Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:03

Тожикистонда исрофгарчиликка қарши қонун ишлаяптими?


Тожик расмийлари “Урф-одат ва тўю маъракаларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонун чиқимларни 3 миллион АҚШ долларига қисқартиргани даъво қилмоқдалар. Кузатувчиларга кўра эса, бу даъволар пучдир.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдураҳим Холиқов “Урф-одат ва тўю маъракаларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонун тожикистонликлар учун анча енгилликлар берганини билдирди.

- Биргина 2010 йил давомида тўй-ҳашамлар, турли маъракалар ўтказган тожикистонликлар тахминан 16 миллион сомоний иқтисод қилдилар. Бу ҳозирги курс бўйича қарийб 3 миллиону 63 минг АҚШ долларига тенгдир. Фикримча, бу халқ учун анча енгиллик ҳисобланади, - деди ортда қолаётган ҳафта давомида журналистларга матбуот анжумани берган ҳукумат мулозими Холиқов.

Дин ишлари бўйича қўмита раисидаги маълумотларга кўра, 2010 йил давомида республика бўйлаб 150 дан ортиқ турли турдаги тадбирлар ўтказилган ва бунинг учун тахминан 400 миллион сомоний ёки 90 миллион доллардан ортиқроқ маблағ сарфланган.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда ҳам Марказий Осиё бошқа давлатларидаги сингари тўй-ҳашамлар ва диний тадбирлар учун сарфу харажат йил сайин ортиб бораётгани ортидан аҳолисининг тахминан 70 фоизи қашшоқ деб топилган Тожикистон ҳукумати 2007 йил бу тадбирларни тартибга солувчи қонун қабул қилишга қарор қилганди.

Мазкур қонунга мувофиқ, мамлакатда тўй-ҳашам ва диний тадбирлар сони камайтирилди. Туғилган кунларни нишонлаш, Бешик тўйи, Қиз базми, Чаллар кабилар шулар жумласидандир.

Шу кунларда айрим тожикистонликлар мазкур қонун қабул қилинганидан сўнг бу йўналишда кўзланган енгилликни ўз танида ҳис этганларини айтмоқдалар.

- Қонун қабул қилинганидан бери аввалгига қараганда харажат анча кам бўлган. Масалан, кўрпаликлар, келин-куёвнинг кийимлиги масаласида. Аввал одамлар келинга икки тахт кўрпа-тўшак қилишга мажбур эди. Кийимликларни ҳам қиммат матоларнинг ўзидан 15 тагача қилишарди. Ҳозир анча камайган, келинга 7 тагача кийим қилишади ҳозирги қонун бўйича. Бу ота-онага анча ёрдам-ку, - дейди душанбелик суҳбатдошимиз Мавлуда ая.

Суҳбатдошимиз кийимликлар билан бир қаторда қиз томонга куёв томондан бериладиган чорва сони ҳам учтадан биттага қисқартирилганини, тўйларда уч-тўрт қозон таом ўрнига битта қозон қайнатилаётганини қўшимча қилди.

Шу ўринда айтиб ўтсак, қонун кучга кирган дастлабки кунларда ундан хабарсиз қолиб, қонунга хилоф иш тутган тожикистонликлар 2000 сомонийдан (460 доллар, - таҳр.) 5000 сомонийгача (1150 доллар, - таҳр.) жарима тўлашга мажбур бўлдилар.

Ундан ташқари ким тўй-маъракасида қонунда белгиланган бир қозондан ортиқроқ таом тайёрлатса, қозонлардан бири қонун ижрочилари томонидан етимхоналарга тарқатиб берилган ҳоллари ҳам кузатилган.

Аснода тўю маъракаларни тартибга солиш тўғрисидаги қонун қоғозларда қолиб кетаётгани ва расмийлар эса тахминий рақамлар билан мақтанаётганини иддао қилаётган тожикистонликлар ҳам топилади. Рудакий туманида яшовчи Садоратхон улардан биридир.

- Танзим дегани билан ҳеч ким унга амал қилмаяпти. Туғилган кунми, бешик тўйими, чақирдими - ҳамма ўз кучига қараб қилаяпти барибир. Одамлар Россияда ишлаб келаётгани учунми - ҳеч ким танзимга қарамаяпти ҳозир. Ўзи аслида бизнинг халқимизда тежаш деган нарса йўқ. Чунки одамларда номус десамми ёки баҳслашиб десамми - барибир ҳамма маъракаларни қилаяпти. Чиқарилган қонунлар фақат қоғозларда қолиб, ҳукумат йўқ нарсаси билан мақтаниб келаяпти, - дейди биз билан суҳбат чоғида худди шундай таъқиқланган тадбирларнинг бирида қатнашиб турганини қистириб ўтган Садоратхон.

Мустақил кузатувчилар эса Тожикистонда тўю маъракаларни, урф- одатларни тартибга солгани айтилаётган янги қонун тожик жамиятида порахўрликнинг яна бир зина юксалишига туртки бўлганини урғулашмоқда.

- Масалан, таъқиқланган тадбир устидан чиқиб қолган қонун ижрочилари кўп ҳолларда ошна-оғайнигарчилик қилиб ё бўлмаса ўзига тегишли бир улушини олиб, “Оқ туя кўрдингми – йўқ” қабилида иш тутмоқда. Бундан оддий халқ ҳам, ҳукумат юқори амалдорлари ҳам яхшигина хабардор. Лекин ҳеч кимнинг буни билан иши йўқ, - дейди мустақил кузатувчи Ҳалимахон Азаматова.
XS
SM
MD
LG