Линклар

Шошилинч хабар
21 июн 2025, Тошкент вақти: 04:36

БМТ Ливияга қарши янги санкция қўллади


БМТ Хавфсизлик кенгаши Ливияда намойишчиларга нисбатан содир этилаётган хунрезликларни тўхтатиш мақсадида Ливия раҳбари Муаммар Қаддафий режимига қарши янги санкциялар жорий қилиш ҳақидаги резолюцияни бир овоздан маъқуллади.

Резолюцияда Қаддафий ва унинг яқин сафдошларига саёҳат чекловини жорий қилиш, Ливия раҳбарининг оиласига тегишли мулкларни музлатиш назарда тутилган.

АҚШ, Британия, Германия ва Франция томонидан ишлаб чиқилган мазкур резолюцияда Ливияда ҳукуматга қарши намойишчиларга нисбатан зўравонлик қўлланилгани юзасидан Халқаро жиноий суд инсониятга қарши содир этилган жиноят сифатида текширув ўтказиши ва тинч аҳоли вакиллари ўлдирилиши учун масъул бўлган ҳар қандай шахсни жавобгарликка тортиши ҳам кўзда тутилган.

Хавфсизлик кенгаши маъқуллаган ҳужжатда Ливияга қурол эмбаргоси жорий қилиш ҳам белгиланган.

Кенгаш йиғилишида сўзлаган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун мазкур резолюция зўравонликларни тўхтата олмаса ҳам бу Бирлашган миллатларнинг хоҳиш-иродасини аниқ ифода этишда муҳим чора эканини таъкидлади.

- Бу матн фундаментал инсон ҳуқуқларининг кенг миқёсда бузилишига тоқат қилинмаслиги ва мудҳиш жиноятлар содир этганлар жавобгарликка тортилишини билдиришда кучли муждадир. Мен Ливиядаги режим бу муждани эшитгани ва инобатга олганига умид қиламан. Шунингдек, ҳаёти хавф остида қолганларда бу умидворлик уйғотиши ва енгиллик олиб келишига умид қиламан, - дея баёнот берди БМТ Бош котиби.

Шу пайтга қадар Ливиядаги каби воқеаларга мамлакат ички иши деб қараб келган БМТ Хавфсизлик кенгашида вето ҳуқуқига эга бўлган Россия ва Хитой ҳам Ливия режимига қарши янги санкциялар жорий қилиш ҳақидаги резолюцияни қўллаб-қувватлади.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Сюзан Райс халқаро ҳамжамият Ливия масаласида бир овоздан гапирганини айтди.

- Айбсиз одамларга нисбатан қотилликлар содир этилар экан, халқаро ҳамжамият бир овоздан сўзлаши керак. Бугун биз шундай қилдик. Бу кеча 7-бандга мувофиқ, Хавфсизлик кенгаши бир овоздан зўравонликни қоралади, масъул шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича пушаймон бўлмаётган Ливия раҳбариятига қарши санкциялар жорий қилди. Бу қотилликларни тўхтатиши учун Ливия ҳукуматига очиқ огоҳлантиришдир, - деди Сюзан Райс.

БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюция қабул қилишидан олдин АҚШ президенти Барак Обама Ливия раҳбари Муаммар Қаддафийни илк бор истеъфога чиқишга чақирди. Обама Қаддафий ўз халқига қарши кенг кўламда зўравонлик қўллаш орқали ўз легитимлигини йўқотганини айтди.

Ливиянинг БМТдаги элчиси ўринбосари Иброҳим Даббаший Хавфсизлик кенгаши қабул қилган резолюцияни “қаршилик кўрсатаётган халқимизга маънавий кўмак”, деб атади. Даббаший Ливия режими БМТ резолюциясидан тегишли хулоса чиқаришига умид билдирди.

- Биз (Ливиядаги) режим бугун қабул қилинган резолюция ҳақида ўйлаб кўришини кутаяпмиз. Шунингдек, биз режим билан ҳамкорлик қилаётганлар ўз позициясини ўзгартириши ва Ливия халқи томонига ўтишини кутаяпмиз, - деди Иброҳим Даббаший.

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ливия режимига қарши санкциялар жорий қилишни кўзда тутган резолюция қабул қилинганини олқишлади.

Россия ҳам БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан Ливия ҳукуматига қарши янги санкциялар жорий қилинганини қўллаб-қувватлади. Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўз баёнотида Ливия ҳукуматини “инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш” ва “халқаро гуманитар қонунларга амал қилиш”га чақирган.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Халқаро адолат дастури директори Ричард Диккер чиқарган баёнотда БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан Ливия режимига санкциялар қабул қилингани олқишланган.

Ливияда содир этилаётган хунрезликларни тўхтатиш масаласини муҳокама қилиш учун БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг ҳафта бошида АҚШ президенти Барак Обама билан учрашиши белгиланган.

Айни пайтда БМТ Бош Ассамблеясининг келаси ҳафтага белгиланган йиғилишида Ливияни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигидан чиқариш масаласи овозга қўйилиши режаланган. Бу амалга ошиши учун таклифни Бош Ассамблеядаги 192 аъзонинг учдан икки қисми қўллаб-қувватлаши керак бўлади.
XS
SM
MD
LG