Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:39

Раштдаги жанггарилар қуролини топширмоқда


Расмийлар чеклови туфайли Раштда содир бўлаётган воқеалар, хусусан, вертолёт қулаши билан боғлиқ ҳодиса тафсилотларидан Тожикистон жамоатчилиги кўпинча бехабар қолмоқда.
Расмийлар чеклови туфайли Раштда содир бўлаётган воқеалар, хусусан, вертолёт қулаши билан боғлиқ ҳодиса тафсилотларидан Тожикистон жамоатчилиги кўпинча бехабар қолмоқда.

Тожикистон ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, айни пайтда Рашт туманида 30 дан ортиқ жанггари қуролини топшириб, ҳукумат кучлари томонига ўтган. Бу жангарилар ҳукумат кучлари билан биргаликда қолган жанггариларни топиш ва зарарсизлантириш амалиётларида қатнашмоқда.

Тожикистон расмийлари ўтган ҳафта бошида қуролини кўнгилли равишда топширган жанггарилар жавобгарликка тортилмаслигини ваъда қилган эди. Шундан кейин республика Хавфсизлик хизмати раҳбари Амирқул Азимов ва Тожикистон парламенти раиси, илгари Бирлашган тожик мухолифати етакчиларидан бири бўлган Шукуржон Зуҳуров собиқ мухолифат етакчиларини жангни тўхтатишга кўндириш учун улар билан учрашган.

Бу учрашувдан кейин Рашт водийсида ҳукуматга қаршилик кўрсатиб келаётган исломий мухолифатнинг икки етакчиси Мирзохўжа Аҳмадов ва Мулло Садриддиннинг жанггарилари қуролларини топширишган ва “хорижлик жанггариларга қарши кураш”да ҳукумат кучларига қўшилишга розилик берган.

- Рашт туманида 30 дан ортиқ жангарилар қуролларини топшириб, ҳукумат кучлари томонига ўтди. Бу жангарилар ҳукумат кучлари билан биргаликда қолган жанггариларни топиш ва зарарсизлантириш амалиётларида қатнашмоқда, деди республика Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаххоров.

Вазирнинг сўзларига кўра, ҳозирда тоғларда 30 чоғли жанггари яшириниб юрибди.

Шунингдек, Рашт водийсида давом этаётган ҳарбий амалиётлар давомида жанггари гуруҳларнинг 12 аъзоси йўқ қилингани айтилмоқда. Улардан тўққизтасининг шахси аниқланган. Ўлдирилган жанггариларнинг кўпчилигини ёлланган хорижликлар ташкил этади. Уларнинг бири Россия фуқароси Рамил Сафиулиндир.

Жанггариларга қарши амалиётлар 19 сентябр куни Рашт водийсидаги Камароб дарасида ҳукумат қўшинлари пистирмага учраб, 28 аскар ҳалок бўлганидан кейин бошланган эди.

Тожикистон расмийларига кўра, бу террорчилик хуружларини Абдулло Раҳимов (лақаби Мулло Абдулло) ва Аловуддин Давлатов (лақаби Али Бедаки) бошлиқ жанггарилар содир этган бўлиб, ҳозир уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Бир ойдан буён давом этаётган жангларда ҳукуматнинг 60 дан ортиқ аскари ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Охирги воқеалардан бири - вертолётнинг қулаши оқибатида ҳукуматнинг 28 нафар аскари ва зобити нобуд бўлди. Расмийлар вертолёт ҳалокатига техник носозликлар сабаб бўлганини айтган бўлса, баъзи агентликлар вертолётнинг жанггарилар томонидан уриб туширилганига ишора қилувчи хабарларни тарқатди.

Тожикистон Миллий гвардияси масъули Хайринисо Комилова вертолёт техник сабаблар туфайли ҳалокатга учраганини ва айни пайтда воқеа жойида махсус комиссия иш бошлаганини маълум қилди.

- Вертолёт Миллий гвардияга тегишли. Бу ҳақда кеча ҳам айтилган, бошқа тафсилотлар кейинроқ берилади, деди Хайринисо Комилова.

Айни пайтда Рашт билан республиканинг барча ҳудудлари ўртасида телефон алоқаси узиб қўйилгани сабабли у ерда нималар кечаётгани ҳақида маълумот олишнинг иложи йўқ.

Давлат назоратидаги телевидение ва радиоканаллар Рашт ва Камаробдаги воқеалар ҳақида деярли хабар қилмаяпти. Улар кўрилган талафотлар ҳақида хабар бериш ёки ҳалок бўлган жангарилар жасадини кўрсатиш билан чекланмоқдалар, холос. Расмийлар Рашт водийсидаги вазиятни жамоатчиликка ошкор қилишдан бош тортиб келаяпти.

Боз устига, Рашт водийсидаги вазият ҳақида рўи-рост хабар берган айрим газеталар ёпилди, сайтларга эса тўсиқ қўйилди. Мазкур оммавий ахборот воситалари Камароб фожеасига Мудофаа вазирлиги масъулларининг тажрибасизлиги сабаб бўлганини ёзишган.

4 октябр куни эса Тожикистон Мудофа вазири Шерали Хайруллоев “Ховар” ахборот агентлиги орқали тарқатган баёнотида республикадаги нашрлар, жумладан, “Фараж” мустақил рўзномаси мамлакатдаги барқарорликнинг издан чиқишига ҳисса қўшаётганига урғу берган эди. Шундан кейин бир қатор сайтлар блок қилинди, газеталар чоп қилиниши тўхтатилди.

Айни пайтда Рашт водийсида ҳукумат куч ишлатар тизимларининг террорчи гуруҳларга қарши амалиётлар давом этаётир.
XS
SM
MD
LG