Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:18

Тожикистонда болаларга диний таълим берганлар судланади


Тожик мулозимларига кўра, норасмий диний таълим ўқувчиларнинг умумтаълим мактабларидаги ўзлаштиришига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Тожик мулозимларига кўра, норасмий диний таълим ўқувчиларнинг умумтаълим мактабларидаги ўзлаштиришига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоятида 20 нафар диндор бу ҳудуддаги икки юзга яқин болага ноқонуний диний сабоқ бергани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Ортда қолган ҳафтада бу муллалар ишлари судга оширилгани айтилмоқда.

Хатлон вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Абдураҳмон Бузмаковнинг Озодлик мухбирига маълум қилишича, муллалар Тожикистоннинг жанубий туманлари - Ёвон, Вахш, Қумсангир, Шаҳритус ва Панжда, шунингдек, Қўрғонтепа ва Норак шаҳарларида уй шароитида аксарияти вояга етмаган болаларга ноқонуний диний таълим берганлар.

- Мамлакатимизда ўтган йил қабул қилинган “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Тожикистон Дин қўмитаси лицензияси ва яшаб турган жойидаги маҳаллий ҳукумат расмий рухсатномасига эга бўлган шахсларгина болаларга диний таълим бериш ҳуқуқига эгадир. Шунингдек, болаларга Исломдан сабоқ бериш учун албатта ота- оналарнинг ҳам розилиги олиниши шарт. Аммо сўнгги бир ҳафта давомида ўтказилган махсус рейдлар натижасида вилоятимиздаги 20 га яқин диндор жорий қонунларимизга хилоф тарзда иш юритгани аниқланди, - дер экан Абдураҳмон Бузмаков норасмий таълим болаларнинг мажбурий умумтаълимдаги ўзлаштиришига салбий таъсир этганини алоҳида таъкидлади.

Ички ишлар расмийси ҳозирда бу муллалар иши маҳкамага оширилганини ва агар уларга қўйилаётган айблар исботланса, муллаларга минглаб сомоний жарима белгиланиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Айни патйда тожик жамиятидаги диндорлар ва болалари Ислом арконларидан хабардор бўлишини истаётган ота-оналар сўнгги йиллар дин йўлида ҳукумат босими кучаяётганидан шикоят қилмоқдалар.

Шундайлардан бири хатлонлик Эътибор Раҳмонова ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари таъқибига тушмаслик ниятида боласига имкони борича ўзи диний сабоқ беришга қарор қилганини айтди.

- Уйда ўқитаяпман. Сураларни ёдлатаяпман. Намоз ўқитаяпман. Болам муллаларнинг уйида ўқиётгани учун мелисаларнинг таъқибига тушиб қолишидан қўрқиб, шундай қилишга мажбурман, - дейди Эътибор Раҳмонова.

Суҳбатдошимиз республикадаги расмий диний таълим даргоҳлари ҳамманинг ҳам эҳтиёжини қондира олмайди, деган фикрда.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчилар ҳам мамлакатдаги расмий диний мадрасаларда болаларнинг Ислом дини бўйича етарли даражада сабоқ олишлари учун шароит етарли эмаслигини айтмоқдалар.

Дин масалалари бўйича мустақил таҳлилчи Азимжон Ваҳҳобов бу расмий диний мадрасаларда атиги 5 фоиздан 10 фоизгача ёшлар билим олиш имконига эгалигини айтади.

Унинг фикрича, вазиятни юмшатишнинг ягона йўли умумтаълим мактабларида Ислом таълимотини расман йўлга қўйишдир.

- Агар умумтаълим мактабларида Қуръондан, фиқҳий илмлар ва ҳадислардан чуқурроқ сабоқ берсак, менимча, хонадонларда диний таълим олишга эҳтиёж ҳам қолмайди. Ҳатто ўша муллалар ҳам ноқонуний диний таълим бермай қўйишлари мумкин. Бундай йўл тутиш ҳукуматга ҳам, ота-оналарга ҳам енгиллик яратади, дейди Азимжон Ваҳҳобов.

Мустақил таҳлилчи фикрича, сўнгги йилларда мамлакатда диндорларга ва диний таълим иштиёқида бўлган ёшларга нисбатан расмийлар томонидан кучайтирилаётган турли хил босимлар бевосита жамиятнинг радикаллашувига туртки бўлиши табиий.
XS
SM
MD
LG