Линклар

Шошилинч хабар
19 июн 2025, Тошкент вақти: 15:04

Туркияда Конституцияга ўзгартишлар киритишга оид референдум бўлди


Туркия конституциясини ўзгартириш бўйича рефрендум якшанба куни ўтказилди.
Туркия конституциясини ўзгартириш бўйича рефрендум якшанба куни ўтказилди.

Бош вазир Ражаб Тоййип Эрдўғон халқ овозига қўйилган ўзгартишлар мамлакат конституциясини Европа Иттифоқи талабларига мос келадиган ва нисбатан демократик қонунга айланишига ҳисса қўшишини баён қилди. Коституцияга жами 26 та ўзгартиш киритиш таклиф қилинган.


Булардан бири судяларни сайлаш жараёни билан боғлиқ. Яна бир ўзгартиш эса мамлакат ҳарбийларининг фуқаролик судлари олдида ҳисоб бериш мажбуриятини кучайтиришга қаратилган.

Туркия конституциясига ўзгартиришлар киритиш масаласи овозга қўйилган референдум якунланди ва дастлабки натижаларнинг тез орада маълум қилиниши кутилмоқда.

Бош вазир Ражаб Тоййип Эрдўғон етакчилигидаги “Адолат ва тараққиёт” партияси ташаббусига кўра, таклиф қилинган ўзгартишлар билан мамлакат конституциясини Европа Иттифоқи талабларига мос келадиган, демократик қонунга айлантириш кўзда тутилгани айтилмоқда.

Бу ҳақда референдум арафасида чиқиш қилган партия етакчиси Ражаб Тоййип Эрдўғон референдумда овоз бериш чоғида ҳам бу сиёсий тадбир мамлакатда демократик тараққиёт томон ташланган муҳим қадам эканини урғулади.

Референдумни кузатган Озодлик мухбири Роберт Тэйтга кўра, халқ овозига қўйилган масала борасида жамоатчилик фикри ўрганилган сўровлар натижаси сайловчиларнинг бу борадаги фикри иккига бўлинганини кўрсатган.

- Референдумда қўйилга масала борасида ддамларнинг фикри иккига бўлинган. Кўпчилик Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг қарашларидан норози. Яъни, Эрдўғон кимики “йўқ”, деган жавобни танласа, у 30 йил муқаддам содир бўлган ҳарбий тўнтаришни қувватлаган бўлади, дегани одамларнинг кўпчилигини норози қилмоқда. Яна баъзи одамлар эса референдумга қўйилган масала моҳиятини яхши тушунмаганини айтмоқда. Чунки, конституцияга киритилиши таклиф қилинган ўзгартиришлар оддий одамлар тушуниши учун жуда мураккаб, дейди Озодлик мухбири Роберт Тэйт.

Референдумда қўйилган масала моҳиятини тушунишга урунган туркиялик сайловчилардан бири Сомнур Вардар ҳам буни тасдиқлар экан, мамлакат конституциясида мен кўришни истаган ўзгартишлар ҳукумат таклиф қилган 26 ўзгартиш орасида йўқ, деган фикрни билдирди.

- Мен таклиф қилинган ўзгартишлар билан конституция янгиланади, деган фикрда эмасман. Чунки, унда ҳамон Курдларнинг ҳуқуқлари ҳақидаги моддалар йўқ, миллий озчиликлар ҳуқуқлари ҳақидаги моддалар ҳам йўқ, Курд тили ва инсон ҳуқуқлари ҳақидаги моддалар йўқ. Диний синфлар кафолатларини бекор қилиш ҳақидаги моддалар йўқ, дейди истанбуллик сайловчи.

Аммо Туркия муҳолифат Эрдўғон етакчилигидаги Адолат ва Тараққиёт партияси томонидан киритилаётган бу ўзгартишлар иқтидордаги партия етакчилари ва тарафдорларига суд ҳокимиятига таъсир кўрсатиш имконини беради, дея танқид қилмоқда.

Бу партия ҳокимиятга келганидан бери бир қатор иқтисодий ислоҳотларни амалга оширди, мамлакат иқтисодий ўсишида сезирларли илгарилаш кузатилди. Сўнгги йиллар давомида мамлакатнинг нисбатан нотинч минтақаларига ҳам осойишталик кирди.

Айни пайтда Туркиянинг ташқи сиёсати ҳам ўзгариб, Ражаб Тоййип Эрдўғон Эрон, Ироқ ва Сурия каби давлатлар билан алоқаларни ривожлантирди. Фақагина Исроил билан муносабатларга совуқчилик тушди.

Европа иттифоқи Туркиядаги ўзгаришларни “тўғри йўналишдаги қадамлар”, деб баҳолар экан айни пайтда, Конституцияга киритилиши таклиф қилинган ўзгартишлар борасидаги жамоатчилик баҳсини бўғганликда айблаб, танқид ҳам қилди.

Референдумни эса мамлакатдаги барча йирик муҳолиф партиялар танқид қилди. Курд ишчилар партияси эса бунга бойкот эълон қилган.

Шундай баҳслар орасида халқ овозига қўйилган референдумнинг дастлабки натижалари тез орада эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG