Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:43

Тожик-қирғиз чегарасидаги вазият муҳокама этилди


Душанбе расмийларига кўра¸ чегаранинг Тожикистон томонида ҳеч қандай муаммо йўқ.
Душанбе расмийларига кўра¸ чегаранинг Тожикистон томонида ҳеч қандай муаммо йўқ.

Тожикистоннинг Исфара туманида қирғиз ва тожик чегара хизмати раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтди. Бу йиғинга Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаеванинг ўзаро чегараларнинг яхши қўриланмаëтгани ва қўшни давлатдан мамлакатга террорчилар ўтиб келиш эҳтимоли ҳақидаги баëноти сабаб бўлган.


Чегараолди Исфара шаҳридаги учрашувда қатнашган Қирғизистон Чегара қўшинлари қўмондони Тиленов ва унинг тожикистонлик ҳамкасби Шерали Мирзо чегарадаги вазият ва ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Исми айтилмаслиги шарти билан гапирган Тожикистон чегара қўшинлари зобитининг айтишича, учрашувда Тожикистон томони Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаеванинг иддаолари асоссизлигига урғу берган. Шундан кейин Қирғизистон делегациясига Тожикистон томондан чегаранинг қанчалик мустаҳкам қўриқланаётганини амалда кўрсатиш учун қирғиз расмийларига чегара бўйлаб саëҳат уюштирилган. Бундан ташқари қирғиз чегарачиларига Роза Ўтунбаева тилга олган Рашт водийсидаги нотинч вазият ҳақида маълумот берилган.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева республика куч ишлатар тизимлари вакиллари билан учрашув пайтида жанубий чегаралар мустаҳкам қўриқланмаётганлиги қўшни давлатдан террорчи гуруҳлар сизиб ўтишига олиб келиши мумкинлигини айтган эди. Бироқ Тожикистон томони Қирғизистон раҳбарининг бу иддаоларини рад этди.

-Агар Қирғизистон раҳбарлари Рашт ва Исфарадаги вазиятни назарда тутиб шундай фикрга келган бўлса, бу гапларнинг замирида асос йўқ. Чунки Раштда ҳам, республика шимоли Исфарада ҳам тинчлик¸ оромлик. Боз устига¸ Тожикистоннинг барча чегаралари мустаҳкам қўриқланмоқда ва аҳоли хавфсизлиги таъминланмоқда, деди Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Маҳмадулло Асадуллоев.

Душанбе расмийлари Қирғизистон раҳбарларини қўшни давлат шаънига асоссиз туҳматлар қилаëтганликда айбламоқда.

- Қирғизистон рахбарияти қўшниларни айблашдан олдин мустаҳкам далиллар келтириб, кейин овозни баланд қилиши керак. Агар Тожикистондан Қирғизистонга ўтган террорчи гуруҳлар аниқланиб ушланган бўлса, бизга кўрсатишсин. Зеро ҳар қандай иддао асосли бўлмоғи лозим. Акс ҳолда¸ бу оддий сафсатабозликдан бошқа нарса эмас, дейди Тожикистон парламенти ҳуқуқ, хавфсизлик ва мудофаа қўмитаси вакили Саттор Холов.

Унга кўра, 2010 йилда ҳам қирғиз расмийлари бир неча марта Тожикистонни асоссиз айблаган эди. Жумладан, Қирғизистон кучишлатар тизимлари раҳбарлридан бири Қубатбек Байболов мамлакат жанубидаги қонли воқеалар ташкилотчиларидан бири бўлган жуда таниқли сиёсатчи қўлга олинганини билдирган эди. Унинг даъвосича¸ 100-120 кишидан иборат ҳарбий форма кийган, яхши қуролланган мобил гуруҳлар ҳар икки тарафга, ўзбекларга ҳам, қирғизларга ҳам ўқ отган¸ халқни зўравонликка мажбурлаб, талончилик билан шуғулланган. Жаноб Байболов гуруҳлар орасида оч ночор ва пулсиз қолган Тожикистон фуқаролари бўлганлигини ҳам иддао қилган эди, дейди Саттор Холов.

Бироқ тожик таҳлилчилари бошқа фикрдалар. Уларнинг айтишларича, 2010 йил август ойида республика Хавфсизлик қўмитаси вақтинчалик изолятори ва Адлия вазирлиги тергов изоляторидан қочган маҳбуслар ушланмас экан, мамлакатда вазият нотинчлигича қолаверади. Боз устига, расмийлар иддаолари бўйича 2010 йилда Рашт туманида ҳарбийлар колоннасига ҳужум уюштирган Мулло Абдулло ҳам озодликда экан¸ республика шарқида тинчлик бўлмайди.

- Душанбедаги қамоқхонадан 2010 йил август ойи охирида 25 маҳбус қочди, Хўжандда Уюшган жиноятчиликкка қарши кураш бошқармасининг вилоятдаги минтақавий бўлимида рўй берган кучли портлашда уч киши ҳалок бўлди. Йигирмага яқин милиция вакиллари турли жароҳатлар олди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай республика шарқидаги Рашт туманида ҳарбийлар колоннасига ҳужум уюштирилди. 25 аскар ҳалок бўлди¸ дейди таҳлилчи Баҳром Шокиров.

Таҳлилчининг сўзларига кўра¸ яқинда Хўжанд шаҳри ва Истаравшан туманида портловчи ускуна солинган жами учта автомашина зарарсизлантирилган. Мана шуларнинг ҳаммаси наинки чегарачилар балки бутун республика куч ишлатар тизимлари сустлигидан далолатдир. Роза Ўтунбаева ҳам Тожикистондаги мана шу вазиятни назарда тутган бўлиши мумкин.

Вилояти ички ишлар бошқармаси маълумотларига биноан Хӯжанддаги порт-лашдан сӯнг 50 дан ортиқ киши қӯлга олинган.Уларнинг ҳаммаси Ӯзбекистон Исломий ҳаракатига аъзоликда гумонланмоқда.

Айни пайтда Тожикистон ва Ўзбекистон чегара нуқталарида ҳам назорат кучайтирилганича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG