Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:15

Тошкент ва Душанбе ўртасида музокара муқаррарми?


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакиллари тожикистонлик ҳамкасбларининг Роғун борасидаги маълумотларини қуруқ сафсата сифатида баҳоламоқдалар.

“Тожикистон Ташқи ишлар ва мелорация вазирлари Ҳамрохон Зарифий ва Раҳмат Бобокалоновнинг Роғун сув омборини тўлдириш муҳлати борасида келтирган маълумотлари бирорта жиддий ва текширилган маълумотларга асосланмаган ва бундан мақсад халқаро ҳамжамиятни чалғитишдир. Уларнинг сув омбори 17 йил давомида минтақа сув ресурсларининг Тожикистон улуши эвазига тўлдирилиши ва бу дарёлар қуйисидаги давлатларга зарарсизлиги ҳақида айтганлари сафсата”, дейилади 1 ноябр куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида ёйинланган баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 18 октябрида кўп сонли журналистлар саволларига жавоб берган Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Роғун сув омборини тўлдириш учун 8 йил керак бўлиши ва бу вақт ичида Ўзбекистон сувсиз қолиши ҳақида Қорақалпоғистон сафарида айтганлари асоссизлигини таъкидлаган эди.

- Минтақа сув ресурсларининг 12,2 куб метри Тожикистон улушидир. Шу миқдор сувнинг тахминан 2 дан 3 куб/метри биздан ортиб қолади ва у дарёлар қуйисидаги давлатларга текинга оқизилмоқда. Келажакда қуриладиган Роғун сув омборидаги сув ҳажми 13 куб/километрни ташкил қилади. Тахминан 15-17 йил давомида тўлдирилиши айтилаётган бу сув омбори минтақа сув ресурсларининг Тожикистон улуши эвазига тўлдирилади. Биз дарёлар қуйисидаги давлатларга тегишли сувнинг бирор томчисини бу сув омбор учун ишлатмаймиз, - деган эди Тожикистон ташқи ишлар вазири Зарифий.

Ўзбекистон расмийлари эса Зарифий жанобларининг бу айтганлари билан рози эмаслар. Улардаги маълумотларга кўра, Роғун сув омборини тўлдириш дастлабки босқичида Вахш дарёсидаги сувнинг тахминан 1,5-2 километр куби тўсиб қолинади. Агар сув омборини тўлдириш мавсуми сув тақчиллигига тўғри келиб қолса, у ҳолда сув омбори учун олинадиган сув ҳажми ортади ва бу, ўз навбатида, Амударё қуйисида сув тақчиллигини бир неча бараварга оширади.

Ўзбек томонининг тожик мулозими Зарифийнинг Орол денгизи Ўзбекистон ҳудудида барпо этилган сунъий сув омборлари боис қуриб бораётгани ҳақида айтганларига нисбатан ҳам эътирозлари бор.

“Ўзбекистонда умумий ҳажми 19,8 км/кубни ташкил қиладиган 55 та сув омбори мавжуд. Шундан 5 км/куби фойдаланилмайди, яъни “ўлик” ҳажм саналади. Фойдаланиладиган сув ҳажми эса 15 км/кубни ташкил қилади. Тожикистондаги атиги иккита - Норак ва Қайроққум сув омборларидаги сув ҳажми 15 км/кубдир. Сўнгги маълумотларга кўра, Орол денгизининг ҳозирги ҳажми 70 км/кубдан иборат. 15 ва 70 рақамларини таққосласак, Ўзбекистондаги сув омборларининг ҳажми Оролдагидан тахминан беш баравар камлигини кўрамиз. Роғун гидроэнергетик лойиҳасининг амалга оширилиши эса Орол фожеасини аянчлироқ қилади”, дейилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида берилган баёнотда.

Баёнот муаллифлари Роғун сув омборининг тўлдирилишини ўрганиш мақсадида Тожикистонга келган немис мутахассисларининг бунга оид хулосалари ҳамон эълон қилинмаётганидан норозилик ҳам билдирган.

Аснода Тожикистон Ташқи ишлар, мелорация ва энергетика вазирликлари Ўзбекистон томонининг бу баёнотига нисбатан муносабат билдиришдан тийилишларини маълум қилдилар.

Айни пайтда Тожикистон президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар марказ масъули Сайфулло Сафаров фақатгина томонларни музокара столи атрофига жамлаш орқали Роғун атрофидаги ўринсиз баҳсларга нуқта қўйиш мумкин, дея фикр билдиради.

- Зарифий жаноблари бу маълумотларни ҳаводан олиб гапирмагани аниқ. У Роғун борасида жуда катта маълумотга эга. Шуни назарга олган ҳолда, мен вазир илмий асосланган маълумотларни айтган, деган ишончдаман. Демак, биз икки қўшни бир-биримизга ишонмас эканмиз, келинг, унда музокара столига ўтирайлик ва Роғун атрофида баҳслашайлик, - дер экан стратегик тадқиқотлар маркази расмийси Сафаров акс ҳолда Роғун атрофидаги даҳанаки жанглар кучаяверишини айтади.
XS
SM
MD
LG