Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:12

Ўзбекистонлик сиёсий мухожир Қозоғистон визасини ололмаяпти


Мухожиратда яшаётган ўзбекистонлик журналист Улуғбек Ҳайдаров Қозоғистонга бориш учун бу давлат визасини олиш мушкуллашганидан шикоят қилмоқда. Канадада сиёсий бошпана олган Ҳайдаров Ўзбекистонга боролмагани боис, яқинларини Қозоғистон ҳудудида кўриш мақсадида бу мамлакатга боришга ҳаракат қилмоқда.


Ўзбек қамоқхонасининг собиқ махбуси, Уруш ва тинчликни ёритиш институти билан узоқ йил ҳамокрлик қилган Улуғбек Ҳайдаров уч йилдан буён Канададанинг Ванкувер шаҳрида сиёсий қочқин сифатида яшайди.

Ўтган бу давр ичида журналист уч марта Қозоғистонга бориб келгани ва шу пайтгача Қозоғистон визасини олиш қийин бўлмаганини айтади.

Лекин, журналист ўтган ой Қозоғистон визасини олиш учун ҳар галгидек Канададаги сайёҳлик ширкатига ҳужжатларни топширганидан ўн кун ўтиб ширкат ходимлари қозоқ визасини ололмайсиз экан, деб унинг ҳужжатларини қайтариб берган.

- Сайёҳлик ширкати раҳбари Қозоғистон энди Канада ва АҚШда қочқинликда яшаётган ва шу давлатлар ҳужжатлари билан сайёҳат қиладиган ўзбекистонликларга виза бермас экан, деб айтди. Энди сайёҳлик ширкати ходимлари, мени билишимча Қозоғистон элчихонасидагилар билан очиқ гаплашишади-да. Шу суҳбатда қозоқ консули у болага бермаймиз, умуман ўзбек қочқинларидан кимда травел документ бўлса Қозоғистон уларга энди виза бермайди, деб айтибди. У бола овора бўлмасин, бермаймиз, Ўзбекистон ҳукумати Қозоғистонга босим қиляпти, деб шу гапни айтган,- дейди Ҳайдаров.

Шундан сўнг Улуғбек Ҳайдаров Қозоғистоннинг Калгари шаҳридаги консулхонасига ўзи мурожаат қилади.

- Калгаридаги Консулхонадаги Серик Байбулатов деган консул билан гаплашдим. Шунақа-шунақа мени ҳужжатимни қайтарибсизлар, сабабини билмоқчи эдим, десам, мен буни сабабини тушунмайман деб, элчини ўзларига чиқишимни айтдилар. Элчи билан эса боғлана олмадим, - деди Ҳайдаров.

Қозоғистондаги "Фалокатдаги журналистлар" ташкилоти раҳбари Розлана Таукина Ҳайдаровнинг Қозоғистон визасини ололмаётгани унинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкин дейди.

- Афтидан, диктаторлар қочқинларни ватанларига яқин мамлакатларда яқинлари билан учрашмасин деб уларни Марказий Осиёга яқин йўлатмасликка ахд қилишган кўринади, - дейди Таукина.

Аммо, Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Илёс Умаров қочқинлар учун қозоқ визасини олиш билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтиб, ўзбек журналистининг иддаоларини рад этди.

- Бўлмаган гап, виза берилмагани билан боғлиқ бундай ҳол бизда қайд этилмаган. Иккинчидан, фуқаролиги йўқ шахсларга улар ким бўлишидан қатъий назар, сиёсий мухожир бўладими ёки бошқа тоифа қочиқинлар бўладими, уларга доим виза бериб келганмиз. Таклифномаси бўлса, виза берилади. Ҳатто яқинда Британияда яшайдиган ўзбекистонлик ҳамкасбларингиз Англия ҳужжати билан Қозоғистон визасини олишди, ҳеч қанақа муаммо йўқ,- деди қозоқ расмийси.

Энди Улуғбек Ҳайдаров виза олиш учун Қозоғистон қонсулхонасига яна мурожаат этмоқчи.

Уруш ва тинчликни ёритиш институтида мухбир, кейинчалик мустақил журналист бўлган Улуғбек Ҳайдаров Жиззахда 2006 йилнинг сентябрида товламачиликда айбланиб ҳибсга олинган ва олти йилга озодликдан махрум этилган эди.

Лекин халқаро босимлар боис Ҳайдаров 2006 йилнинг ноябрида озод бўлди.

Улуғбек Ҳайдаров турмадан чиққанидан сўнг қўшни Қозоғистонда яшади, у ерда ҳавфсиз мамлакатлардан бошпана беришларини сўраб БМТ Қочқинлар идорасига мурожаат қилди.

Бугун Ҳайдаров Канаданинг шарқий қисмидаги олис Ванкувер шаҳрида оиласи билан яшамоқда.

Ню Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасига кўра, 2005 йилги Андижон қирғинидан кейин Ўзбекистон журналистларни қувғинга учратган энг ёмон мамлакатлар ўнлигига кирди. 20га яқин журналистни қувғин қилган мамлакат сифатида Ўзбекистон 5-ўринни олган эди.
XS
SM
MD
LG