Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:26

“Тез тиббий ёрдамга бензин олиб берганман”


Ўзбекистонда тез ёрдам машиналари ёқилғи тақчиллиги ва бошқа "узрли" сабабларга кўра, қишлоқ жойларга етиб бормайди.
Ўзбекистонда тез ёрдам машиналари ёқилғи тақчиллиги ва бошқа "узрли" сабабларга кўра, қишлоқ жойларга етиб бормайди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда аҳолига сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатилиши йўлга қўйилганини таъкидламоқда. Тез тиббий ёрдамга иши тушган оддий ўзбекистонликлар вазирнинг бу фикрига қўишлмаслигини айтмоқда.


Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Адхам Икромов Тошкентда бўлиб ўтган илмий-амалий анжуманда давлат томонидан кафолатланган, сифатли тиббий ёрдам кўрсатишга ихтисосланган шошилинч тиббий ёрдам тизими шаклланганини баён қилди.

Бироқ тез тиббий ёрдамга мурожаат қилган ўзбекистонликларнинг бу ҳақдаги фикри вазирникидан фарқ қилади.

Тошкентнинг Қибрай туманида яшовчи Ғафуржон ака қайнонаси бетоб бўлиб қолганида шошилинч тез тиббий ёрдамга мурожаат қилганини эслайди:

- Қачон скорий келса, бензинини олиб берганман. Туманларда тез тиббий ёрдамда бензин бўлмайди. Уларда бўлиши керак-да. Шприци ҳам бўлмайди кўписида, 90 фоизида биринчи ёрдам кўрсатадиган дорилари бўлмайди. “Ўзингизда борми?” дейди, “мен сотиб олганман, сотиб оласизми?” дейди. Керак бўлгандан кейин берасиз-да бир-икки сўмини,-дейди қибрайлик нафақахўр Ғафуржон ака.

Бемор қайнонасини кўргани келган тиббий ходимнинг малакасини ҳам Ғафуржон ака “учга” баҳолайди:

- Энди яхши шифокорларни ҳам кўриб турибсиз-ку ойлиги қандайлигини. Яхши фельдшерни менимча қўймайди барибир. Бу рост гап, рост гапни ҳам кимдир айтиши керак-ку,- деди қибрайлик Ғафуржон ака.

Андижонлик Нозимжон ака эса шаҳар ва қишлоқларда аҳолига кўрсатиладиган тез тиббий ёрдам сифатини таққослаб, бундай дейди:

- Шаҳарларда яхши. Масалан, Тошкентда юрганимда, кўрганман-тез тиббий ёрдам кўп куттирмайди. Лекин қишлоққа келганимда кўрдимки, одамлар ҳатто тез тиббий ёрдам борлигини ҳам билмайди. Ўзини машинаси бўлса, ўзиникида туман марказига кетишади,-дейди андижонлик Нозимжон ака.

Шошилинч тез тиббий ёрдам машиналарининг ёқилғиси ҳақида суҳбатдошимиз буларни қўшимча қилди:

- Тез тиббий ёрдам марказларида ҳар куни 20-30 литр бензин беради. Уни уларнинг ўзлари ишлатиб юборади. Одамлар билмайди ҳам уларнинг ёнига қолаверади,- деди Нозимжон.

Мухлисимиз Нозимжоннинг акаси бир пайтлар Андижондаги шошилинч тез тиббий ёрдам марказида ишлаган. Шу боисдан у тез тиббий ёрдам маркази ходимларининг ишидан хабардорлигини айтади:

- Масалан, қачон телефон бўлса, акамдан эшитганман ухламай қатнаган пайтлари бўлган экан. Ўзи гапириб бериб туради. 2008 йилда ишлаган, ҳозир чиқиб кетган. Одамлар ҳар хил муносабатда бўлгани учун ёқмасдан чиқиб кетди. Баъзилар сўкади борганида, одамларнинг ўзи ҳам яхши муомалада бўлмайди. Акам ҳозир чет элда, Россияда,- дейди андижонлик Нозимжон.

Андижонлик суҳбатдошимиз шошилинч тез тиббий ёрдам марказининг туман бўлимида бўлганлигини айтиб, у ердаги шароит, дори-дармонлар ҳақида буларни айтади:

-Босим ўлчайди, бир-иккита арзон хитой уколи бор. Бошқа иложи ҳам йўқ-да буларни. Шунинг учун кетади-да. Ишлайдиган хоналари ҳам ёмон ахволда. Уйга ўхшаган жойга кириб олишган. Иситма туширадиган бир-иккита уколлари бор. Бўлди, бошқа нарсаси йўқ,- дейди андижонлик мухлисимиз.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 1998 йилда республика шаҳар ва туманларида шоилинч тиббий ёрдам марказларини ташкил этиш тўғрисида фармон имзолаган.

“ЎзА” ахборот агентлигига кўра, Ўзбекистонда айни пайтда вилоят ва туманларда республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг 180дан ортиқ бўлимлари фаолият юритмоқда.

Мазкур марказларнинг вилоят бўлимлари замонавий ускуналар билан жиҳозланганлигини “Озодлик” суҳбатдошлари ҳам тасдиқлашди.

Туман ва қишлоқларида яшовчи ўзбекистонликлар эса тез тиббий ёрдамга эҳтиёж пайдо бўлганида, тез тиббий ёрдам машиналарини кутиб ўтириш самара бермаслигини билгани боис, тиббиёт муассасаларига ўзлари боришга одатланиб қолишганини айтишади.

Уларнинг фикрича, сифати юксалгани айтилаётган шошилинч тез тиббий ёрдам хизмати ҳозирча қишлоқларга етиб бормаган.
XS
SM
MD
LG