Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:35

"Чучварани хом санаган" ўзбекистонликлар озод бўлди


"Асоратда тутилмиш ўзбекистонликлар туккан чучваралар Новосибирскдаги қанча пештахталарни обод қилди экан?" деган саволга жавоб йўқ.
"Асоратда тутилмиш ўзбекистонликлар туккан чучваралар Новосибирскдаги қанча пештахталарни обод қилди экан?" деган саволга жавоб йўқ.

Новосибирск вилоят прокуратурасига кўра, Коливан туман суди Ўзбекистон фуқароларини қулликда сақлаган аёлга нисбатан қарор чиқарди. Маҳаллий терговчилар тўрт нафар ўзбекистонлик олти ой давомида чучвара цехида мажбуран ишлатилганлигини аниқлагани бу асоратга чек қўйди.


Коливан туман прокурори Алексей Воитовнинг Озодликка билдиришича, исми сир тутилаётган коливанлик аёл Ўзбекистон фуқароларини мажбуран чучвара цехида ишлатган.

- Суд ҳукмига кўра, тўрт одам қулдай ишлатилган. Аслида у ерда кўпроқ одамнинг меҳнатидан фойдаланилган. Бироқ суд фақат тўрт нафар ўзбекистонлик бўйича ҳукм чиқарди, - деди Коливан туман прокурори Алексей Воитов.

Унга кўра, ўзбекистонликлар Коливан туманида “Сибиряк” ташкилотига чучвара цехига ишга таклиф этилган. Прокурор уларни ишга таклиф этган россиялик аёл даставвал яхши шароит, ойлик маоши ваъда қилганлигини айтди.

- Аммо улар ишга келишганидан сўнг ўзбекистонликларнинг ҳужжатларини олиб қўйишган ҳамда ишлашга мажбур этишган, - дея аниқлик киритди прокуратура расмийси.

Новосибирск прокуратураси маълумотига кўра, шу йилнинг март ойида қулликда ушлаб турилган ўзбекистонликлардан бири тутқунликдан қочмоқчи бўлган. Қочоқ аёлни чучварахона эгалари тутиб олиб, цехга қайтарганлар. Ўзбекистонлик аёл иккинчи бор қочишга муваффақ бўлгандан сўнг маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Шундан сўнггина, у ва унинг шериклари озод этилган.

Коливан прокурори Алексей Воитовнинг айтишича, жабрланувчи тараф бўлганлиги боис ўзбекистонликларнинг исми-шарифи сир тутилмоқда.

Маълум бўлишича, ўзбекистонлик муҳожирларининг Россияда ишлаш учун рухсатномаси, миграция хужжатлари бўлган. Бир неча ой давомида ойлик маошини олмаган ўзбекистонликлар иши бўйича даъво аризаси берилган. Бироқ бу ариза кўриб чиқилмаган, дейди маҳаллий прокуратура расмийси.

- Судланган аёл бу ишнинг асосий фигуранти бўлмаган. Аслида бу ўзбекистонликларни ишлатган ва уларни чучвара цехида ушлаб турган ташкилот эгаси хозирча қўлга олинмаган. Айни пайтда шу ташкилотнинг эгасига нисбатан суриштирув ишлари давом этмоқда. Агар мазкур иш бўйича суд даъвони қониқтирса, маънавий зарарни ҳисобга олган ҳолда қулликда ушланган ўзбекистонликларнинг ҳар бири 60 минг рублдан пул олиши мумкин, - деди прокурор Алексей Воитов.

Тўрт нафар ўзбекистонликни зўрлик билан ушлаб турган аёл Россия Федерацияси Жиноят кодекси 127-моддасининг 2-банди билан 3 йилга шартли равишда озодликдан маҳрум этилди.
XS
SM
MD
LG