Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2024, Тошкент вақти: 17:20

Араб дунёсида инқилоблар ясаш уринишлари давом этмоқда


Араб давлатларида авж олган аксил-ҳукумат чиқишлар тўлқини тўхтамаётир. Чоршанба ва пайшанба кунлари Жазоир, Баҳрайн, Эрон, Иордания, Ливия ва Яманда ҳукумат кучларининг кесксин қаршилигига қарамай бу мамлакатлар халқлари ҳам Миср ва Тунисдаги каби ўзгаришларни ясаш уринишларини тўхтатмади.

Пайшанбага ўтар кечаси Баҳрайн ҳукумат кучлари сиёсий ислоҳотлар ўтказилишини талаб қилаётган намойишчилар тўпланган пойтахт Манаманинг Дур майдонига ҳужум қилди. Намойишчиларга қарши куч қўлланиши оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлди. Бу билан Баҳрайнда намойишлар бошланганидан бери қурбон бўлганлар сони олти кишига етди. Яман пойтахти Санада ҳам беш кундан бери ҳукмат мухолифлари билан ҳукумат-параст намойишчилар тўқнаш келмоқда. Ливияда ҳам мухолифат ўз тарафдорларини "Ғазаб куни" тадбирида қатнашишга чақирмоқда. Ливиянинг икки шаҳрида рўй берган тўқнашувларда камида тўрт киши ҳалок бўлиб ўнлаб одам жароҳатланди

Пайшанба куни Баҳрайн пойтахти Манама кўчаларида ўнлаб зирҳли ҳарбий машиналар кезиб юргани кузатилди. Ундан аввал ҳукумат кучлари марказдаги Дур майдонида намойиш қилаётганларга қарши куч қўллади.

Полиция кучлари тонготарда Дур майдонига бостириб кириши оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлиб, ўнлаб одам жароҳатлангани хабар қилинди. Намойишчиларга қарши кўз ёши чиқарувчи газ ва елим ўқлар ишлатилди. Майдон қуршаб олинди.

Тунис ва Мисрдаги инқилоблардан илҳомланган Баҳрайнда намойишлар бошланганидан бери ҳалок бўлганлар сони олти кишига етди.

Сешанба кундан бери норозиликларни давом эттираётган баҳрайнликлар сиёсий ислоҳотлар ўтказилишини талаб қилмоқда. Аҳолисининг 70 фоизи шиа бўлган Баҳрайнни суннийлардан бўлган қирол оиласи ва сиёсий элитаси бошқариб келади.

Шиаларнинг мухоифатдаги Вафақ партияси етакчиси Обид ал-Жалил Халил Ройтерс билан суҳбатда ҳукуматнинг намойишчиларга қарши куч ишлатганини “ҳақиқий террорчилик”, дея атади.

- Бундай қарама-қаршилик ва қотилликларнинг олдини олиш мумкин эди. Бу қарорни ким қабул қилган бўлса ҳам, унинг мақсади одамларни ўлдириш бўлган.

Вафақ партияси суннийларда иборат ҳукумат кучларининг ҳаракатига норозилик ўлароқ парламент мажлисини бойкот қилди.

Ички ишлар вазири матбуот котиби генерал Ториқ ал-Ҳасан эълон қилган баёнотда хавфсизлик кучлари “намойишчилар билан мулоқот натижа бермагач” Дур майдонини норозилардан тозалашдан ўзга чора қолмагани айтилади.

Қирол Ҳамад бир Исо Ал Халифа аввалги намойишларда одамларнинг ҳалок бўлгани юзасидан тергов ўтказишни буюриб, сиёсий ислоҳотлар ўтказишга изн беришни ваъда қилган эди.

Баҳрайн 1971 йилда Британияда мустақил бўлганидан бери суннийлар томонидан бошқариб келинади ва шиалар ўзларининг камситилишидан шикот қилиб келади.

Дур майдонида пайшанба тунда рўй берган тўқнашувда аввал Оқ уй матбуот котиби Жэй Карни АҚШнинг 5-Ҳарбий флоти жойлашган Баҳрайнда зўравонликлар рўй бераётганидан хавотир билдирди.

- Минтақанинг бошқа мамлакатлари қатори Баҳрайн ҳукумати ҳам ўз фуқаролари ҳуқуқлари, жумладан норозилик намойишлари ўтказиш ҳуқуқларини ҳурмат қилиши ва уларнинг овозини эшитиши керак,- деди Оқ уй матбуот вакили Жэй Карни.

Баҳрайндаги норозиликлар Яқин Шарқда авж олган аксил-ҳукумат чиқишларининг бир қисмидир.

Халқ ишсизлик, нарх-навонинг ошиши, коррупция ва автократ ҳукмдорларга қарши норозилигини билдирмоқда.

Ўтган бир ҳафта давомида бундай намойишлар Жазоир, Баҳрайн, Эрон, Иордания, Ливия ва Яманда бўлиб ўтди.

Пайшанба куни Яманда юзлаб қуролланган ҳукумат-параст намойишчилар президент Али Абдуллоҳ Солиҳнинг истеъфосини талаб қилаётган норозиларни қувиб-ҳайдагани хабар қилинди. Камида беш киши жароҳатлангани айтилмоқда.

Ливияда ҳам мухолифат фаолар Интернет орқали ўз тарафдорларини ҳукуматга қарши "Ғазаб куни" тадбирида қатнашишга чақирмоқда.

Ливия раҳбари Муаммар Қаддафий мамлакатни 40 йилдан кўпроқ вақт мобайнида бошқариб келади ва у Араб дунёсида тахтда энг узоқ вақт давомида қолаётган етакчи ҳисобланади. Бу мамлакатда норозилик намойишлари камдан-кам учрайдиган ҳолатдир.

Сешанба куни Ливиянинг иккинчи йирик шаҳри Банғозида намойишчилар ва полиция ўртасида рўй берган тўқнашувда 40га яқин одам жароҳатланди.

Пайшанбага ўтар кечаси мамлакат шимоли-шарқидаги Ал-Байда шаҳрида ҳам тўқнашувлар рўй бергани ва тўрт киши ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Чоршанба куни президент Қаддафий телевидение орқали қилган чиқишида мамлакат рўй бераётган воқеаларга тўхталмади, лекин АҚШ қўғирчоқлари, Сионизм қўғирчоқлари” мақсадларига эриша олмайди, дея таъкидлади.

Айни пайтда, Ливия ҳукуматини шахси сир қолишини истаган расмийси ҳукумат “одамларнинг кечаси гуру-гуруҳ бўлиб юриши ва Ливия хавфсизлик кучлари билан ўйнашишига” йўл қўймаслигини маълум қилди.

Европа Иттифоқи расмий Триполини “фикр эркинлигини” ҳурмат қилишга чақирди.
XS
SM
MD
LG