Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:16

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Ўшга киритилмади


Васила Иноятова Қирғизистон чегарачилари масаласини халқаро миқёсда кўтармоқчи.
Васила Иноятова Қирғизистон чегарачилари масаласини халқаро миқёсда кўтармоқчи.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг раиси Васила Иноятова қирғиз чегарачилари уни “Дўстлик” чегара пунктидан ўтказмаганлигини айтмоқда. Қирғизистон чегара хизмати эса бундай ҳолатнинг бўлиши мумкин эмаслигини билдирмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг раиси Васила Иноятовага кўра, у 23 сентябр куни Андижон вилоятидаги “Дўстлик” чегара пунктидан Қирғизистон томонига ўтмоқчи бўлган.

- Мен Ўзбекистон томонидаги “Дўстлик” чегара постидан ҳеч қандай қаршиликсиз ўтдим. Лекин Қирғизистон чегарасига ўтганимда, улар паспортларимни олиб, бир хонага олиб киришди. Мени у ерда 5 соат қолдиришди. Сумкам, қўл телефонимни олишиб, ҳаттоки “ташқарига чиқаман” десам ҳам чиқаришмади. Ўзларини ҳам таништиришгани йўқ, хужжатларини кўрсатишгани йўқ. Шундай бир ноинсоний муомала, душманга қилинган муомала бўлди. 5 соатдан кейин улар “Қирғизистон элчихонасидан расмий рухсатнома олиб келасиз. Хатни олиб келганингиздан кейин сизни киритамиз”, дейишди,- дея ҳикоя қилиб берди ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Васила Иноятова.

Ҳуқуқ фаоли ўзбек-қирғиз чегарасидан ўтиб, Ўшдаги таниш-билишларини кўриш, у ердаги вазият билан танишиш истагида бўлганлигини, бироқ Қирғизистон жанубида ҳеч қандай тадбир режаламаганлигини айтди. Унга кўра, “Дўстлик” чегарасидан бошқа фуқаролар ҳам ўтиб-қайтаётганини кўрган.

- Ўзбекистон томонидан ўтказмасликка ҳаракат қилишар эди. Икки марта Ўзбекистон чегарачилари ўтказишмаган. Энди бу гал қирғиз чегарачилари ўтказишмади. Мен ўйлайманки, сумкамдаги ҳужжатларимни кўришган. ”Ҳар қандай ҳуқуқ химоячиси Ўшга ўтиши муаммо бўлса керак”, деб ўзим ҳам тахмин қилган эдим. Тахминим тўғри чиқди, -деди ҳуқуқ фаоли Васила Иноятова.

Қирғизистон чегара хизмати матбуот котиби Салқин Абдуқариева эса ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли ўзбек чегарачилари томонидан Қирғизистон ҳудудига ўтказилганлигига шубҳа билдирди:

- Гап шундаки, “Дўстлик” ва “Маданият” чегара пунктлари қирғиз ва ўзбек чегарачилари томонидан ёпилган. Фақат учинчи давлат фуқаролари ўтиши мумкин. Ёки чегара туманида яшовчи фуқаролар ўтиши мумкин. Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистонга ҳаво йўли билан келиши мумкин. ”Дўстлик” чегара пунктидан эса бу аёлнинг ўзбек чегарачилари томонидан ўтказилган бўлиши мумкин эмас. Чунки “Дўстлик” кечаю кундуз ёпиқ. Ўзбекистон томонидан чегара бир томонлама ёпиқ бўлса, ўзбек чегарачилари ўз фуқароларини ўтказмаётган бўлса, бу аёл қандай қилиб ўтиши мумкин? -дея савол қўяди Қирғизистон чегара хизматининг матбуот хизмати вакили Салқин Абдуқариева.

24 сентябр куни Васила Иноятова чегарачилар тавсия этган Тошкентдаги Қирғизистон элчихонасига борганини айтади:

- Қирғизистон элчихонасига бордим. Жума дам олиш куни эмас, ҳамма элчихоналар ишлайди. Элчихонада хеч ким йўқ, расмий ишлар билан кетишган. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил йўқ, шахсий ишлар бўйича вакил йўқ, элчининг ўзи йўқ. Эшикни тагида икки соат турганимдан кейин шундай жавоб беришди, - деди Васила Иноятова.

Ўзбекистон чегара пунктидан мазкур ҳолат бўйича ахборот олиш имкони бўлмади.

Айни пайтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг раиси Васила Иноятова чегарада бўлган ҳодисани халқаро даражада кўтармоқчи.

- Варшавада Европада ҳавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг бир йиллик саммити бўлади. Мен шу саммитга таклиф этилганман. Албатта бу воқеани у ерда кўтараман. Бир тадбир режалаштирганмиз. Ўша тадбирда бу ҳақда айтаман, Қирғизистон хукумат вакиллари билан суҳбатлашаман. Бу бўлиб ўтган воқеа бўйича изоҳ беришлари шарт, - деди ҳуқуқ фаоли Васила Иноятова.

Васила Иноятова Ўш қирғинидан сўнг Европада бўлиб ўтган бир неча тадбирларда қатнашган эди. У жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ҳимоясига сўзлаган эди. Шунингдек, у Европадаги чиқишларида Ўш қирғини акс этган видеотасмани ҳам ҳвола этган эди.
XS
SM
MD
LG