Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:20

Тизгинланган урбанизация


Ўзбекистон аҳолисининг аксариятини ташкил қиладиган қишлоқ аҳли шаҳарга интилмоқда, лекин ҳукумат қўлидаги "тизгинлар" уларни тўхтамоқда.
Ўзбекистон аҳолисининг аксариятини ташкил қиладиган қишлоқ аҳли шаҳарга интилмоқда, лекин ҳукумат қўлидаги "тизгинлар" уларни тўхтамоқда.

Бутун дунё аҳолиси энг қашшоқ қатламининг камида 70 фоизи қишлоқларда яшайди. Қашшоқлар ҳамда очликда яшаётганларнинг катта қисми болалар ва ёшлардир. Бу маълумот Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси куни кеча эълон қилган навбатдаги йиллик ҳисоботдан олинди.


БМТнинг махсус институтларидан бири бўлган бу ташкилотнинг "Қишлоқдаги камбағаллик - 2011" ҳисоботи алоҳида ўрганиладиган катта тадқиқотдир ва унда тилга олинган масалалардан бирига тўхталамиз холос.

Ҳисобот муаллифларига кўра, ривожланаётган мамлакатлар аҳолисининг кўпроқ қисми – 55 фоизи қишлоқларда яшайди.

2020 – 2025-йиллар орасида қишлоқ аҳолиси сони энг юқори кўрсаткичга етиши ва ундан кейин камайишни бошлаб, шаҳарлашиш жараёни кучайиши тахмин қилинмоқда.

Худди шу гапни Марказий Осиё мамлакатлари, демакки, Ўзбекистонга нисбатан ҳам айтиш мумкин.

Агар ҳисобот муаллифларининг "дунё аҳолиси энг қашшоқ қатламининг камида 70 фоизи қишлоқларда яшайди", деган маълумотини назарда тутсак, аҳолининг қишлоқдан шаҳарга интилишини камабағалликдан қочиб, фаровонлик томон ҳаракати, деб тушуниш мумкин.

Ўзбекистон мустақилликка эришдию советча иқтисодий моделдан воз кечди, тўғрироғи, гўёки воз кечди.

Демак, аҳолининг қишлоқдан шаҳарга ёки аксинча, шаҳардан қишлоққа ҳаракати учун иқтисодий сабаблар пайдо бўлди.

Хўш, ортда қолаётган 19 йил давомида бу соҳадаги асосий тенденциялар нималарда кузатилди.

Камолиддин Раббимов ўзбекистонлик социолог олим:

- Менинг назаримда, биринчи эътибор беришимиз керак бўлган нарса мустақилликнинг бошидаги ва ҳозирги статистик маълумотлардир. Ўша даврда Ўзбекистонда шаҳар ва қишлоқ пропорцияси 65га 35 дейиларди. Яъни 65 фоиз аҳолимиз қишлоқда яшайди, 35 фоиз аҳолимиз шаҳарларда яшайди. Ўрта ва катта шаҳарлар назарда тутилган. Бугунги кундаги маълумотга келиб, мана шу пропорция бор-йўғи беш фоизга ўзгарган холос. Яъни 60 фоизи қишлоқда, 40 фоизи шаҳарда яшайди, дейди Камолиддин Раббимов.

Демак, қарийб 20 йил ичида Ўзбекистонда шаҳар аҳолиси 5 фоизгагина ўсган ва олимнинг фикрича, бу жуда оз кўрсаткичдир.

Хўш, бунинг сабаби нимада?

- Шу сабаблардан биттасини бу ҳуқуқий-меъëрий чеклаш дейишимиз мумкин. Маълумки, 1999 йилдаги Тошкентдаги портлашлардан кейин қонунчилик бироз кўриб чиқилган эди ва шаҳарларда, айниқса, Тошкент шаҳрида Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларидан бўлган фуқароларнинг рўйхатдан ўтиши ҳаддан ташқари қийинлаштирилган эди. Буни инобатга олиш керак, дейди социолог олим.

Келинг, энди Ўзбекистон аҳолисининг шаҳарлашиши жараёнига оддий тошкентликнинг кўзи билан қарайлик.

Тошкентлик Шавкат ака Бадалов аҳолининг қишлоқлардан мамлакат пойтахтига оқиб келишини назарда тутар экан, мана бундай деди:

- Мустақиллик бошлангандан 2-3 йилдан кейин жуда ҳам кучая бошлаган. Йилдан йилга, йилдан йилга жуда кўп кучайган. Кучайиш даври пик нуқтасидан бироз пастга тушдию, лекин ҳали ҳам бўлса бор одамлар. Мардикор бозорларда ишлаëтган одамларнинг ҳозирча кўзга кўринмаëтганлигининг сабаби шундаки, ички ишлар органлари доимий тарзда уларни йиғиладиган жойдан автобусларга босиб олиб кетиши буларнинг йўлини тўсиб турибди, дейди тошкентлик Шавкат ака Бадалов.

Эътибор берган бўлган бўлсангиз, социолог олим ҳам, оддий фуқаро ҳам бир-биридан мустақил равишда бир хил фикрни айтди: аҳолининг қишлоқдан шаҳарга интилиши бор, лекин давлат “тизгин”ни маҳкам ушлаб турибди.

Энди худди шу мавзуда Андижон вилояти, Олтинкўл туманидаги қишлоқлардан бирида яшайдиган Низомиддин ака билан ўтказганимиз мухтасар суҳбатни тингланг.

Озодлик: Кйинги йилларда Ўзбекистонда хусусан сиз яшаб турган ҳудудда шаҳарга томон ҳаракат бўлаяптими ëки аксинчами?

- Ҳозирги биз яшаб турган жойда асосан, ҳар бир хўжаликдан деса ҳам бўлаверади, биттадан одам шаҳарга бориб, бозор қилади, олибсотарлик қилади ўзимизнинг эскича айтганда. Завод, фабрика, бошқа нарса йўқ бу ерда. Фақатгина одамларнинг шаҳарга интилаëтгани ўша ерда туриб бозор қилиш. Олди-сотди билан шуғулланиб, шунда тирикчилиги ўтади, яхши бўлади. Шу соҳада интилиши мумкин холос. Масалан шаҳарга бориб институтда дарс бераман, техникумда дарс бераман, докторлик қиламан деб шаҳарга интилиш йўқ ҳисоби.

Озодлик: Завод-фабрикада ишлайман деганичи?

- Ишлаëтган завод-фабрикаларда ҳам ўзи саноқли одам ишлайди. Бир вақтлар биздан уч сменада битта ЛАЗ автобуси бўлса, 40 тадан 120 та одам олиб кетиларди ХБКнинг ўзига. Ҳозир битта Дамасда келади. Тўртта-бешта қизни олиб кетади. Ишлайдиган завод-фабрика, ишнинг ўзи йўқ. Иш бўлса экан, одамлар йўлкира қилиб бўлса ҳам бориб ишлаб келади.

Озодлик: Ўзи урбанизация деганда шаҳарга бориб саноат корхоналарида ишлаш назарда тутилади. Демак, унақа анъанавий урбанизация йўқ эканда.

- Ҳозир йўқ. Мен битта ХБКни айтдим. Бундан ташқари трикотажга ҳам мана шу ернинг ўзидан учта шофëр бор эди. Учта одам автобусда одам олиб кетар эди. Фабрика кўп эди Андижонда. Ҳозир одамлар ишласа ҳам хусусий фирмаларда ишлашади завод-фабрикаларда эмас. Олти-етти киши ишлайди холос. Шунинг учун ҳозир шаҳарда олди-сотди қилаëтган одамлар интилади холос. Уларнинг у ерда жой олиб яшаб туриш имконияти йўқ. Шаҳардан топиб келгани нонга, чойга, ëққа етади. Ундан орттириб биров бирор нарса ололмайди.

Озодлик: Қишлоқдан шаҳарга интилиш бўлар экан биринчи навбатда туман марказлари семиришни бошлайди. Ундан ортиб кейин вилоят марказлари семиришни бошлайди. Кейин пойтахт семиришни бошлайди. Туман марказининг аҳволи қандай? Кейинги йиллардаги ўзгариши қандай?

- Шу туман марказига кириб келишда пастаккина-пастаккина дўконча қурилди. Шуни қурасан-қурасан дейилганда қурилди. Одамларга сотилдими, берилдими ишқилиб очиб ўтиришади. Ичига кириб савдо қиладига нарсанинг ўзи йўқ. Бўлган билан биров олмайди. Қиммат. Туман марказида мустақилликдан бери қурилган нарса шу. 10та кичкина-кичкина дўконча. 20 йил ичида бошқа бнарса қурилгани йўқ ҳисоби.

Озодлик: Бу Олтинкўл тумани-а?

- Ҳа.

Озодлик: Завод-фабрика йўқми сизларда?

Бизнинг туман марказида Олтинкўлтекстил деган пешонасига ëзиб қўйган трикотаж фабрика бўларди. Буни қайсидир катта одам олибди деди. Отини айтгани ҳам қўрқамиз. Фалонча олибди, пистонча олибди дейишди. Кўча томонида Олтинкўлтекстил деган ëзиб қўйилган. Лекин у ерга 200та одам кириб ишлаганини билмаймиз. Совет даврида қурилган бино. У янги қурилгани йўқ, дейди Олтинкўл туманидаги қишлоқлардан бирида яшайдиган Низомиддин ака.

Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармасининг "Қишлоқдаги камбағаллик - 2011" ҳисоботидан келиб чиқиб ўрганганларимиздан пайдо бўлган хулосалар булардир:

Ўзбекистон қишлоқларида, ҳар ҳолда Андижоннинг Олтинкўлида қишлоқдаги мавжуд ишчи кучини иш билан таъминлаш учун етарли қувватлар йўқ.

Шунинг учун аҳоли вилоят марказларига иш излаб боришга мажбур бўлаяпти, лекин бу жойларда ҳам саноат корхоналари мустақилликкача бўлган даврдаги қуввати билан ё ишламаяпти, ёки мутлақо йўқ бўлиб кетган.

Урбанизация жараёни мавжуд лекин бу жараён қатъий назорат қилинади – “тизгин”ланган.

Натижада ўзбекистонликлар ишни бошқа давлатлардан излашга мажбур бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG