Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:45

Тожик расмийлари қўшни давлатлардан норози


Тожикистоннинг Рашт водийсида ҳукумат кучларининг жангариларга қарши амалиёти кучайиб бормоқда.
Тожикистоннинг Рашт водийсида ҳукумат кучларининг жангариларга қарши амалиёти кучайиб бормоқда.

Тожикистон хавфсизлик Кенгаши раиси Амирқул Азимов минтақадаги айрим давлатларни Рашт водийсидаги воқеаларга томошабин бўлиб турмасликка чақирди ва Рашт водийсида жанг қилаётган террорчи гуруҳларнинг асл мақсади Фарғона водийсида беқарорлик келтириб чиқариш эканини таъкидлади.

Тожикистон хавфсизлик кенгаши раиси Амирқул Азимов Россия оммавий ахборот воситалари орқали ёйинланган баёнотида, Рашт водийсида ҳукумат кучлари ва террорчи гуруҳлар ўртасида тобора кучайиб бораётган қарама-қаршиликка нисбатан минтақадаги айрим давлатларнинг муносабати тушунарсиз бўлиб қолаётгани айтган.

“Бу бахтсизликка қарши биргаликда кураш олиб борилмаса, бутун минтақага ўт кетиши мумкин”, дея таъкидлаган “Новости” агентлиги мухбири билан суҳбатда Тожикистон хавфсизлик кенгаши раиси Амирқул Азимов.

Тожик амалдори Рашт водийсида вазиятнинг тобора кескинлашаётгани ва бунга минтақадаги айрим давлат раҳбарларининг бетараф муносабати Душанбе расмийларини ажаблантираётганини айтган.

“Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Тожикистондаги вазиятга бетараф томошабин бўлиб туришлари ўз халқига нисбатан жиноятдир. Зеро террорчилар глобал вазифа, яъни катта энергетик заҳираларга эга бўлган минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришни мақсад қилиб олишган”, деган Амирқул Азимов бу вазиятдан чиқишнинг ягона йўли минтақа мамлакатлари куч ишлатар тизимларининг террорчиларга қарши биргаликда кураши эканини таъкидлайди.

Айтиш жоизки, 19 сентябрда Рашт водийсида содир бўлган қонли воқеа юзасидан Тожикистон ҳукуматига минтақа давлатларидан биргина Туркманистон ҳамдардлик билдирди.

Ғарб давлатларидан Германия Душанбедаги элчихонаси орқали Тожикистондаги вазиятдан ташвиш билдирган, Америка Қўшма Штатлари эса фуқароларига бу ҳудудга сафар қилишдан тийилишни тавсия қилган.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон қўшни Тожикистон шарқида кечаётган жангларга ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.

Шундан келиб чиқиб, мустақил таҳлилчи Рашид Ғани Абдулло тожик ҳукумати ташқаридан ёрдам кутмай, ички масалаларни ўзи мустақил ҳал қилиши лозим, деб фикр билдиради.

- Роза Ўтунбаева бошлиқ Қирғизистон ҳукумати ҳозирча ўзини ўнглаб олгани йўқ. Улар ўз ёғига ўзи қовурилиб ётибди. Минтақадаги бошқа давлатларнинг Тожикистонга таъзия ёки тасалли билдирмагани бу давлатлар орасидаги ўзаро муносабатнинг яхши эмаслиги нишонасидир. Тожикистон ҳукумати бундай шароитда қўшнилардан тасалли ёки қўллаб – қувватловни кутиш ўрнига мавжуд вазиятни реал таҳлил қилиб, бу вазиятдан чиқишнинг тўғри ва жамият учун безарар йўлини ўйлаб топиши зарурдир,- дейди мустақил таҳлилчи Рашид Ғани Абдулло.

Таҳлилчи фикрича, Тожикистон шарқидаги вазиятнинг беқарорлашувига фақат ички омиллар, яъни ижтимоий - иқтисодий ва сиёсий муаммолар сабаб бўлди.

Мустақил таҳлилчи Ҳабибулло Ҳаким эса Рашт воқеаларида Россиянинг қўли бор деб ҳисоблайди.

-Неоколониализм, янгидан, янги типда колонна қилишлик, яъни мустамлака қилиб эгаллашнинг янгича услуби йўлга қўйилаяпти дунё бўйлаб. Чамамда поссовет давлатларининг ҳаммасини Россия ўз таъсирига ўтказади. Россия бу ерда ( Тожикистонда демоқчи - таҳр,.) кучли мухолифат борлигидан ва мухолифат билан ҳукумат ўртасида мавжуд низодан фойдаланади. Бу ҳали ишнинг бошланиши. Ҳаммаси режалаштирилган. Охирги пайтда руслар жараённи жадаллаштираяпти. Россия Қирғизистон ортидан Тожикистонда ҳам катта жанжал чиқса, бу икки давлатни ўзига қўшиб олиш ниятида. Россия энди тўхтамаса керак, -дея мулоҳаза юритади таҳлилчи Ҳабибулло Ҳаким.

Таҳлилчи минтақа давлатларидан Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Тожикистондаги вазиятга ҳамон бефарқ қолаётганини мана шундай изоҳлайди.

-Ўзбекистоннинг Тожикистон билан алоқаси яхши бўлмагани учун хафа ҳам бўлмайди бу ишдан, хурсанд ҳам бўлмайди. Шунинг учун муносабат билдиришни лозим топмайди. Қозоғистон эса бу ишнинг тепасида Россия турганини яхши билади ва бу жараённинг охиригача боришидан хабари ҳам бўлиши керак. У Россия билан яхши алоқаларини бузмаслик учун бу масалада ўзини четга олишга ҳаракат қилади,- дейди таҳлилчи Ҳабибулло Ҳаким.

Айни пайтда Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий ҳам Рашт воқеалари ортида хориж давлатлари қўли борлигини эътироф этади.

-Биз ҳам бу иш хорижликлар иштирокида амалга оширилган деган фикрдамиз. Катта ўйинчи саналган йирик давлатлар Тожикистон атрофида тўпланиб, унинг заиф жиҳатларидан фойдаланмоқчи. Тожикистоннинг заиф жиҳатлари бу ички низолардан кейин ( 1992 ва 1997 йиллардаги фуқаролик уруши назарда тутилмоқда - таҳр,.) жамиятда ўз ечимини топмаган ва ҳозиргача ўз ечимини топмай қолган ва бугун ўшандай “ўйинчи давлатлар” учун восита ҳисобланган муаммолардир, - дейди Тожикистон Ислом уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий.

Эслатсак, Тожикистон шарқида шу йил сентябр ўрталарида ҳукумат ҳарбийларидан иборат колонна номаълум гуруҳлар ҳужумига учраб катта талофот кўрган эди.

Тожикистон ҳукумат расмийлари бу воқеа ортида собиқ тожик мухолифати собиқ лидерлари турганини даъво қилади. Айни пайтда Ўзбекистон исломий ҳаракати Рашт водийсидаги отишма учун масъулиятни ўз зиммасига олганини эълон қилган.
XS
SM
MD
LG