Матаев.

Қозоғистон Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётган жорий йилда мамлакатда маҳаллий журналистларни судлаш, босмахоналарнинг мухолифатдаги газеталарни чоп қилишдан бош тортиши, реклама агентликларининг “номақбул” газеталар саҳифаларида ўз рекламаларини чоп қилишдан қочаётгани, матбуотни тарқатиш тармоқлари мухолифатдаги газеталарга буюртма бермаётгани, мухолифатдаги газетада фаолият юритаётган журналистларнинг махфий хизмат, полиция ва ҳокимият вакиллари томонидан сиқувга олиш ҳолатлари кўпайгани кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG