Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:30

Жалолободда ўзбекларни ўлдирганлар устидан ҳукм ўқилди


Прокурор айблов хулосасини ўқимоқда.
Прокурор айблов хулосасини ўқимоқда.

5 ноябр куни Жалолобод шаҳар судида икки ўзбек йигитини ўлдирганликда айбланган тўрт нафар қирғиз айбланувчисига ҳукм ўқилди. Судланганларнинг икки нафари суд залидаëқ озод этилди, қолган иккитаси эса 20 ва 25 йилга озодликдан маҳрум қилинди.


Жалолобод шаҳар судида 13 июн куни 23 ёшли Ҳусниддин Тошматов ва 34 ёшли Шуҳрат Абдуллаевларни ўлдирганликда айбланганлар устидан ҳукм ўқилди.

Бу ҳақда Озодликка марҳум Ҳусниддиннинг дадаси Насриддин ака хабар берди:

-Суд охирига етди бугун. Тўртта одамни айбдор деб ҳисоблаган. Факт, далиллар ҳаммаси бор бўлди. Бугун иккитасини озодликка чиқарди, иккитасини қамади. Биттасига 25 йил, биттасига 20 йил берди, деди ўғлининг қотиллари устидан тугаган маҳкама ҳукми ҳақида жалолободлик Насриддин Тошматов.

Отанинг сўзларига кўра, 13 июнга қадар хусусий устахонада автомашина тузатиш билан машғул бўлиб келган тўнғич ўғил - Ҳусниддин бир тўда шахслар томонидан ваҳшийларча ўлдирилган:


-Ўша кунлари боламнинг аёлининг бўйида бор эди. Аёлини “қайнонасиникига ташлаб қўй” дедик. Машинада бориб, қайнонасиникига ташлаб келаётганида, домнинг олдида ушлаган.20-30та одам машинани ўраб олган. Бизнинг келинлар, қудалар ҳай-ҳайига қарамасдан, “келсанг ўлдирамиз” деб қудаларни ҳайдашган. Боламни бошқа машинага ўтказиб олиб кетишган. Менга қўнғироқ қилишганидан кейин 20 минутда етиб бордим. Топа олмай қолдим боламни. Кўп ерларда истадим, больницага бордим. Милицияга ариза бердим.16 - куни моргдан топдим.Ўлдирилган, куйдирилган, ёқишган ҳам, дейди июн ойидаги миллий асосдаги зўравонликлар чоғида тўнғичидан ажраган Насриддин Тошматов.

Икки ойдан ортиқ давом этган мазкур суд маҳкамасида¸ жабрланган томон фикрича, маҳкамага тортилган тўртала қирғиз миллатига мансуб шахснинг айби исботланган.

- Оперни болалари (оператив хизмат назарда тутилмоқда – таҳр), терговчилар сўраганида булар ҳаммасини айтиб берган. Иккинчи далил - менинг боламни машинасини олиб бориб, беркитишган. Машинани кейин оперни болалари топишди. Видеода қаерга олиб бориб, нима қилганигача айтиб берган. Бу ерда иккинчи боланинг ҳам ўлиги борда, Абдуллаев Шуҳрат деган боланинг ўлиги, дейди Насриддин Тошматов.

Ўғлини йўқотган ота суд маҳкамасининг ҳукмидан тўла қониқмаганини айтади:

- Мен иккитасининг ҳукмидан розиман, иккитасидан норозиман. Бу икковини нимага озодликка чиқаради?У ерда иккитамас, 15-20 та эди булар? Хўп, 15-20тасини топиш қийин бўлди.Тўрттаси топилганидан кейин групповой кетиши керак-да.
Мен ҳеч нима демадим. Прокурор сўради, прокурор сўраганига мен рози бўлдим.20 -25 йил ҳақиқатда турмада ўтирса, жазосига ярашада, дейди жалолободлик Насриддин Тошматов.

23 яшар Ҳусниддин Тошматов ҳамда 34 ёшли Шуҳрат Абдуллаевларни ўлдирганликда айбланиб, 25 йилга ҳукм қилинган Рустам Жеянбековнинг отаси ўғли айбсизлигини айтади:

-13-14 июн кунлари менинг ўғлим Жалолободда эмас эди. Мен уни ва қўшниларимни икки машинада бошқа жойга этиб қўйган эдим. Июн воқеаларидан сўнг милиция 17 июл куни ўғлимни қамади. Туни билан уриб чиқиб, йўқ айбни зўрлик билан бўйнига қўйди. Мен бу бўйича тўрт марта прокуратурага ёздим, натижаси чиққани йўқ, дейди айбланувчининг отаси.

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Абдумалик Шарипов Қирғизистон жанубида юзлаб ўзбеклар ўлдирилганлигига қарамай, шу пайтгача суд жараёнлари фақат қирғизлар ўлимида айбланаётган ўзбеклар устидан бўлиб келаётганлигини гапиради:

- Яна ажаблантираётгани жойи, нима учун бу томондан битта суд бўлаяпти? Июн воқеаларида жуда кўп ўзбеклар талафот кўрган, ўзбеклар орасида ўлганлар бор, талафот кўрганлар бор, талон-тарож бўлганлар бор. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига аризалр беришган. Лекин бу биринчи марта судга етиб борган иш бўлаяпти-да.Энди бўлаятгандир, балким тергов жараёнлари кетаётгандир. Аммо бизга етиб келганича йўқ, дея қўшимча қилади жалолободлик ҳуқуқ фаоли.

Қирғизистон жанубидаги миллий низо ҳовури босилиб улгурмай, 11-14 июн кунлари Ўш ва Жалолобод шаҳрида рўй берган оммавий тартибсизликлар ташкилотчилари ва иштирокчилари¸ ҳамда ўлдирилган қирғизлар қотиллигида айбланганлар устидан суд маҳкамалари бошланган.

Аксарият суд маҳкамаларига айбланаётган ўзбекларнинг қариндошлари киритилмади¸ киритилганлари ҳам суд залида, суд биноси олдида жабрланувчилар яқинлари томонидан калтакланди¸ ҳақоратланди.

5 ноябр куни ўзбекларни ўлдирганликда айбланган қирғизлар устидан ҳукм ўқилган маҳкама жараëнининг тинч ўтгани айтилди.
XS
SM
MD
LG