Линклар

Шошилинч хабар
25 июн 2025, Тошкент вақти: 07:06

Қозоқ мусулмонлари америкалик пастор ҳатти-ҳаракатидан ғазабда


Қозоғистонлик мусулмонлар флоридалик пастор Терри Жоунзнинг Қуръонни ёқиш режасини бутун дунё мусулмонларига қарши қаратилган провокация, дея баҳоламоқдалар.
Қозоғистонлик мусулмонлар флоридалик пастор Терри Жоунзнинг Қуръонни ёқиш режасини бутун дунё мусулмонларига қарши қаратилган провокация, дея баҳоламоқдалар.

Қозоғистон мусулмонлари АҚШнинг Флорида штатидаги черков пастори Терри Жоунзнинг мусулмонлар муқаддас Қуръон китобини ёқиш режасидан воз кечмаганини қаттиқ қораламоқдалар.


АҚШнинг Флорида штатига қарашли Гейнесвилле шаҳарчасидаги черков пастори Терри Жоунзнинг 11 сентябр воқеалари 9 йиллиги муносабати билан мусулмонларнинг муқаддас китоби бўлмиш Қуръони Каримни ёқиш режаси дунё мусулмонлари қаторида қозоғистонлик мусулмонларни ҳам ларзага солди.

Озодлик радиосининг қозоқ шўъбаси ўтказган давра суҳбатида иштирок этмиш Қозоғистондаги мусулмон ташкилотлари вакиллари америкалик черков пасторининг бу хатти-ҳаракати мамлакат ичида қандай қабул қилингани борасида баҳс юритдилар.

Давра суҳбати иштирокчилари америкалик пастор режасини провокация ўлароқ баҳоладилар. Қозоғистон ҳожилари ассоциацияси раиси Бахтибий ҳожи Айнабеков дунёда мусулмонларга қарши бундай фитналарнинг юзага чиқишига диндошларининг лоқайдлиги сабаб бўлаётганини айтди. Унинг фикрича, мусулмонларга уларни “ҳушига келтириб қўядиган” туртки керак.

- Биз мусулмонлар жуда тоқатлимиз ва бошқа дин вакилларига жуда мулойим муносабатда бўламиз. Бошқа дин вакиллари эса бу хушхулқликни суистеъмол қилаяптилар ва ўзларининг биздан устун эканларини уқтиришга мунтазам равишда уриниб келмоқдалар. Агар аҳлоқ ва инсонийлик позициясидан келиб чиққан ҳолда гапирадиган бўлсак, Қуръонни ёқиш катта жиноят ҳисобланади! Келаси йили Қозоғистон Ислом анжумани ташкилоти раисига айланади. Ана шу пайтда биз бу ҳақда баралла гапира бошлашимиз керак. Гарчи ҳозирда Қуръонни ёқиш акциясини амалга оширмоқчи бўлсалар-да, мамлакатимизда бу мавзуни ҳеч ким кўтариб чиқмаяпти. Мен биз ҳам ўз динимизни ҳимоя қилиш йўлида бирдам эканимизни, бизда ҳам ҳамият борлигини очиқ-ошкор намойиш қилишимиз керак, дея ўйлайман, - деди Бахтибий ҳожи Айнабеков.

Қозоғистондаги “Миллат тақдири” ҳаракати раиси Дўс Қўшим 2001 йил 11 сентябр куни Американинг Ню-Йорк шаҳрида бегуноҳ одамлар айнан террорчи гуруҳлар хатти-ҳаракатлари туфайли нобуд бўлганини таъкидлар экан, бунинг учун дунёдаги барча мусулмонларни айбдор деб билиш мутлақо ноўрин эканини айтди. 9 йил аввал содир бўлган нохуш воқеага такрор қайтиш эса, Дўс Қўшим фикрича, мусулмонларга қарши қаратилган яна бир фитна бошланаётганидан даракдир. У бу фитнадан ҳаттоки Америка фуқаролари ҳам катта зиён кўришлари мумкинлигини қайд этди.

- Агар Қуръонга нисбатан мана шундай беҳурматлик қилинса, мусулмонлар орасидан бирор-бир киши ҳиссиётга берилиб кетиб, террорчилик ҳужуми уюштирмаслигини назардан соқит қилолмайман. Сўнгги пайтларда Қозоғистон шаҳарлари бўйлаб Исломга ёт бўлган динларни тарғиб қилиб юрган кўплаб кишиларни кўраяпмиз. Биз уларнинг фаолиятини таъқиқлаётган бирон-бир кишини кўрганимиз йўқ. Қозоғистонда ҳам америкалик черков пасторига ўхшаш бирор бебош чиқиб, ана шундай муаммолар келтириб чиқарса, бундан ҳайрон бўлмаган бўлардим, - деди Дўс Қўшим.

У аксар аҳолисини мусулмонлар ташкил этадиган Қозоғистонда давлатнинг дин соҳасида ўз сиёсати ҳамда бошқа дин вакилларининг миссионерлик фаолиятини кескин чекловчи қонунчилиги бўлмоғи лозимлигини урғулади.

Қозоғистондаги “Қағанат” илмий-маданий маркази директори Бейбит ҳожи Сапарали эса америкалик пасторнинг Қуръонни ёқиш бўйича баёноти Оллоҳ сўзлари бўлган катта беҳурматлик эканини таъкидлар экан, “Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси бунга эътироз билдириб, очиқ баёнот билан чиқиши зарур эди”, дея мулоҳаза билдирди.

- Мамлакатдаги 11 миллион мусулмонни бирлаштириб турган Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси бундай ҳодисаларга дарҳол муносабат билдириб, тегишли қарорлар қабул қилиши зарур эди. Кўпинча Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси бунақа пайтда бир четда томошабин бўлиб туришни маъқул кўради. Бу ҳодиса бўйича ҳам Қозоғистон муфтийси ёки унинг муовини ўз фикри ва муносабатини жамоатчиликка очиқ баён қилиши керак эди. Аммо биз буни кўрмаяпмиз, - деди Бейбит ҳожи Сапарали.

Айни пайтда Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси вакили Темирбек ҳожи ўз идораси америкалик пасторнинг Қуръонни ёқиш режасини қоралашини, бу акциянинг Каломуллоҳга нисбатан шаккоклик эканини қайд этди. Шу билан бирга, Темирбек ҳожи Қозоғистон муфтийси шаънига айтилган таъналарга ўринсизлигини таъкидлаб, муфтий жаноблари мамлакатда Ислом равнақи учун қўлидан келган барча ишларни амалга ошираётганини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG