Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:30

Тожикистоннинг Рашт водийсида вазият таранглашаяпти


Cобиқ дала қўмондони Мирзохўжа Аҳмадов ҳукуматни ўз ваъдасини бузганликда айбламоқда.
Cобиқ дала қўмондони Мирзохўжа Аҳмадов ҳукуматни ўз ваъдасини бузганликда айбламоқда.

Рашт водийсидаги собиқ дала қўмондони Мирзохўжа Аҳмадов 21 сентябр куни иқтидордаги ҳукумат ўзи ва собиқ тожик мухолифати аъзоларига қарши амалиёт бошлаганидан ташвиш билдирди. Унга кўра, Рашт водийсидаги уйлар ҳарбийлар томонидан сабабсиз тинтув қилингани натисжасида 30га яқин собиқ мухолифат аъзолари тоққа чиқиб кетишга мажбур бўлган.


Тожикистонда таниқли ва нуфузли собиқ дала қўмондони Мирзохўжа Аҳмадовнинг Озодликка айтишича, 21 сентябр куни Рашт водийсининг Камароб ва Такоб қишлоқларида ҳарбийлардан иборат йирик гуруҳ собиқ мухолифат аъзоларига қарши амалиёт бошлаган.

Тожикистоннинг Рашт тумани Ички ишлар бошқармаси уюшган жиноятчиликка қарши бўлимииннг собиқ раҳбари Мирзохўжа Аҳмадов амалиёт Такоб қишлоғидаги аҳоли уйларини тинтув қилишдан бошлангани ва бу ўз навбатида ўттизга яқин ёш йигитларнинг ўз уйларини тарк этишга олиб келганини айтади.

- Ҳукумат бизга ваколат бериб, “уйларингда ташвишсиз ўтираверинглар”, деган эди. Аммо, минг афсуски, бугун эрталаб ҳукумат биз ва биз билан бўлган йигитларга қарши ҳаракатларни бошлади. Уйлари тинтув қилинган йигитларнинг кўплари Россияда ишлаб, кузги мавсумда уйларига қайтган эди, айримлари эса шу ерда рўзғор ташвиши билан тинч яшаб турган эди. Афсуски, ҳукумат ҳарбийлари уларнинг уйларини сабабсиз тинтув қилиб, тинчларини бузди. Бугун эрталаб йигитларнинг ўттизга яқини ҳукумат кучларига асир тшмаслик учун тоққа чиқиб кетишди. Бу амалиётлар ортидан Али Бедакнинг гуруҳига қўшилиш истагида тоққа чиқиб кетадиган ёшлар яқин орада кўпчиликни ташкил қилишига шубҳам йўқ,- дейди собиқ тожик мухолифати етакчиларидан бири.

Мирзохўжа Аҳмадов шу йил ўрталарида Рашт водийсига сафар қилган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан учрашувдан сўнг ихтиёридаги қуролларни Ички ишлар вазрлигига топширганини ҳам қўшимча қилди.

Унинг айтишича, айни дамда Рашт водийси ҳукумат куч ишлатар тизимларининг машқ майдонига айланиб қолаётир.

- Бир кунда йигирмадан ортиқ ҳарбий вертолётлар ва соноқсиз аскарлар Рашт водийсига киритилаётир. Бу эса вазиятни тобора кескинлаштириб қўймоқда,- дея қўшимча қилди Мирзохўжа Аҳмадов.

Айни пайтда Тожикистон Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати бошлиғи Фариддун Маҳмадалиев бу даъволарда асос йўқлигини баён қилди:

- Айни кунларда биргина Камароб ёки Такобда эмас, балки Тожикистоннинг барча ҳудудларида ҳибсдан қочган маҳбусларни қўлга олиш амалиёти давом этмоқда. Республиканинг қайси ҳудудида қочоқ маҳбуслар борлиги ҳақида маълумот келиб тушса, албатта ўша ҳудудга тезкор гуруҳ сафарбар қилиниб, тинтув ўтказилади. Менимча, бу табиий ҳолат,- дейди Фариддун Маҳмадалиев.

Мудофаа вазирлиги расмийси Мирзохўжа Аҳмадов куч ишлатар идораларга қуролларни топширгани ҳақидаги маълумотни инкор қилди.

Эслатсак, шу йил 23 августига ўтар кечаси Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳисбхонасидан қочган 25 маҳбусни қўлга олиш бўйича республикада кенг кўламли амалиёт бошланган эди.

Шундай амалиётни Рашт водийсининг Камароб дарасида ўтказиш мақсадида сафарбар этилган Мудофа вазирлигининг 70 нафар ҳарбийси 19 сентябр куни жангарилар ҳужумига учради.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, бу ҳужум Али Бедак лақаби билан танилган Аловуддин Давлатов ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларидан бири Мулло Абдулло бошчилигидаги гуруҳ томонидан амалга оширилган.

Тожикистон Мудофа вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, асосан гранатомёт ва пулемётлардан ўққа тутилган ҳарбийлардан 25 нафари воқеа жойида ҳалок бўлиб, қолганлари вазирликнинг Душанбедаги госпиталига олиб келинди.

1997 йил Тожикистонда тинчлик ўрнатилганидан бери ҳукумат ҳарбийлари илк бор бундай талафотларга учрамоқда.

Ҳалок бўлган аскарларнинг аксарияти шу йил май ойида ҳарбий хизматга чақирилган 19-21 ёшли йигитлар бўлган.

Табиийки, Рашт воқеалари тожик жамиятида турли баҳслар ва жавобсиз қолаётган саволарни келтириб чиқарди.

Мустақил таҳлилчилар Рашт воқеалари сабабларини изоҳлаб, бу воқеа Тожикистондаги сиёсий вазият кун сайин таранглашиб бораётганидан дарак эканини айтишмоқда.

Рашт воқеасини Мулло Абдулло ва унинг тарафдорлари ҳукуматнинг тинчлик битимига амал қилмагани ҳамда шу давр ичида мазкур битимни имзолаган собиқ мухолифат лидерлари, жумладан, Мирзо Зиёев ўлими учун қасос ўлароқ, баҳолаётганлар ҳам бор.

Айни пайтда Тожикистон Ислом Уйғониш партиясининг Рашт водийсидаги фаоли, салафийликда айбланиб, шу йил 13 сентябрида Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан ҳибсга олинган Ҳусниддин Давлатов 20 сентябр куни Давлат телевиденияси орқали чиқиш қилиб, Камароб ҳужуми ўз акаси Аловуддин Давлатов ва унинг ноқонуний қуролланган гуруҳи томонидан уюштирилганини айтди.

- Акам Аловуддин ўз атрофига ўзига ўхшаган жинояткорларни тўплаб уларга ҳарбий машқлар бериб келди. Бу гуруҳнинг асосий мақсади зўравонлик йўли билан давлат тўнтаришини уюштиришдир. Уларнинг сони юздан ортиқ. Афсуски бу гурҳнинг аксарияти ҳаёт неъматини тотиб улгирмаган ёшлардир, - дея билдирди Тожикистон ислом уйғониш партияси фаоли Ҳусниддин Давлатов.

Ҳусниддин Давлатов акаси Аловуддиннинг топшириғи билан унинг жангариларига марказдан ҳарбий палаткалар, либослар, портловчи мосламалар ясаш учун хом ашё етказиб бериб турганига ҳам иқрор бўлди.
XS
SM
MD
LG