Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:10

Афғонистондаги жанггарилар қўшнилар ҳудудига ўтмоқда


НАТО амалиëтларидан жон сақлаш учун Афғонистондаги жанггариларнинг Марказий Осиë ҳудудларига ўтаëтгани айтилмоқда.
НАТО амалиëтларидан жон сақлаш учун Афғонистондаги жанггариларнинг Марказий Осиë ҳудудларига ўтаëтгани айтилмоқда.

Афғонистондаги жанггариларнинг 35 нафари Тожикистонга ўтиш тараддудида. Шундай баëнот берган афғон генерали Довуди Довуднинг айтишича, Ал-Қоида ва Толибон жанггариларидан иборат бу гуруҳ ҳозирда Тожикистон билан чегарадаги нейтрал ҳудуддаги чангалзорга яширинган.


4 ноябр куни Кобулдаги матбуот анжуманида толибларга қарши бораëтган ҳарбий амалиётлар натижаси билан таништирган Шимолий ҳудуд бўйича полиция идораси қўмондони¸ генерал Довуди Довуд ҳукумат аскарларининг НАТО кучлари билан қўшма амалиёти оқибатида 35 нафар жанггарининг Таҳор вилоятини тарк этиб, Тожикистон чегарасига қараб йўл олганини билдирди.

- Биздаги аниқ маълумотларга кўра, 35 нафар Толибон азоси Таҳор, умуман Афғонистон ҳудудини тарк этиб, Тожикистон чегараси томон кетган. Билишимизча¸ бу жанггарилар чегаралардаги нейтрал ҳудуддаги тақрибан олти гектарлик чангалзорда яширинган. Биз бу борада тожикистонлик касбдошларимизга хабар қилдик, деди афғон генерали Довуди Довуд.

Афғонистон расмийси Тожикистон томонга йўл олган Ал-Қоида ва Толибон жанггариларининг аксари Марказий осиёлик фуқаролар эканини ҳам қўшимча қилди.

Айни пайтда Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Давлат чегараларини қўриқлаш бошқармаси вакили Хушнуд Раҳматуллоев бу маълумотдан хабарсизлигини айтди.

- Афғонистон томонининг бундай бир маълумот юборганидан хабарим йўқ. Лекин биздаги сўнгги маълумотларга кўра, бу томонга ўтмоқчи бўлган Толибон жанггарилари Афғонистон томондаёқ йўқ қилинган. Тожикистон чегараларидан эса бирорта жанггари ўтмаган, дея инкор қилди афғон генерали баëнотини тожик чегарачиси Хуншуд Раҳмутуллоев.

Куни-кеча Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Афғонистон шимолидаги вазиятдан ташвиш билдириб¸ НАТО етакчилигидан халқаро коалиция кучларини Афғонистон жанубий минтақаларидан жанггариларни сиқиб чиқаришга қаратилган самарасиз тактикани тўхтатишга чақирган эди.

КХШТ аъзолари бу тактика ортидан афғон тупроғини тарк этаётган толибларнинг қўшни Марказий Осиë давлатларига ўтиши ташвишга сабаб бўлаётганини алоҳида таъкидлаган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Давлат Назрий ўз давлатининг Афғонистон билан чегараларида толиблар сонининг ортаётгани хавотир манбаи эканини айтади.

-Афғонистон билан чегараларимизда пайдо бўлаётган толиблар сонининг кун сайин ортаётгани бизни ташвишга солмоқда. Афғонистонда вазиятнинг барқарорлашишидан¸ биринчи навбатда¸ биз манфаатдормиз. Шу нуқтаи-назардан чегаралардаги тарангликни юмшатиш мақсадида Афғонистон ҳукумати билан тиғиз ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, деди Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Давлат Назрий.

Тожикистон Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров октябр ойида ўтказган матбуот анжуманида 2009 йил Афғонистондан Тожикистон шимолига ўтиб келган мулла Абдуллонинг мамлакат шимолида ҳарбий лагер тузиш режасида эканини билдирган эди.

Айрим мустақил кузатувчилар ҳозиргача Тожикистон ҳукуматига таслим бўлмаётган мулла Абдулло бу ҳарбий лагерни Афғонистондан сиқиб чиқарилаётган жанггарилар учун ташкил қилаётганига ишора қилади.

“Бордию толиблар хавфи кучайса, Тожикистон ҳукумати кимга таянади? Душанбе мамлакат хавфсизлигини ҳимоялашга тайёрми?

-Бу ҳолатда¸ албатта¸ Тожикистон стратегик шериклари саналмиш давлатлардан ёрдам сўрайди. Афғонистон ва чегараларимиздаги хавфсизлик масалаларида Тожикистонга кўпроқ Америка Қўшма штатлари ёрдам бериб келмоқда. Агар зарурият туғилиб қолса, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатларни ҳам ёрдамга чақиришимиз мумкин , дейди Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Давлат Назрий.

Аммо Назрий жаноблари фавқулотда ҳол юз бергудек бўлса¸ ёрдамга чақирилиши кўзланган давлатлардан бирортасининг номини тилга олмади.

Афғонистондаги вазиятдан яхши хабари бўлган мустақил таҳлилчи Искандари Қосимшоҳ толиблар биргина Тожикистон эмас, балки минтақа барча давлатларига баравар хавф солаётгани ва ҳозиргидек вазиятда таҳдидга қарши тактикани минтақа миқëсида мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлайди.

- Шу нуқтаи назардан¸ энг аввало¸ минтақа давлатлари бириккан ҳолда иш юритишлари лозим. “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшнинг яхши” деган мақол бор халқда. Узоқдаги катта акалар ёрдамига умидвор бўлиш ўрнига,Тожикистон ўз қўшнилари билан минтақа хавфсизлиги масаласида зич ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур, дея мулоҳаза юритади Искандари Қосимшоҳ.

Айни пайтда¸ бошқа таҳлилчилар¸ сув ва энергетика¸ қолаверса хавфсизлик борасида бир-бирларига нисбатан иддаолари кучайиб бораëтган Марказий Осиë ҳукуматлари ўртасида Афғонистондан келаëтган таҳдидга қарши мувофиқлашган ҳолда кураш эҳтимолига кучли шубҳа билан қарамоқдалар.
XS
SM
MD
LG