Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:38

Эрон хориж элчиларини ядровий объектларига таклиф қилди


Элчиларнинг Натанздаги иншоотни ҳам кўришлари айтилмоқда.
Элчиларнинг Натанздаги иншоотни ҳам кўришлари айтилмоқда.

Жорий ой ниҳоясида БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия расмийлари Истанбулда Эрон ядровий дастури юзасидан навбатдаги музокараларни бошлайди. Мазкур йиғин арафасида Теҳрон хориж дипломатларини ўз ядровий объектларини кўришга таклиф қилди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги маркази Венада жойлашган Халқаро атом энергияси агентлигида рўйхатга олинган хориж дипломатларини мамлакат ҳудудидаги ядровий иншоотларни келиб кўришга таклиф қилди.

Вазирлик матбуот котиби Рамин Меҳманпарастнинг айтишича¸ Эрон ядровий объектларини кўриш таклифини олганлар орасида БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлган давлат дипломатлари ҳам бор.

Айни пайтда¸ Европа Иттифоқига аъзо давлатлар¸ қолаверса қўшилмаслик ҳаракатига кирган мамлакат вакилларига ҳам айни таклиф берилган.

Теҳрон расмийсига кўра¸ бу таклиф Эрон исломий жумҳуриятининг ўз нияти яхшилигини яна бир бор намоëн қилаëтгани ифодасидир.

- Мамлакатимиздаги ядровий иншоотларга турли давлат элчиларини таклиф қилиш қарори яна бир бор Эроннинг ҳамкорлик ва тинчлик ҳаракатларига нисбатан яхши ниятда эканини кўрсатиб турибди¸ деди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили¸ ўз элчисининг Теҳрондан бундай таклиф олганини тасдиқлади¸ аммо таклифнинг Пекин томонидан қабул қилинган-қилинмагани ҳақида тўхталмади.

2011 йил 1 январидан бошлаб Европа Иттифоқига президентлик қилиш навбатини қабул қилган Венгрия элчиси ҳам Теҳрондан таклифнома олганини айта туриб¸ ҳозирда бу таклифга қандай жавоб қайтариш бўйича иттифоқ аъзолари¸ қолаверса ЕИнинг Ташқи сиëсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон билан сўзлашувлар бораëтганини билдирди.

Европа комиссияси матбуот котиби ҳам ўз элчисининг айни таклифномани олганини тасдиқлади¸ аммо айни пайтда¸ Эрон ядровий иншоотларини текшириш ва ядровий дастур вазиятини баҳолаш учун Халқаро Атом энергияси агентлиги инспекторлари тўлиқ имконга эга бўлиши лозимлигини урғулади.

Россия элчисининг ҳам таклиф қилинганлар рўйхатида экани айтилмоқда.

“Эрон ядровий иншоотларини кўриш таклифини олганлар орасида АҚШ нинг Халқаро атом энергияси агентлигидаги элчиси ҳам борми?” деган саволга аниқ жавоб бермаган Теҳрон сўзчиси¸ ҳозирча таклиф қилинадиганлар рўйхатини тузиш ниҳоясига етмаганини билдирди¸ холос.

Аммо агентликка яқин дипломатик манбаларга кўра¸ АҚШ элчиси Теҳрондан таклифнома олмаган.

Эроннинг Истанбул йиғини олдидан халқаро ҳамжамиятга йўллаган таклифига муносабат билдирган АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили¸ бундай таклифнома Эроннинг Халқаро атом энергияси агентлиги билан ҳамкорлик қилиш мажбурияти ўрнини боса олмаслигини таъкидлади.

Агентликка яқин дипломатик манбанинг Ғарб нашрларига билдиришича¸ Теҳрон таклифига мувофиқ¸ элчилар Бушеҳрдаги ядровий завод¸ ҳамда Натанздаги уранни тўйинтириш иншоотига бевосита саëҳат қилишлари мумкин.

Эроннинг Халқаро атом энергияси агентлигидаги элчиси Али Асқар Султонийнинг маҳаллий нашрларга билдиришича¸ элчилар ядровий иншоотларни 15-16 январ кунлари бориб кўришлари мумкин. Ҳозирча январ ойи охирларида Эрон ядровий дастури устидан Истанбулда ўтиши кутилаëтган янги давра музокараларнинг аниқ куни белгиланган эмас.

Бир йиллик танаффусдан сўнг 2010 йилнинг 6-7 декабр кунлари Женевада бўлиб ўтган сўнгги давра музокараларда БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий вакили¸ қолаверса Германия расмийлари Теҳрон музокарачилари билан кўпдан давом этаëтган зиддиятни тарқатиш борасида деярли самарага эриша олмадилар.

Йиллардан бери Ғарб¸ айниқса АҚШ Эроннинг ўз ядровий қуролига эга бўлишга уринаëтганини шубҳа қилишдан¸ Теҳрон эса¸ ўз ядровий дастурининг фақат тинч мақсадларга қаратилганини таъкидлашдан қолмаëтир.
XS
SM
MD
LG