Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:08

Тожикистондаги ўзбек қочқинлари учинчи давлатга чиқиб кетишдан умидвор


Қирғизистон жанубида содир бўлган июн қирғинидан сўнг ўшлик ва жалолободлик ўзбекларнинг бир қисми Тожикистонга қочиб ўтишга мажбур бўлганди.
Қирғизистон жанубида содир бўлган июн қирғинидан сўнг ўшлик ва жалолободлик ўзбекларнинг бир қисми Тожикистонга қочиб ўтишга мажбур бўлганди.

Тожикистондан бошпана топган қирғизистонлик ўзбек қочқинларининг учинчи давлатга кўчирилиш масаласи мавҳум бўлиб қолмоқда. БМТнинг Душанбедаги идораси расмийлари қочқинларни учинчи давлатга кўчириш дастури 2005 йилда тўхтатилганини айтмоқдалар.

Бундан тахминан саккиз ой аввал Қирғизистон жанубидан Тожикистонга кириб келган ўзбекларга расман қочқинлик мақом берилди. Аммо бу вақт оралиғида қирғизистонлик қочқинлар моддий ва молиявий жиҳатдан анча қийналиб қолганларини, ўзларининг учинчи давлатга кўчирилиши бўйича эса бирор умидбахш сигнал бўлмаётганини айтмоқдалар.

- Бизнинг бу ерда яшаш шароитимиз жуда ҳам оғир. Чунки юқори даражадаги қашшоқлик туфайли мамлакат аҳолисининг тахминан 90 фоизи Россиядан келаётган пул ҳисобига тирикчилик қилади. Ишхоналар йўқ, иш жойлар жуда ҳам танқис. Шуни назарга олган ҳолда, биз бу ердан кетишни жуда хоҳлардик. Аммо, афсуски, ҳозирча бу мавзуда бизни умидлантирадиган гап гапирилмаяпти. Учинчи давлатга кўчириш масаласида УВКБ ООНга мурожаат қилганимизда, “кўчиришга ҳеч қандай имкон йўқ”, дегандек ноумид қиладиган жавоблар олдик, - дейди хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз номи сир тутилишини сўраган ўшлик ўзбек қочқинларидан бири.

Айни пайтда БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича Тожикистондаги ваколатхонаси масъулларидан бири Парвиз Умаровнинг Озодликка маълум қилишича, 2005 йилдан кейин қочқинларни учинчи давлатга кўчириш дастури ишламай қўйган.

- 2004 ва 2005 йилларда афғонистонлик қочқинлар учун шундай махсус дастур йўлга қўйилган эди. Бироқ ундан кейин қочқинларни қабул қилувчи бирорта ҳам давлат бу борада идорамизга мурожаат қилмаган. Масаланинг бошқа томони - қочқинларни учинчи давлатга кўчириш масаласи фақат бизнинг идорамизга боғлиқ эмас. Бу масала фақат қабул қиладиган давлатга боғлиқ, - дейди БМТ расмийси Умаров.

Аснода чорасиз қолаётган қирғизистонлик ўзбек қочқинлари мамлакатдаги ишсизлик, ижтимоий ва иқтисодий оғир шароит боис қатор қийинчилик ва тўсиқларга дуч келаётганларидан шикоят қилишмоқда.

- Қочқинлардан талаб қилинадиган асосий шартлардан бири - бу уларнинг шаҳар территориясида яшамаслиги. Шунинг учун биз район территориясида яшашга мажбур бўлдик. У ерларнинг асосий муаммоларидан бири бу электр масаласи. Светнинг кунига саккиз соат берилиши, ўн олти соат ўчирилишлиги бизга жуда қаттиқ таъсир қилди. Унинг ўрнига ўтин ёки кўмир оламан, десангиз, у қиммат экан. Бизнинг жамғармамиз уни кўтармайди. Шунинг учун бу қиш бизга жуда оғир кечди, - дер экан ўз номини айтмаган бошқа бир қирғизистонлик ўзбек қочқини бу масалада шу кунгача БМТ ҳам, маҳаллий ҳукуматлар ҳам ёрдам қилмаганини қўшимча қилди.

Ваҳоланки, қочқинларни қабул қилган Тожикистон қонунларида бундай ёрдамлар кўзда тутилган.

Тожик жамиятидаги муаммолар билан юзма-юз қолаётган ўзбек қочқинларини ташвишлантираётган яна бошқа бир масала бу фарзандларининг келажаги экан.

- Ҳозир учинчи, бешинчи ва еттинчи синфларда ўқийдиган болалар мактабга бораяпти. Аммо базовий таълим олиш йўқ, болалар шунчаки уйда бекор қолмаслиги учун мактабларга юборилаяпти. Ундан ташқари, 18-20 га кирган болаларимиз бор. Шуларни келажакка тайёрлаб, бир ҳунар ўргатиш масаласида ҳам бу ерда бир ёруғлик йўқ. Бизнинг безовта бўлаётганимиз болаларимиз келажакка тайёргарликсиз қолаётгани. Шуларнинг тақдиридан анча хавотирдамиз, - дейди бошқа бир ўзбек қочқини.

БМТнинг Тожикистондаги ваколатхонасидан учинчи давлатга кўчиришни сўраб қилинган мурожаатлар натижасиз қолаётган бир пайтда ўзбек қочқинлари ўзларини қийнаётган муаммоларнинг халқаро ташкилотлар қулоғига ҳам етказилишига уринмоқда эканлар.

- Биз мутахассис одамлар орқали бир қатор инсон ҳуқуқлари ва кризис маркази каби жойларга хатлар уюштирдик. Бутун дунё хабардор бўлган, XXI асрда содир этилган бу ваҳшийлик туфайли мажбурий равишда ўз юртини ташлаб чиқиб кетган ва бугунги кунда жуда қийналиб қолган биз қочқинларга бирор ёрдам бўлади, квота ажратилади, деган умидларда ҳаракатлар қилаяпмиз, - дейди каттагина оиласи билан қиш қийинчиликларини бошдан кечираётган ўшлик суҳбатдошимиз.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда тахминан етмиш нафар қирғизистонлик қочқин рўйхатга олинган.

Уларнинг ҳаммаси шаҳар атрофидаги қишлоқларда, ҳеч қандай расмий молиявий ёрдамсиз, хорижий давлатлардаги таниш-билишлари юбораётган ёрдам ҳисобига кун кечирмоқда эканлар.
XS
SM
MD
LG