Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:49

Усама ўлди! Исбот қани?


Усама бин Ладин қўлга олингани айтилаëтган қўрғон¸1 майдан бери абботободликлар диққат-марказида қолмоқда.
Усама бин Ладин қўлга олингани айтилаëтган қўрғон¸1 майдан бери абботободликлар диққат-марказида қолмоқда.

Оқ уйнинг Усама бин Ладин ўлдирилганига оид баëнотларига шубҳа билдираëтганлар¸ бу даъвони қувватловчи далил сўрамоқдалар.

Вашингтон Ал-Қоида етакчиси Усама бин Ладиннинг 1 май куни саҳарда отиб ўлдирилгани ва Араб денгизига дафн қилингани 100 фоиз ҳақиқат эканини айтмоқда. Аммо бу даъвони қувватловчи факт-далиллар жамоатчиликка ҳозирча тақдим этилмагани боис¸ Усаманинг ҳақиқатда ҳам ўлдирилгани¸ ўлдирилган тақдирда ҳам Оқ уй ҳикоя қилаëтган тарзда ва жойда ўлдирилганига оид шубҳалар ëйилгандан ëйилиб бормоқда.

Бундай шубҳалар эпицентри эса¸ эҳтимол¸ Усама бин Ладин ўлдирилгани айтилаëтган Покистоннинг Абботобод шаҳарчасидир¸ дейди уч кундан бери мазкур шаҳарчадаги вазиятни бевосита кузатаëтган Озодлик мухбири Фавад Али Шоҳ.

- Усама Абботободда ўлдирилганидан бери шу ердаман. Уч кун ичида маҳаллий аҳолидан камида 100 дан ортиқ одам билан гаплашдим ва уларнинг аксарияти Усаманинг ўз шаҳарларида ўлдирилганига мутлақ ишонмайдилар. “Нега ишонмайсиз?”¸ деб сўрасангиз¸ улар “Абботобот Покистон ҳарбийларининг маркази бўлсаю¸ Усама қандай қилиб бу ерда яшириниб яшаган бўлиши мумкин?”деб саволга савол билан жавоб қайтаради. Усама бин Ладин нафақат АҚШ¸ балки Покистон армияси томонидан қидирилаëтган террорчилар рўйхати тепасида бўлгани боис¸ Абботобод аҳли унинг Покистон Ҳарбий академияси жойлашган бу шаҳарда яширин яшаб келганига ишонмаëтир¸ дейди Озодликнинг Абботободдаги мухбири.

Оқ уйнинг Усама бин Ладин Абботободда унинг учун махсус қурилган миллион долларлик қўрғонда беш йилдан кўпроқ яшаб келгани ва шу қўрғонда ўлдирилгани ҳикоясига ишонмаëтган абботободликлар Вашингтондан бу даъвосини қувватловчи кучли исбот-далил талаб қилишмоқда¸ деб давом этади Фавад Али Шоҳ.

- Абботободликлардан “Нега Усаманинг ўлганига ишонмайсиз?”¸ деб сўрасангиз¸ “Менга унинг ўлганини кўрсатувчи суратларни кўрсатинг!”¸ дейди. “Агар АҚШ аскарлари Усама бин Ладинни ўлдирган бўлса¸ ўликнинг суратлари қани? Бизга исбот-далил керак”¸ дейишмоқда улар. Мен гаплашганларнинг кўпчилиги¸ бутун бу тўқима Покистондаги нисбатан тинч шаҳар бўлиб келган Абботободга қарши фитнадир¸ деган ишончда¸ дейди кейинги уч кун ичида юздан ошиқ оддий абботободлик билан суҳбатлашган Озодлик мухбири.

Усама бин Ладин жасадининг зудлик билан Араб денгизига кўмилгани ҳақидаги Оқ уй баëноти ҳам¸ абботободликларда кучли шубҳа уйғотмоқда.

“10 йил давомида Усаманинг орқасидан қувган америкаликлар нега бунча тезликда унинг жасадидан қутулиб қўя қолишди? Улар нимани яширмоқда?” деган саволларни ҳам абботободликлардан тинимсиз эшитаяпман”¸ деб қўшиб қўяди Абботободдаги Озодлик мухбири.

Айрим Покистон сиëсатчилари¸ Оқ уй баëнотларига шубҳа билдиришда оддий абботободликлардан ҳам ўзмоқда. Ҳайбар Пактуква вилоят кенгаши аъзоси¸ муфтий Кифоятуллоҳ Озодлик мухбири билан суҳбатда Усама бин Ладиннинг бошқа жойда ўлдирилиб¸ турли сабабларга кўра¸ Абботободга олиб келинганини даъво қилади.

- Америкаликлар айтаëтган гаплар бориб турган тўқимадир. Усама бошқа жойда қўлга олинган ва шундан сўнг тинчлик ҳукм сураëтган Абботободга олиб келинган. Бундан мақсад эса¸ АҚШ бу тинч шаҳарни ҳам учувчисиз қирувчиларидан ҳужумга тутмоқчи. Мен Усамани ўлдириш амалиëтининг Абботободда бўлганига ишонмайман. Усамани аслида Покистон армияси бошқа жойда қўлга олган. АҚШ уни ўзига топшириш борасида босиб қилганидан сўнг¸ Покистон армияси уйдирма амалиëт уюштириб¸ Усаманинг шаҳид бўлгани ҳақида хабар тарқатди¸ дейди абботободлик муфтий Кифоятуллоҳ Озодлик билан суҳбатда.

Шу кунларда Покистон телеканалларида урчиб кетган фитна назарияси Усаманинг ўлдирилишини аксил-террор урушидаги йирик ғалаба сифатида тақдим этаëтган АҚШ расмийларини ўз баëнотларини ҳимоя қилишга мажбурламоқда.

Шундай бўлса-да¸ душанба-сешанба кунлари Исломободда Покистон раҳбарлари билан мулоқот ўтказган АҚШ нинг минтақадаги махсус вакили Марк Гроссман¸ урчиб кетган шубҳаларга муносабат билдира туриб¸ “Бунақа фитналарни кўнглингиз тусаганча¸тўқийверинглар. Усама ўлди ва бу ажойиб иш бўлди”¸ деди.

Оқ уй расмийлари¸ ўз ихтиëрларида Усама бин Ладин жасади акс этган сурат ва видеолавҳалар¸ шунингдек жасаднинг айнан Усаманики эканини қувватловчи тиббий экспертиза хулосаси борлигини айтмоқдалар. Уларга кўра¸ Усама бин Ладин жасадидан олинган парча унинг ўлган опасиники билан солиштирилганда ДНК маълумотлари уйқаш бўлиб чиққан.

Аммо ҳозирча Оқ уй бу исбот-далилларни жамоатчиликка ошкор этишга шошилмаëтир. Оқ уй матбуот котиби Жэй Карни суратлар ниҳоятда мудҳиш бўлгани боис¸ уларни эълон қилишнинг қанчалар мақсадга мувофиқлиги масаласи муҳокама этилаëтганини билдирди.

Усама жасади акс этган суратларни ошкор қилишга қаршилар¸ уларнинг мусулмонларни жунбушга солиши ва экстремистларга қўл келиши мумкинлиги борасида хавотир билдирмоқдалар.

Аммо Вашингтон маъмуриятининг қатор юқори даражали расмийлари¸ хусусан Марказий разведка бошқармаси раҳбари Леон Панетта¸ бу суратларнинг охир-оқибат жамоатчиликка эълон қилиниши лозимлигига ишорат қилмоқдалар.

“Гапнинг индаллоси шуки¸ биз Усама бин Ладинни йўқ қилдик. Қолган дунëни уни қўлга тушириш ва ўлдиришга қурбимиз етганига ишонтириш учун бор фактларни ошкор қилишимиз керак¸ деб ўйлайман”¸ деди Марказий разведка бошқармаси директори 3 май куни NBC телеканалига берган интеръвюсида жумладан.
XS
SM
MD
LG