Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:30

Тожикистонда Ҳизбут-Таҳрир журнали тарқатилмоқда


Ҳизбут-Таҳрирнинг “Субҳи хилофат” номли 54 саҳифадан иборат рангли янги журнали тожик тилида нашр қилинган. Унда асосан ҳизбчилар Тожикистон қамоқхоналарида миллий хавфсизлик ходимлари томонидан қийноққа солинаётгани ҳикоя қилинади.

Тожик жамиятида фаолияти таъқиқланган ҳизбчилар бу журнални қаерда ва қайси босмахонада чоп қилди, қайси йўл билан уни Тожикистон ҳудудига олиб киришди? Бу саволга Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийлари ҳам жавоб бера олмаяптилар.

Мазкур идора сўзчиси Нозиржон Бўриев қўмита ходимлари Ҳизбут-Таҳрирнинг тарғибот варақаларини топганини, аммо янги журнал нашри борасида аниқ маълумотларга эга эмаслигини билдирди.

Биздаги маълумотларга кўра, “Субҳи хилофат” саҳифаларида ҳизбчилар ўз сафдошларининг республика қамоқхоналарида миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан қийноққа солинаётгани борасида ҳикоя қилинган.

Бироқ Миллий хавфсизлик расмийси Нозиржон Бўриев бу маълумотлар асоссизлигини билдирди.

- Қамоқхоналарда ҳеч кимни қийноққа солишгани йўқ, - дея қисқа жавоб берди Нозиржон Бўриев.

Қайд этиш жоизки, Ҳизбут-Таҳрир Тожикистонда террористик ва экстримистик ташкилотлар сафига киритилган.

Бу ташкилот экстремистик эканини эътироф этаётган мустақил таҳлилчилар у террорчи гуруҳ саналмаслигини таъкидлайдилар.

Ҳизбут-Таҳрирга аъзоликда гумонланиб қўлга олинганларга кескин чоралар кўрилади. Улар аксаран бу мамлакат Жиноят кодексининг миллий, диний, ирқий адоват қўзғаш, конституциявий тузумга қарши курашиш каби жиноятлар назарда тутилган моддалар бўйича жавобгарликка тортилмоқда.

Шунга қарамай, сўнгги бир неча ой мобайнида тожик жамиятида бу ташкилот янада фаоллашаётгани кузатилади.

Мустақил кузатувчи Саймуддин Дўстов ҳизбчиларга қарши қўлланилаётган тадбирларга қарамасдан, улар фаоллашаётганини эътироф этар экан, бундан асосий мақсад мамлакатдаги барқарорликни издан чиқариш, дея мулоҳаза билдиради.

- Бу хорижлик “таррохлар”нинг Марказий Осиё ҳукуматларига қарши қаратилган лойиҳасидир. Тожикистонда диндорлар ва ислом мамлакатларида таҳсил олаётган тожик ёшларига босим кучаяр экан, Ҳизбут-Таҳрир тарафдорлари ҳам орта боради. Бу гуруҳ аъзоларини қамоққа ташлаш ортидан уларнинг яқинлари бу ташкилотга бирикмоқдалар, - дейди мустақил таҳлилчи Саймуддин Дўстов.

Тожикистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар маркази раиси Суҳроб Шарипов фикрича, Ҳизбут-Таҳрирга кўпроқ кам таъминланган оилалар аъзолари ва диний мутаассиблар аъзо бўлиб кирмоқдалар.

Тожикистон Бош прокуратурасининг тўққиз ойлик фаолияти бўйича матбуот анжумани берган бош прокурор Шерхон Салимзода эса жорий йил ҳизбчилар билан боғлиқ жиноий ишлар ўтган йилларнинг шу даврига нисбатан камроқ эканини маълум қилган эди.

Айрим расмий манбаларга кўра, Тожикистон қамоқхоналарида 900 га яқин ҳизбчи жазо муддатини ўтамоқда.
XS
SM
MD
LG