Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:40

Тожик депутатлари Ўзбекистонни зараркунандаликда айбламоқдалар


Тожикистон парламенти қуйи палатаси спикери Шукуржон Зуҳуров фикрича, Ўзбекистон 1994 йилдан буён Тожикистон иқтисодиётига миллиардлаб доллар зарар етказган.
Тожикистон парламенти қуйи палатаси спикери Шукуржон Зуҳуров фикрича, Ўзбекистон 1994 йилдан буён Тожикистон иқтисодиётига миллиардлаб доллар зарар етказган.

“Ўзбекистон Тожикистонга бир миллиард доллардан ортиқроқ зарар етказди”. Бу баёнот 3 октябр Тожикистон парламенти қуйи палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров тилидан янгради.

Спикер Зуҳуровнинг айтишича, зарарлар асосан юк вагонларининг Ўзбекистон томонидан асоссиз тутиб қолаётгани сабабли ошган.

- Асосан 1994 йилдан буён темир йўл орқали Ўзбекистон Тожикистон иқтисодиётига миллиардлаб доллар зарар етказди. Миллиардлаб доллар! Яна бугун улар бизни очиқдан-очиқ айблашади. Мен бир савдогарнинг арзини тингладим. У бир вагонга 20 минг долларлик юк юклаган экан, Тожикистонга етиб келгунича ўшандан 10 минг долларга тенг юки қолибди. Юкларнинг ҳаммасини Ўзбекистон чегарасида тўнашганини айтди савдогар йигит. Машиналарни шинасиз олиб келишмоқда экан, - деди асабийлашганини яширмай парламент спикери Зуҳуров.

Тожик мулозими Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида темир йўл транзити бўйича давлатлараро шартномалар имзолангани ва бу шартномалар тожиклар зарарига ишлаётганига урғу берди.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси, депутат Муҳиддин Кабирий, агар мамлакат темир йўллари ширкатининг фаолияти чиндан ҳам шаффоф бўлса ва юк вагонлар ўзбеклар тупроғида тўналаётган бўлса, нега халқаро судларга мурожат қилинмаётгани билан қизиқди.

- Қарзларимиз темир йўлларидаги муаммолар туфайли ўсиб бораётган экан, нега халқаро судларга мурожаат қилинмаётир? Менимча, бу муаммо ҳали яқин орада ҳал бўлмайди. Халқаро судлар орқали бу зарарларни қоплаш лозим. Қачонгача биз зарарларни ютиб, ташқи қарзларимизни давлат бюджетидан тўлашимиз керак? - дея савол ташлади қуйи палата депутати Муҳиддин Кабирий.

Спикер Шукуржон Зуҳуров бу масала юзасидан бир неча марта тожирларга ўз таклифини киритганини маълум қилди.

- Мен савдогарлардан халқаро иқтисодий судларга мурожаат қилишни сўрадим. Лекин улар бу икки давлат орасидаги баҳс эканини ва олти ой давомида икки республика ўртасида ортиқча пул тўлаб қатнаш яна бир муаммо эканини айтишди. Яъни улар муаммолари ҳал бўлишига ишонишмайди. Менимча, жиддийроқ бир ташкилот бу шикоятларни тўплаб, халқаро судга мурожаат билан чиқиши лозим, - деди қуйи палата раиси Зуҳуров.

Айтиш лозимки, қуйи палатанинг бугунги йиғилишида 2010 йилги давлат бюджетига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги бир қатор лойиҳалар овозга қўйилди.

Бу лойиҳалардан бири Тожикистоннинг Ўзбекистон олдидаги қарзи масаласи эди.

Қуйи палата депутатларини бу лойиҳалар билан таништирган Тожикистон Молия вазири муовини Жамшед Норинов Тожикистон Ўзбекистондан 40 миллион АҚШ доллари миқдорида қарздор эканини билдирди.

- Жорий йил шу қарзнинг 11 миллион долларини тўлаш Тожикистон темир йўллари ширкатига топширилган эди. Аммо ўзингизга маълум сабабларга кўра, яъни темир йўлларда юк вагонларини ушлаб қолиниши ортидан бу ширкат ўзига топширилган вазифани уддалай олмади, чунки харажатларини қоплай олмади. Агар биз қарзимизни тўлай олмасак, Ўзбекистон томони бизга жарима белгилашга ҳақли. Шу нуқтаи назардан, жорий йил 40 миллион доллар қарзимизнинг 11 миллионини давлат бюджетидан тўлашимиз лозим, - деди Молия вазирлиги расмийси Норинов.

Қуйи палата депутатлари давлат бюджетига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги лойиҳаларни муҳокама қилганларидан сўнг бошқа лойиҳалар қаторида Тожикистоннинг Ўзбекистонга 11 миллион АҚШ доллар қарзини қайтариш бўйича лойиҳа ҳам бир овоздан қабул қилинди.

Тожикистон Молия вазири Тожикистоннинг Ўзбекистон олидида қолган яна 30 миллион АҚШ доллар қарзи келгуси йилларда қайтарилишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG