“Жиноий йўллар билан қўлга киритилган маблағларни қонунийлаштиришга ва терроризмни сармоялашга қарши кураш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муаллифи, Тожикистон Миллий банк раиси Шариф Раҳимзода бундай бир ҳужжатнинг қабул қилинишини Тожикистон иқтисодиёти ва мамлакатда пул ювишга қарши кураш учун муҳим, деб билади.
Раҳимзоданинг маълум қилишича, шу вақтга қадар Тожикистонда пул айланмаси жиддий назорат қилинмаган ва бу мамлакат банкларига 500-600 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ нима мақсадларда киритилгани ёки бу каби маблағлар Дубай ва бошқа давлатларга нима учун юборилгани ҳам номаълум эди.
Миллий банк раисининг айтишича, бу қонун қабул қилиниши ортидан ноқонуний пулларни назорат қилиш учун ҳуқуқий асос яратилади ва ўз идорасида молиявий назорат ўтказиш бўйича янги бошқарма фаолият қила бошлайди.
- Ҳозиргача биз пулларнинг қаердан, нима мақсадда ўтказилаётгани ёки аксинча, бошқа мамлакатларга жўнатилаётганини назорат қилмаганмиз. Эндиликда бу қонуннинг қабул қилиниши бизга ноқонуний маблағларни назорат қилиш имконини беради. Бундай иш тартиби бошқа мамлакатларда мавжуд. Улар шундай шубҳали маблағларни тўла назорат қилади, - дер экан Шариф Раҳимзода тожикистонлик банк ходимлари Россиянинг Москва шаҳридаги ҳамкасбларидан бу йўналишда тажриба орттириб қайтганини билдирди.
Аснода бир гуруҳ таҳлилчилар мазкур ҳужжатнинг қабул қилинишини Тожикистон ҳукуматининг терроризмга қарши кураш стратегияси давоми ўлароқ баҳолашмоқда.
Бироқ бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар эса тожик жамятида бугунга қадар терорчилар фаолияти сармояланаётганидан дарак берувчи бирор ҳолат кузатилмаганини таъкидлашади.
Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирийга кўра, жиноий гуруҳлар бундай амалиётлар учун маблағларини бошқа йўллар билан манзилига етказади.
- Тожик матбуотида бундай ҳодисаларга оид хабарлар чоп этилганини эслаёлмайман. Менимча, терроризмга қарши махсус идоралар курашиши лозим. Негаки, жиноий гуруҳлар террор ҳужумларини амалга ошириш учун кўзланган маблағларни ҳеч қачон у давлатдан бу давлатга банклар орқали ўтказмайди, - дер экан Ислом уйғониш партияси раиси Кабирий мамлакатда қабул қилинадиган қонунлар фуқаролар ҳақ- ҳуқуқларини поймол қилмаслиги лозимлигини қайд этади.
Эслатамиз, ўтган ҳафтада Тожикистон Хавфсизлик Кенгаши йиғилишини очиб берган давлат раҳбари Имомали Раҳмон мамлакатда экстремизм кучаяётгани юзасидан хавотир билдириб, республиканинг айрим ҳудудларида жонланаётган экстремистик гуруҳлар ўз хорижлик раҳнамолари томонидан сармояланаётганини таъкидлаган эди.
Айни пайтда Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларида ўрганилаётган Рашт водийси ва Сўғд вилоятларидаги ҳодисалар бирор гуруҳ томонидан сармояланганми-йўқми - ҳозирча маълум эмаслиги айтилмоқда.
Тожикистон Миллий банк расмийларининг маълум қилишича, “Жиноий йўллар билан қўлга киритилган маблағларни қонунийлаштиришга ва терроризмни сармоялашга қарши кураш тўғрисида”ги қонун кучга кириши ортидан мазкур банкда махсус бошқарма иш бошлайди. Унинг зиммасига миллий хавфсизлик ходимлари билан биргаликда банкларда айланаётган шубҳали маблағлар манбаларини ошкор қилиш вазифаси юкланган.