Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:04

ЭлБарадей ўтиш даври ҳукуматини тузишга ҳозир


Нобел мукофоти совриндори Муҳаммад ал-Барадей намойишчилар орасида.
Нобел мукофоти совриндори Муҳаммад ал-Барадей намойишчилар орасида.

Миср мухолифати лидерлардан бири, Нобел мукофоти совриндори Муҳаммад ЭлБарадей Миллий бирлик ҳукумати тузилишига йўл очилиши учун президент Ҳусни Муборак ўз лавозимидан воз кечиб, мамлакатни тарк этиши лозимлигини айтди.

30 январ куни Қоҳиранинг “Таҳрир” майдонидаги намойишчилар олдига келган Муҳаммад ал-Барадей уларни президент Муборак истеъфога чиқмагунича норозилик акцияларини тўхтатмасликка чақирди.

- Мен Муборак режими қуламагунича зарур бўлган намойишларнинг барчаси иштирок этаман. Мен бутун Миср жамоатчилиги бу режимнинг диктаторлик режими экани ва у иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларда муваффақиятлар келтирмагани ҳақида яхлит фикрда, деб ўйлайман. Бизга эркин, демократик Миср керак, биз ўтиш даврини бошдан кечиришимиз лозим, - деб билдирди Муҳаммад ал-Барадей.

Ўн минглаб намойишчи йиғилган Таҳрир майдонида баёнот бераркан, ал-Барадей президент Муборакни ўтиш даври ҳукумати шакллантирилишига имконият бериш учун мамлакатни тарк этишга чақирди. Аввалроқ Мисрдаги етакчи мухолифат ҳаракатларидан бири Иҳвонул-муслимийн (Мусулмон биродарлар) ҳаракати расмийлар билан бўлажак муҳтамал музокараларда ал-Барадей мухолифатдан вакил сифатида иштирок этиши мумкинлигини билдирганди.

Айни пайтда 30 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган 82 ёшли президент Ҳусни Муборак ўз лавозимини тарк этишга ошиқмаяпти. У армия ўзини қўллашига умид қилаяпти.

Мисрда 26 январдан буён давом этаётган норозилик намойишларида, маълумотларга кўра, 100 дан зиёд киши ҳалок бўлди, 2000 мингдан кўпроқ одам жароҳатланди. Ал-Жазира телеканали эса ҳало бўлганлар сони 150 дан ошгани, 4000 чоғли одам тан жароҳати олгани ҳақида хабар тарқатди.

28 январ кунидан бошлаб Мисрдаги катта шаҳарлар кўчаларига чиққан танклар мамлакатдаги муҳим объектларни қўриқламоқда. 26 январдан бери кўчаларда полициячилар қолмагач, одамлар қўлбола қуроллар билан ўз мулкларини муҳтамал талончилардан ҳимоя қилишга ўтдилар. Тартибсизликлар чоғида мамлакат қамоқхоналаридан минглаб маҳбуслар қочгани ҳақида хабарлар келмоқда. Жумладан, Қоҳира жанубидаги ал-Файюм қамоқхонасидан 5 мингдан зиёд маҳбус қочгани хабар қилинди. Аснода бугун Миср кўчаларида полиция пайдо бўлиши кутилмоқда.

Мисрдаги вазиятни изга солишдан ҳали ҳам умид узмаган президент Муборак 29 январ куни мамлакат ҳарбий ҳаво кучлари раҳбари Аҳмад Шафиқни бош вазир, сиёсий разведка бошлиғи Умар Сулаймонни вице-президент этиб тайинлади. Аммо бу тайинловлар намойишчиларни қониқтирмаяпти. Ўзларига бундай “юзаки таъмир” керак эмаслигини таъкидлаётган норозилар, олти кундирки, президент Муборак истеъфосини талаб қилмоқдалар.

– Собиқ бош вазир Аҳмад Назифни истеъфога чиқариш ва унинг ўрнига бошқасини тайинлаш ҳисобига ҳукумат таркибида қилинган ўзгаришлар ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Бизга сиёсий ўзгаришлар керак. Мамлакатда қашшоқлик тобора кучайиб бораяпти, аҳолининг 43 фоизи ўта қашшоқ ҳаёт кечиради ва буларнинг барчасига Муборак айбдор, - дейди қоҳираликлардан бири.

Сиёсий ўзгаришлар талаби билан кўчага чиққан мисрликлар “Президент кетиши керак!” дея ҳайқирмоқдалар.

Айни пайтда дунёдаги етакчи давлатлар раҳбарлари президент Муборакни истеъфога кетишга чақиришдан тийилиб турибдилар. Кузатувчиларга кўра, улар ҳозир Миср армияси қандай ҳаракат қилишини кутиб турибдилар, чунки Ҳусни Муборакнинг президентлик курсисида қолиш-қолмаслиги кўп жиҳатдан армиянинг ўзини қандай тутишига боғлиқ. Айрим маълумотларга кўра, армия қўмондонлари ҳали ҳам садоқат билан президент Муборак буйруқларини бажармоқдалар. Аснода Миср кўчаларидаги аскарларнинг намойишчиларга хайрихоҳлик кўрсатаётгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.
XS
SM
MD
LG