2010 йилги Нобел тинчлик мукофоти Хитойда қамоққа ташланган диссидент Лю Сяобога берилди.
Осло шаҳрида Норвегия Нобел қўмитаси президенти Торбьерн Ягланд бу қарорни эълон қилди.
- Норвегия Нобел қўмитаси 2010 йилги Нобел тинчлик мукофотини Хитойда фундаментал инсон ҳуқуқлари учун узоқ муддат ва тинч йўл орқали курашган Лю Сяобога беришга қарор қилди, деди Нобел қўмитаси президенти.
Хитойда кенг кўламли сиёсий ислоҳотлар ўтказиш, жумладан, йиғинлар ўтказиш эркинлиги, матбуот ва эътиқод эркинлигини таъминлашга чақирган 54 яшар Лю 2009 йил декабрида давлатга қарши фаолият олиб борганликда айбланиб, 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Торбьерн Ягланд Хитойда инсон ҳуқуқларининг бузилиши мамлакат конституциясига зид эканини айтди.
- Хитой конституциясининг 35-бандида қуйидагилар ёзилган. Иқтибос келтираман: “Хитой халқ республикаси фуқаролари сўз, матбуот, йиғилиш, мулоқот, юриш ва намойиш ўтказиш эркинликларига эга”. Иқтибос тугади. Амалда бу эркинликлар Хитой фуқаролари учун чеклангани шубҳасиз, - деди Ягланд.
Хитой расмийлари Нобел қўмитаси мукофотни Люга бериш орқали тинчлик мукофоти холислигига “путур етказгани”ни баён қилиб, бу Хитой-Норвегия муносабатларига салбий таъсир этиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Айни пайтда Чехия собиқ президенти Васлав Хавел нуфузли мукофотни Лю Сяобога бергани учун Нобел қўмитасининг жасоратини олқишлади. “Қўмита Хитойнинг огоҳлантиришига ёнбосмади ва иқтисодий манфаатни инсон ҳуқуқларидан юқори қўймади”, - деди Васлав Хавел.
Айни пайтда Франция ва Германия Хитой ҳукуматини Лю Сяобони озод қилишга чақирди.
Халқаро Амнистия ташкилоти Нобел тинчлик мукофотининг хитойлик диссидентга берилиши халқаро ҳамжамият эътиборини бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилиши масаласига қаратишини айтди.
Ҳиндистонда сургунда яшаётган тибетликлар диний раҳнамоси Далай Лама 2010 йилги Нобел тинчлик мукофотининг Люга берилганини олқишлади. Далай Лама фикрича, бу Пекин расмийларини ислоҳотлар ўтказишга ундайди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссарлиги матбуот вакили Руперт Колвилл Лю ва у билан бирга ўз жамиятини яхшилаш борасида ишлаётган бошқа таниқли бўлмаган фаолларни олқишлади.
Тайван Президенти Ма Йинг-жоу ҳам Лю Сяобога нуфузли мукофот бергани билан қутлади.
Бу йил рекорд даражада кўп номзод, яъни, 237 нафар шахс ва ташкилотлар 1 миллион 490 минг АҚШ долларни ташкил этган Нобел тинчлик мукофотини олишга номзод қилиб кўрсатилди.
2009 йилги Нобел тинчлик мукофоти АҚШ Президенти Барак Обамага берилган эди.
2010 йилга Нобел Тинчлик мукофоти 10 декабрда унинг соҳибига топширилади. Бироқ мукофотни Люнинг номидан ким қабул қилиб олиши ҳозирча маълум эмас.