Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:10

Бағдоддаги черковга уюштирилган ҳужумда 52 киши ҳалок бўлди


 picture of her son (L) who was killed the night before along with 45 other Christians in central Baghdad, 01Nov2010
picture of her son (L) who was killed the night before along with 45 other Christians in central Baghdad, 01Nov2010

Ироқ хавфсизлик кучлари Бағдоддаги Католик черковида жанггарилар гаровга олган одамларни озод қилиш мақсадида ўтказган амалиёт пайтида 50дан ортиқ одам ҳалок бўлди.


Ироқ хавфсизлик кучлари кечқурун Бағдоддаги Католик черковидан жанггарилар томонидан гаровга олинган юздан ортиқ насронийни озод қилиш бўйича амалиётни ўтказди.

Хавфсизлик кучлари бир неча соат давомида жанггарилар ушлаб турган Биби Марьям Сурия Католик черковига якшанба куни кечқурун бостириб кирди.

Ҳалок бўлганлар ва ҳужумчилар сонига оид турли маълумотлар берилмоқда. Хабарларга кўра, қурбонлар сони камида 52 киши бўлиб, уларнинг аксарияти гаровга олинганлардир. Ўлганлар орасида Ироқ хавфсизлик кучларининг етти зобити ва камида беш жангари борлиги ҳам айтилмоқда. Воқеа нтиажасида шунингдек, ўнлаб одам, асосан аёллар жароҳатланган.

Гаровдагиларни жанггарилар ўлдирдими ёки улар операция пайтида ҳалок бўлдими ҳозирча ноаниқ қолмоқда.

Жанггарилар аввал Бағдод савдо биржасига ҳужум қилиб, икки соқчини ўлдирди. Ундан кейин улар черковга бостириб кириб, шомги ибодатни ўтказаётган черков руҳонийсини отиб ташлади ва ибодатга тўпланганларни гаровга олди.

Озод қилинган тутқинлардан бири журналистларга черковда ҳукм сурган вазиятни гапириб берди.

- Қуролланган кишилар черковга бостириб киришдан аввал, кўчада ўт очишди. Биз ичкарида ибодат қилаётган эдик. Улар ҳаммамизни черков ўртасига тўплашди. Улар ибодат қилаётганларни гаровга олиб калтаклади, дея эслади ўз бошидан кечирганларини бағдодлик насроний.

Ҳужум учун масъулиятни Ал-Қоидага алоқадор Ироқ Исломий Давлати гуруҳи ўз зиммасига олди. Мазкур гуруҳ Мисрда насронийликдан воз кечиб, Исломни қабул қилиш нияти учун черковда тутқунликда ушлаб турилган икки аёл озод қилинмаса, “Ироқдаги насронийларни йўқ қилиш” билан таҳдид қилиб келаётган эди.

Рим Папаси Бенедикт XVI Бағдоддаги католик черковига уюштирилган ҳужумни “даҳшатли”, дея қоралади ва халқаро ҳамжамиятни минтақада тинчлик ўрнатиш уринишларини кучайтиришга чақирди. Бу ҳужум Худонинг уйида тўпланган инсонларга қарши қаратилгани ақл бовар қилмайдиган воқеадир, дея қўшимча қилди Рим Папаси.

Ироқ Мудофаа вазири Абдул Қодир ал-Убайдий ҳужум ортида Ал-Қоида турганига шбуҳа йўқлигини таъкидлади. Насронийлар орасида талафотлар кўп бўлганига қарамай, генерал хавфсизлик кучлари амалга оширган операцияни самарали, дея баҳолади.

- Ибодатда қатнашаётганларнинг кўпчилиги қутқариб олинди ва амалиёт ўта самарали тарзда бажарилди. Ҳужум қилганларнинг барчаси йўқ қилинди ва айтиб ўтганимдек, ўлдирлиганлар орасида шубҳали одамлар ҳам бўлган. Бошиданоқ уларнинг телефон суҳбатларини эшита бошладик ва гуруҳ ичида ҳорижий жанггарилар бўлганига ишончимиз комилдир. Тергов уларнинг қайси давлат фуқаролари бўлганини кўрастади, деди Ироқ мудофаа вазири.

Бағдоддаги Биби Марьям Сурия Католик черкови 2004 йилда ҳам ҳужумга учраган эди. Ўшанда Бағдод ва Мосулдаги черковларда бирданига бешта портлаш рўй берган ва 12 киши ҳалок бўлган эди.

Ироқ хавфсизлик хизматларига кўра, одамлар тўпланадиган жойлар, айниқса, черковларга ҳужум уюштирилиши ҳақида таҳдидлар бўлган. Ироқ Ички ишлар вазири муовини генерал Ҳусайн Камол яқин кунлар ичида бу каби ҳужумлар кўлами ошиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
XS
SM
MD
LG