Линклар

Шошилинч хабар
23 июн 2025, Тошкент вақти: 21:13

Тожикистонда Наврўз байрами кенг нишонланди


Наврўз байрами бу йил Тожикистонда жуда катта тантана билан нишонланганини тожикистонликлар Наврўзга БМТ қарори асосида халқаро байрам мақоми берилгани билан изоҳламоқдалар.

Тожикистонликлар бу йилги Наврўзни ҳали Қуёш нури ерга тегмай туриб байрам қилишга киришди. Эрта тонгдан шаҳарнинг асосий кўчаларида транспорт қатнови тўхтатиб қўйилди.

Одамлар асосий сайлгоҳига айлантирилган бу кўчаларда бир неча километрли кўргазмалар ташкил қилинди.

Миллий таомлардан тортиб, халқ ҳунармандчилиги намуналарию, тожик жамиятида бугунги куннинг асосий муаммоларидан саналмиш электр муаммосини ҳал қилиши мумкин бўлган янги ихтиролар ҳам намойишга қўйилди.

Республиканинг турли бурчагидан келган созандалар, ҳофизлар ёқимли куй-қўшиқлар билан тантанани бошлаб берди.

Марғилон адрасларини кийган қизлар қаторида мункиллаб қолган кампирларнинг ҳам астойдил рақсга тушишлари давраларни қиздиргандан қиздирди.

Тожикистон мустақилликка эришгандан сўнг ҳар йили Наврўз байрамига алоҳида эътибор қаратиб келинган, аммо бу йилги Наврўз байрамининг аввалги йилларгидан фарқли томонлари кўп бўлди.

Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчиси Шоислом Шоқосимов Наврўз байрамининг аввалги йиллардагидан кенгроқ ва алоҳида эътибор билан нишонланаётгани Тожикистоннинг иқтисодий ва маданий жиҳатдан ривожланаётгани исботидир, дея мулоҳаза билдирди.

- Бу йил жуда чиройли чиқибди. Ўтган йил ботаника боғида эди, кичкина байрам бўлганди. Мана, Ипподромни янгилашибди, жуда чиройли чиқибди. Бу давлатнинг кучли бўлаётгани, унинг иқтисодий ва маданий имкониятлари кўпаяётгани исботидир бу. Йилдан-йилга Тожикистоннинг имкони кўпаяверсин, суюнамиз. Тожикистон қанчалик кучли бўлса, шунча яхши ҳаммага, қўшниларга ҳам, - дер экан ўзбек дипломати Шоқосимов баъзи кучлар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасига иғво солиб, бу икки биродар халқни бир-биридан ажратиш ҳаракатидан тўхтамаётганини ҳам қўшимча қилди.

Шунингдек, ўзбек расмийси бу йил ўтган йилгига қараганда тожикистонликларнинг катта қисмига виза расмийлаштирилганини ва улар Наврўзни Ўзбекистонда нишонлаши учун элчилик томонидан кенгроқ имконият берилганини ҳам қистириб ўтди.

Тожикистонлик таниқли адиб Аскар Ҳаким юртдошлари ўтган йигирма йил мобайнида Наврўз байрамини бугунги каби катта тантана ва қувонч билан байрам қилганини эслай олмаслигини айтди.

- Минг йиллик тарихга эга бўлган Наврўз республикамизда ҳеч қачон бундай чиройли байрам қилинмаганди. Президентимиз таклифидан сўнг Бирлашган миллатлар ташкилоти Наврўзга халқаро мақом бергач, имоним комилки, биз орийлар йилдан-йилга боболаримиздан мерос қолган бу байрамни имкон қадар кенгроқ нишонлаймиз, - деди тожикистонлик адиб Аскар Ҳаким.

Бу йилги байрамининг аввалгиларидан яна бир фарқли жиҳати шундаки, ҳукумат қарори билан Тожикистон тарихида илк бор Наврўз рамзи расман қабул қилинди.

Унда Ер курраси узра нур сочаётган Қуёш ва бош кўтараётган кўклам билан бирга Тожикистон байроғидаги тож ҳамда етти юлдуз тасвирга туширилган.

Тожик расмийлари бу рамз Ер юзидаги халқлар учун Наврўз байрамининг умумийлиги ва Наврўзни ўз миллий байрами деб санайдиган халқларни бирлаштирувчи ягона Рамз эканини айтмоқдалар.

Аснода форсийзабон халқ вакиллари бу ерда бир томонламаликка йўл қўйилган, деган ишончда.

- Фикримча, халқлар бирдамлиги, Наврўз байрамининг умумий байрам нишони экани айтилаётган Навруз расмий рамзида Наврўзни нишонлайдиган бошқа давлатлар, жумладан, Эрон, Афғонистон ва Марказий Осиёдаги давлатларнинг ҳам байроқлари акс эттирилиши лозим эди. Аммо Наврўз халқаро байрам сифатида эълон қилинган айни пайтда бу рамз Наврўз фақат Тожикистонгагина хос эканини англатмоқда, холос. Шу сабабли бўлса керак, Эрон ва Афғонистон бу рамзни расмий рамз сифатида қабул қилмади, - дейди Душанбега меҳмон бўлиб келган эронлик фуқаро Вайроний.

Шуни ҳам айтиш лозимки, Наврўз бу йил Тожикистонда беш кун расман байрам қилинади. Қишлоқларда эса байрам дастурхонлари апрел ойи бошларигача йиғилмаслиги айтилмоқда.

20 март куни Исмоил Сомоний майдонида катта концерт дастури билан бошланган Наврўз тадбирлари 24 Март куни Душанбе шаҳар Отчопарида тожик ва инглиз отларининг пойгаси билан тугаши маълум қилинди.

Айни пайтда бир гуруҳ тожикистонлик зиёлилар Тожикистонда янги йил 21 март куни бошланиши зарур, деган таклифни ўртага ташламоқда.
XS
SM
MD
LG