Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:51

ЕХҲТ масъули Азимжон Асқаров тақдиридан хавотирда


Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров устидан ўтказилаётган маҳкамаларни дунёдаги кўплаб нуфузли ташкилотлар диққат билан кузатиб турибдилар.
Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров устидан ўтказилаётган маҳкамаларни дунёдаги кўплаб нуфузли ташкилотлар диққат билан кузатиб турибдилар.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Янез Ленарчич қирғиз расмийларини жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров иши юзасидан адолатли судловни таъминлашга чақирди.

ЕХҲТ сайтида ёйинланган бу чорловда жаноб Ленарчич ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ва бошқа судланувчиларга нисбатан қийноқ қўлланилгани ҳақидаги баёнотларни ҳам текширишга чақиради.

“Қирғизистон ЕХҲТга аъзо мамлакат сифатида қийноқлар ва маҳбусларга нисбатан аёвсиз муомаланинг олдини олиш учун самарадор маъмурий ва суд чораларини кўриши шарт”, дейилади ЕХҲТ сайтида ёйинланмиш хабарда.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 10 ноябр куни Жалолобод вилоят суди ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ва у билан бирга судланган шахслар ишини қайта кўриб чиқиб, аввалги суд қарорини ўз кучида қолдирди.

Азимжон Асқаров шу йил июн ойида бўлиб ўтган Ўш қирғини чоғида Бозорқўрғон туманидан ўтувчи Ўш-Бишкек йўлини тўсиб қўйиш, милиция ходимларини ўлдириш ва тартибсизликларни уюштириш каби ҳатти-ҳаракатларда айбланиб, ҳибсга олинганди.

2 сентябрдан 15 сентябргача давом этган дастлабки суд жараёнида Азимжон Асқаров ва у билан биргаликда қора курсига ўтқазилган ўзбек миллатига мансуб 7 нафар судланувчига қарши асосан милиция ходимлари гувоҳлик берган эди.

15 сентябр куни Новкен туман суди судланувчилар Азимжон Асқаров ва яна икки кишини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди, қолган тўрт кишини 20 йилга ва яна бир судланувчини 9 йилга озодликдан маҳрум этди.

Айни пайтда судланувчилар ўтган барча маҳкамаларда ўзларига қўйилаётган айбловларни инкор қилганлар.

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг тақдири Халқаро Амнистия, Ҳюман Райтс Уотч ва бошқа кўплаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг диққат марказида турибди. Хусусан, қароргоҳи Лондонда жойлашган Халқаро Амнистия ташкилотининг 10 ноябр куни эълон қилган баёнотида қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг оғир касал экани ва унга тезда тиббий ёрдам кўрсатилиши кераклиги билдирилган.

Баëнотда келтирилишича¸ Азимжон Асқаров ҳозиргача ташхис қўйилмаган ошқозон-ичак йўлидаги касаллик сабабли 15 кундан ортиқ вақтдан бери овқат истеъмол қила олмай, азоб чекмоқда.

Қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳам қирғиз расмийларидан Азимжон Асқаровни зудлик билан тиббий кўрикдан ўтказиш, у ва бошқа маҳбусларни калтаклашга чек қўйиш ҳамда бу учун айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда.

“Биз ҳамкасбимиз Азимжон Асқаровнинг кўп маротаба калтаклангани ҳақида келаётган хабарлардан ғазабдамиз ва қирғиз расмийларини унинг аҳвол-руҳияси учун масъул, деб биламиз”, дея иқтибос келтирилади Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси тарқатган матбуот варақчасида қўмита директорининг ўринбосари Роберт Махони сўзларидан.

Жаноб Махони Қирғизистон Олий судини Азимжон Асқаровга дохил “уюштирилган иш” юзасидан ҳукмни бекор қилишга чақиради.

Асқаровнинг маҳаллий ва хориждаги ҳамкасблари ҳам ҳуқуқ фаоли устидан чиқарилган ҳукмни сиёсий ҳукм ўлароқ баҳоламоқдалар. Хусусан, Қирғизистондаги таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, “Қилим шами” ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасулова ҳам ана шундай фикрда.

- Асқаров ва у билан бирга судланганларнинг яқинлари: "Энди нима бўлади?" деган савол билан менга мурожаат қилишганидаёқ, "яхшилик кутманглар", деб очиқ айтганман. Чунки шу кунда Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ўта оғирлигича қолмоқда. Шунинг учун ҳам адолатли ҳукм чиқишига умид қилмаганмиз. Суд ҳукмлари ҳуқуқий ҳукм эмас, сиёсий қарорлар бўлиб қолаётганини кўриб турибмиз. Азимжон Асқаров ва у билан бирга кесилган 8 киши устидан чиқарилган ҳукм ҳам сиёсий қарордир. Биринчи ҳукм ҳам, кечаги ҳукм ҳам жабрланганларнинг судга ўтказган даҳшатли босими остида қабул қилинди. Икки миллат ўртасидаги бўлиниш катта муаммолигича қолмоқда. Шунинг учун бошқача қарор қабул қилинишини кутганим ҳам йўқ эди. Кечаги қарор Азимжон Асқаровнинг айбдор эканлиги эмас, балки вазиятнинг оғирлиги белгисидир, - деганди жумладан Азиза Абдурасулова 11 ноябр куни Озодликка берган суҳбатида.

Эндиликда Азимжон Асқаров ва у билан биргаликда судланган шахсларнинг адвокатлари аввалги суд қарори юзасидан Қирғизистон Олий судига мурожаат қилишлари кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG