Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:50

Олмаота судида яна тўққиз қочқинга рад жавоби берилди


Қозоғистонлик ҳакамлар Олмаота ҳибсхоналаридаги ўзбек қочқинларининг аёлларидан ўзларига нисбатан қийноқ қўлланилгани ҳақида ҳужжат тақдим этишни талаб қилмоқдалар.
Қозоғистонлик ҳакамлар Олмаота ҳибсхоналаридаги ўзбек қочқинларининг аёлларидан ўзларига нисбатан қийноқ қўлланилгани ҳақида ҳужжат тақдим этишни талаб қилмоқдалар.

Жорий йилнинг 15 феврал куни Олмаота шаҳар суди саккиз ойдан буён шаҳар ҳибсхоналарида сақланаётган 29 ўзбек қочқинидан яна 9 нафарининг қочқинлик мақоми рад этилиши юзасидан берган шикоят аризасини қаноатлантирмади.

Қочқинларнинг рафиқаларидан олинган маълумотларга кўра, сешанба куни бўлиб ўтган маҳкама чоғида Олмаота шаҳар суди судяси Татяна Барнева уларнинг Ўзбекистондаги қийноқ фактлари ҳақидаги гувоҳликларини исботловчи далил-ҳужжатларни талаб қилган. Бу ҳақда расмий ҳужжат тақдим этишнинг имкони йўқлигини эшитган судя айни пайтда Олмаота ҳибсхоналарида ўтирган Алишер Ҳошимов, Шуҳрат Холбоев, Маъруф Йўлдошев, Абдиазимхўжа Ёқубов, Аҳмад Болтаев, Улуғбек Остонов, Ойбек Пўлатов, Акмалжон Шодиев ва Отабек Шарипов шикоят аризасини рад этиш борасида ҳукм чиқарган.

Олмаота шаҳар суди феврал ойининг дастлабки кунлари Сирожиддин Толипов, Исобек Пардаев ва Ўктам Раҳматов, 8 феврал куни эса Олимжон Холтўраев, Сарвар Хуррамов ва Саидакбар Жалолхонов аризаларига рад жавоби берган эди.

Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган қочқинлар шаҳар судига биринчи инстанция судидан (Олмали туман суди) рад жавоби олганларидан кейин мурожаат қилгандилар.

Ўтган йилнинг декабр ойида Қозоғистон ҳибсхоналарида сақланаётган 29 ўзбек қочқинининг шикоят аризасини кўриб чиққан Олмали туман суди уларнинг ҳаммасига рад жавобини берганди.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг 9-11 июн кунлари Қозоғистоннинг жанубий пойтахтида ўтган “Мигрант” рейди чоғида қўлга олинмиш ўзбек қочқинларига шаҳар миграция департаменти август ойида бошпана беришни рад қилганди.

Олмаота шаҳар миграция департаменти қарори юзасидан судларга мурожаат қилаётган ўзбек қочқинлари Қозоғистонда бошпана изловчи шахс мақомини олиш ёки учинчи давлатга чиқиб кетишга умид қилмоқдалар.

Ҳибсда сақланаётганлар Ўзбекистонда таъқиқланган диний-экстремистик оқимларга мансублик ва конституциявий тузумни ағдаришга уринганлик ҳамда қасддан қотиллик қилганликда гумон қилинмоқда. Аммо ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг ўзлари ҳеч қандай диний оқимга мансуб эмасликларини ва ўзларининг айбсиз эканларини айтиб келишади.

Ҳибсхонадаги ўзбек қочқинларининг Қозоғистондан бадарға қилинишию Ўзбекистонга қайтарилиши улар ҳаёти учун хавф экани ҳақида инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланиб келадиган маҳаллий ва халқаро ташкилотлар ҳам бир неча бор баёнотлар тарқатган. Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинлари ҳимоясига ўтган саккиз ой мобайнида Қозоғистоннинг ўзида ҳамда Европа ва Америка қитъасининг катта шаҳарларида бир неча маротаба пикетлар ўтказилди.

Ўзбек қочқинлари шикоят аризалари бўйича Олмаота шаҳар судида ўтказилажак навбатдаги маҳкама 22 февралга белгиланган.
XS
SM
MD
LG