Линклар

Шошилинч хабар
21 июн 2025, Тошкент вақти: 06:30

Таҳрир майдони тўқнашувлар марказига айланди


Ҳусни Муборак истеъфоси талаби билан Қоҳиранинг марказий хиëбонига икки миллионга яқин одам йиғилгани эртасига айни майдонга Муборак тарафдорлари кириб келди ва намойишчилар ўртасида даҳанаки жанг бошланишига сабаб бўлди.

Айримлари от ва туя минган Муборак тарафдорлари президент истеъфоси талаби билан тўққиз кундан бери йиғилиш ўтказаётган минглаб намойишчи тўпланган майдонга кириб келганидан кейин тўқнашувлар бошланиб кетди.

Икки томон бир-бирини тошбўрон қилди. Намойишчилар ҳужумчиларни от ва туялардан тортиб туширди. Тўқнашувда камида 26 киши жароҳатлангани айтилмоқда.

Қоҳирада тўқнашувлар юзага чиқди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:07 0:00
Бевосита линк


Мисрда шу кунга қадар тўқнашувларда ҳалок бўлганлар сонининг 300 га етгани айтилмоқда.

1 феврал куни Таҳрир майдонига бир миллиондан ортиқ одам тўпланган эди. Сешанба кунидан фарқли равишда 2 феврал куни Миср армияси ҳарбийлари намойишчиларни тарқалишга чақирди.

Қоҳирада телевидение орқали халққа мурожаат қилган Миср ҳарбийлари матбуот вакили Исмоил Этман намойишчиларнинг уйларига қайтиши кераклигини айтди.

- Муждангиз қабул қилинди ва талабларингиз маълум. Биз сизнинг, Миср халқининг хавфсизлигини таъминлаш учун қаттиқ ишлаяпмиз. Биз мамлакат чақириғига оғир ва сермаҳсул меҳнат билан жавоб бермоғимиз лозим, деди армия матбуот вакили.

Ундан олдин Миср телевидениеси президент Муборак тарафдорлари ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар юз бериши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб келаётган эди.

Айни пайтда¸ Мисрдаги иккинчи йирик шаҳар ҳисобланмиш Искандарияда ҳам президент Ҳусни Муборак тарафдорлари ва кўчага чодирлар тикиб тунамоқчи бўлган ҳукуматга қаршилар ўртасида тўқнашувлар юз берди. Зўравонликни тўхтатиш учун ҳарбийлар осмонга огоҳлантирувчи ўт очди.

Мамлакат телевидениеси орқали 1 феврал куни халққа мурожаат қилган Муборак сентябр ойида бўладиган президентлик сайловида иштирок этмаслиги¸ аммо унга қадар истеъфога ҳам чиқмаслигини айтди.

82 ёшли Ҳусни Муборак президентлик муддатининг қолган қисмини тинч ҳокимият алмашинувини таъминлашга сарфлашини айтди.

- Менинг ҳозир асосий вазифам мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни тиклаш, Миср ва мисрликлар манфаатидан келиб чиққан ҳолда, тинч ҳокимият алмашинувини таъминлаш ва бўлажак сайловларда халқ сайлаган одамга ҳокимиятни топширишдан иборат. Шуни чин дилдан айтмоқчиманки, ҳозирги вазиятдан қатъий назар, мен президентликка яна даъво қилиш ниятида эмасман, - деди Миср президенти.

Ҳусни Муборакнинг ўз халқига мурожаатидан кейин телевидениеси орқали чиқиш қилган АҚШ президенти Барак Обама Миср президенти билан телефон мулоқотида унга ҳокимиятни топшириш ишлари “ҳозир бошланиши кераклиги”ни айтганини билдирди.

Шунингдек, 2 феврал куни Британия парламентида чиқиш қилган Бош вазир Дэвид Камерон Миср президентининг ҳокимиятни тез орада топшириши муҳим эканини айтди.

- Президент Муборак лавозимидан кетишини айтди ва биз буни ҳурмат қиламиз. Асосий масала нафақат ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш балки, бу ишни ишончли тарзда бошлашдир, деди Британия Бош вазири.

Мисрдаги сиёсий воқеалар минтақа давлатларидаги вазиятга ҳам таъсир этмоқда.

Хусусан¸ 2 феврал куни Яман президент Али Абдуллоҳ Солиҳ парламент аъзолари олдида қилган чиқишида президентлик муддати 2013 йилда тугаганидан сўнг уни узайтириш ниятида эмаслигини эълон қилди. Яман мухолифати 3 феврал куни ҳукуматга қарши намойиш ўтказишни режалаган. Яман раҳбари баёнотининг Мисрдаги намойишчиларни рағбатлантиргани айтилмоқда.

Иорданияда қирол Абдулла эса 1 феврал куни ҳукуматни тарқатиб юборди ва миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Маъруф Бахитни янги Бош вазир этиб тайинлади. Иордания қироли янги ҳукумат тузиш вазифаси топширилган Бош вазирдан мамлакатда “ҳақиқий сиёсий ислоҳотлар ўтказишни” хоҳламоқда.

Айни пайтда¸ Мисрдаги воқеалар дунё биржаларида нефт нархига таъсир қилмоқда. Миср нефт экспорт қилувчи давлат бўлмаса ҳам, бу мамлакатда юз бераётган сиёсий нотинчлик дунё биржаларида нефт нархи кескин кўтарилишига сабаб бўлди. Шу ҳафтада бир баррел нефт нархи 100 АҚШ долларидан ошди.
XS
SM
MD
LG