Миср расмийлари Қоҳира ва бошқа шаҳарларда ўтказилган намойишлар такрорланишининг олдини олишга уринмоқда. Бироқ норозилик ташкилотчилари халқни президент Ҳусни Муборакка босимни давом эттиришга чақирмоқда.
Миср Ички ишлар вазирлиги кўча чиқишларини тақиқлаб, намойишчилар жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирмоқда. Мисрлик фаоллар мамлакат бўйлаб аксил-ҳукумат намойишларини давом эттиришга чақириб, пойтахт Қоҳирада норозилик уюштиришга урингач, расмийлар сешанба кунги воқеалар такрорланишининг олдини олиш мақсадида ана шундай чорани қўллади.
Ички ишлар вазирлиги чоршанба куни эълон қилган баёнотда “провокацион ҳаракатлар, норозилик йиғинлари, юришлари ёхуд намойишлари тақиқланиши” айтилади. Унда тақиқни бузганлар жавобгарликка тортилиши ҳақидаги огоҳлантирув ҳам баён қилинган.
Сешанба куни Мисрда президент Ҳусни Муборак иқтидорга келганидан бери мисли кўрилмаган миқёсдаги, ўн минглаб одам иштирок этган норозилик намойишлари ўтказилди. Полиция кучлари оломонни кўздан ëш оқизувчи газ ва сув пуркагичлар ёрдамида тарқатишга уринди.
Суэз порт шаҳридаги намойишларда полициячилар яқин масофадан отган елим ўқлардан икки киши ҳалок бўлди. Елим ўқдан жароҳатланган яна бир намойишчи чоршанба куни вафот этди.
Сешанба куни Қоҳирадаги намойишлар пайтида бир полициячи ҳам бошига тош тегиб ҳалок бўлди.
Тун тушгач Қоҳирадаги намойишчилар марказдаги Таҳрир Майдонига тўпланиб, Ҳусни Муборак ҳукумати қуламагунча пикет ўтказиш билан таҳдид қилди.
Бироқ ярим тундан кейин полиция махсус кучлари кўздан ëш оқизувчи газ ва брандспойтлар ёрдамида намойишчиларни тарқатиб юборди.
Чоршанба тонгда Қоҳирада расмийлар назорат ўрнатди. Лекин сешанба кунги намойишлар ташкилотчиси ҳисобланмиш “6 апрел” номли ёшлар ҳаракати ўзининг Facebook тармоғидаги саҳифасида Қоҳирада яна намойиш ўтказиш чақирувини эълон қилди.
Айни пайтда, расмийларнинг Twitter интернет тармоғига тўсиқ қўйгани ва мухолифатнинг ўз тарафдорларини тўплаш имкониятини чеклаб қўйгани айтилмоқда.
Қоҳирада чиқдаиган “Ал Масрий Ал-Яум” газетаси бош муҳаррири Эҳаб ал-Зелакий Facebook ва Twitter каби тармоқлардан намойишларни уюштиришда фойдаланиш Миср мухолифати учун янгилик бўлди ва унинг имкониятларини кенгайтирди, айниқса ёшларнинг сиёсий фаоллигини оширди¸ дейди.
- Биз ижтимоий тармоқлар ёрдамида мулоқот қилаётган ва намойишларга тўпланаётган ёшлар ҳаракатининг фаоллашаётгани гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу Мисрдаги анъанавий сиёсий фаолликдан мутлақ фарқ қилади, дейди журналист.
Интернетда 80 мингга яқин мисрлик норозилик намойишларида қатнашиш ниятини билдирган бўлса-да, сешанба кунги чиқишлар кўлами кўпчиликни, жумладан намойиш ташкилотчиларини ҳам ҳайрон қолдирди.
Намойишлардан аввал ташкилотчилар кўчага бир неча минг кишини олиб чиқишга муваффақ бўлса, мақсадга эришажагини айтган эди.
Мисрликлар президент Ҳусни Муборакнинг истеъфосини талаб қилар экан, коррупциянинг кучлилиги¸ ҳамда оддий халқ турмуш даражаси пастлигидан норозилик билдирди. Улар Тунисда юз берган сиёсий ўзгаришлардан илҳомланганларини айтдилар. Журналист Эҳаб ал-Зелакий бундай деди:
- Мисрлик ёшлар араб дунёсидаги энг кучли диктатуралардан бири – Тунис диктатураси халқнинг босимига дош беролмай қулаганидан илҳом олди, деб ўйлайман. Менимча, мисрликларнинг аксарияти: "Нима учун бизда мумкин эмас экан? Нима учун биз Мисрда ўз тақдиримизни ўзимиз ҳал қилолмас эканмиз?" демоқда, дейди журналист.
Сешанба кунги намойишчиларнинг аксариятини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилди. Лекин норозилик тадбирида турли ёшдаги, мусулмон ва насроний мисрликлар Муборакнинг истеъфоси талабидаги шиор остида бирлашганини айтиш жоиз.