Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:30

Тожикистон бир неча ўзбекистонликни Интерпол орқали қидирувга берди


Тожикистон куч ишлатар тизимлари сўровига кўра, Интерпол 16 хорижликка нисбатан халқаро қидирув эълон қилди. Қидирув эълон қилинган чет элликларнинг асосий қисмини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади.

Интерпол маълумотларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари 38 ёшли Хушмурод Нурматов ва 36 ёшли Панжи Исоев қуролли қаршилик кўрсатганлик ва ноқонуний наркотик модда савдосига қўл урганликда айбланмоқда. 39 ёшли Қурбонали Тўраев ва 42 ёшли Норбўта Абдураҳмоновлар эса суиқасдда айбланишмоқда. Юсуф Тоғаймуродов, Ашур Тоғаймуродов ва Бахтиёр Дадахўжаевлар Тожикистон ҳудудида ўғирлик ва талончилик билан шуғуллангани айтилмоқда.

Тожикистон томони қидирувга берганлар орасида Украина, Туркманистон, Нигерия, Гана, Сьерра Леоне ва Филиппин давлатлари фуқаролари ҳам бор. Улар Тожикистон ҳудудида оғир жиноятлар содир этганликда айбланишмоқда.

Таҳлилчи Баҳодир Бахтиёрнинг қайд этишича эса Интерпол ва Тожикистон куч ишлатар тизимлари маълумотларида бир-бирига зид далиллар келтирилган. Унинг айтишича, қўшни Ўзбекистон фуқаролари дея тилга олинганлар аслида Тожикистон фуқароларидир.

- Назаримда бу расмийларнинг навбатдаги сиёсий ўйинидир. Ахир тилга олинган одамлар аслида Тожикистонда, аниқроғи, Шаҳритуз, Рудакий ва Исфара туманларида истиқомат қилишади. Маълумотда эса улар Ўзбекистон фуқаролари дейилган, - дейди Баҳодир Бахтиёр.

Интерпол қидираётган шахслар орасида исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев ҳам бор. Қидирув маълумотларида исёнчи полковникка нисбатан “ўғирлик” айби билан жиноийи иш очилганлиги айтилади.

- Расмийлар журналистлардан ҳар бир хабарни аниқ ва тўлиқ беришларини талаб қилишади. Энди биз ҳам расмий маълумотларга назар ташлайлик. Тожикистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, Маҳмуд Худойбердиев ўнга яқин жиноят содир этганликда айбланмоқда. Унга Ватанга хиёнат, конституциявий тузумни қуролли йўл билан ағдаришга уриниш каби оғир айбловлар қўйилган. Интерполга берилган маълумотда эса у ўғирлик қилгани учун қидирилмоқда экан. Куч ишлатар тизимларининг нотўғри маълумот беришга нима ундади? Буниси менга қоронғи бўлиб қолмоқда, - дейди сиёсатшунос Тимур Дадбоев.

Эслатиб ўтамиз, полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг 1998 йил 4 ноябрида Сўғдда амалга оширган қуролли ҳужуми 200 дан зиёд одам ҳаëтига зомин бўлган. Ўшанда бир неча соат давомида вилоятдаги барча стратегик объектлар жангарилар томонидан қўлга олинган, шаҳардаги ҳарбий қисм қуролсизлантирилган эди. Бу ҳодисадан кейин Тошкент ва Душанбе муносабатлари совуб кетганди.

Расмий Душанбе шу кунга қадар бериб келаётган баёнотларида Маҳмуд Худойбердиев жиноий гуруҳининг Ўзбекистон ҳудудидан бадарға қилинишини бир неча бор талаб қилган.

- Маҳмуд Худойбердиев жиноий гуруҳи Ўзбекистон ҳудудидан чиқарилишини бир неча бор сўраганмиз. Тожикистон Миллий Хавфсизлик вазирлиги, жумладан, вилоят бошқармаси разведкаси Ўзбекистон ҳудудида Маҳмуд Худойбердиевнинг 11та базаси борлигини ошкор қилди. Бизда бу базалар, уларнинг таркиби ва қандай жанговар машқлар ўтказаётгани, уларга Ўзбекистон қуролли кучлари, хавфсизлик хизматлари қандай ёрдам бераётганини акс эттирган суратлар бор. Ҳаттоки одамларни қатл этиш жараёни ҳам суратга олинган, - дейди республика Ички ишлар вазирлиги зобити Абдулло Назаров.

Айни пайтда Ўзбекистон томони бу иддаоларни доим рад этиб келган. Сўнгги йилларда Тожикистонда Маҳмуд Худойбердиевнинг Сўғд вилоятида содир этган жиноятлари бўйича 200 дан зиёд киши жиноий жавобгарликка тортилди. Уларнинг аксарияти узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 2002 йилда ўлим жазосига мароторий эълон қилингунича Худойбердиев гуруҳига алоқадорлиги айтилган 10 киши олий жазога махкум этилган эди.
XS
SM
MD
LG