Юсуф Ризо Ғилоний 2 май куни АҚШ махсус кучлари ўтказган махфий амалиётга оид баъзи тафсилотларни ошкор қилди.
Ғилоний ўтказилган амалиётнинг турли жиҳатларига тўхталиб, “Покистоннинг террорчиликка қарши курашда келтирган қурбонликлари ва мамлакатнинг келгусида бу муаммони ҳал этишга оид стратегияси” ҳам ҳақида гапирди.
Абботододдаги Усама бин Ладин 5 йил давомида яшириниб юрган уй яқинида Покистон армияси ҳарбий қисми жойлашган.
Дунёнинг биринчи рақамли террорчиси АҚШ дессанти томонидан пойтахт Исломобод яқинидаги Абботобод шаҳарчасида йўқ қилингани Покистон ҳукуматини анча ҳижолат торттирди.Бундан ташқари, Покистон мухолифати ҳам хориж кучларининг мамлакат ичида бундай ҳарбий операцияни амалга ошириб, унинг суверенитетига даҳл қилгани Ғилоний ҳукуматининг лаёқастизлигини кўрсатишини таъкидлаб, уни истеъфога кетишга чақира бошлади.
Ғилоний ўз чиқишида бу айбловларни инкор қилди.
- Ал-Қоида билан ҳамкорлик қилганлик ёки Покистон махсус хизматларининг лаёқатсизлигига оид айбловлар мантиқсиздир. Биз бундай айбловларни қатъиян инкор қиламиз. Жамоатчилик орасида бу мазмунда тарқатилган миш-мишлар бузғунчиликка қаратилган,- деди Юсуф Ризо Ғилоний.
Бироқ Покистон разведка хизматининг собиқ бошлиғи, истеъфодаги генерал Ҳамид Гул Озодлик радиосига бундай деди.
- Парламент аъзолари ижрочи ҳокимият раҳбари ва иқтидордаги сиёсий кучларнинг истеъфога кетишини талаб қилишлари керак, чунки айнан улар Америка билан ҳамкорлик қилиш сиёсатини олиб боришмоқда. Бу сиёсат эса шармандаларча якун топганини кўриб турибмиз, чунки Америка бизнинг давлат суверенитетимизни писанд қилмаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу уларнинг сиёсати бўлиб чиқяпти. Улар шундай сиёсат олиб боришмоқда. Армия бу сиёсатни ўйлаб топгани йўқ, разведка хизматининг ҳам бу сиёсатга алоқаси йўқ,- дейди собиқ генерал.
Унинг айтишича, янги ҳукумат тузиладиган тақдирда “Американинг кўнглини олиш ва Покистоннинг иккинчи пландаги ролларни ўнаши сиёсатига барҳам берилиши керак.” Террорчилик муаммосини Покистоннинг ўзи ҳал қила олади, дея қўшимча қилади генерал.
Айни пайтда, АҚШ мулозимлари, хусусан президент Барак Обама бин Ладиннинг узоқ йиллар давомида Покистон куч ишлатар идоралари бурни остида яшириниб юргани, Ал-Қоиданинг Исломобод ҳукумати ичидаги маълум доиралар билан яқин алоқада бўлганига ишора қилишини айтиб, Покистон ҳукуматидан изоҳ беришни талаб қилди.
Президент Обама 8 май куни CBS телеканалининг “60 дақиқа” дастурига берган интервьюсида Ал-Қоида етакчиси Покистонда муайан таянчга эга бўлганига шубҳа қилмаслиги, бироқ бу таянч ҳукумат идоралари томонидан кўрсатилганми, йўқми билмаслигини таъкидлади.
Покистон ҳукумати, деди Обама, расмийларнинг Ал-Қоида етакчиси яшириниб юрган жойдан хабардан бўлганми, деган савол жавобини топиши керак.
- Ўйлашимизча, Покистон ичида бин Ладин қандайдир таянчга эга бўлган бўлиши керак. Лекин бу таянч манбаси ким ва нима бўлганини билмаймиз. Ал-Қоида етакчисининг ҳукумат ичидаги ёки ҳукумат ташқарисидаги баъзи одамлар билан алоқаси бўлганми, буни ҳам билмаймиз, бу масалани суриштиришимиз керак. Ва энг муҳими, бу масалани Покистон ҳукумати тергов қилиши керак,- деди Обама.
Айни пайтда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Том Донилон расмий Исломобод бин Ладин қандай қилиб, шунча йил давомида пойтахт яқинида, боз устига ҳарбий академия ёнгинасида яшаб келганини аниқлаши лозим, дея таъкидлади.
NBC телеканали билан суҳбатда Донилон Покистон расмийлари ўтган ҳафта АҚШ махфий операциясидан кейин ҳибсга олган бин Ладиннинг уч нафар беваси билан Америка терговчиларининг гаплашишига имкон бериши лозим, дея қўшимча қилди.
Бош вазир Ғилоний Покистон ҳукуматини террорчи гуруҳлар билан алоқада бўлганликда айблаш куракда турмайди, деди парламентда қилган чиқишида.
- Покистон ёки унинг давлат идораларини, жумладан Разведка хизмати ва қуролли кучларини Ал-Қоида билан ҳамтовоқ бўлганликда айблаш мунофиқликдан бошқа нарса эмас,- деди Покистон бош вазири.
Покистон ҳукумати, деди Ғилоний, “террорчиликни муқаддас еримиздан ҳайдаб чиқаришга қатъий бел боғлаган.” Унинг айтишича, расмий Исломобод миллий манфаатларга қарши бориб, Покистон ҳудудининг террорчилик мақсадларида ишлатилишига йўл қўймайди.
Ғилоний 4 май куни Парижга қилган сафари чоғида бин Ладеннинг узоқ йиллар давомида қочиб юришга муваффақ бўлгани учун масъулият барча давлатлар разведка тизимлари зиммасида эканини баён қилган эди.
Пентагон 7 май куни Абботободдаги бин Ладин уйидан олинган видеоларни ошкор қилди. Матбуотга ихтиёрига берилган видео материаллар овози ўчирилган ҳолда эълон қилинди.
АҚШ разведка хизматлари расмийларига кўра, бин Ладин яширинган уй унинг учун “бошқарув ва назорат маркази” вазифасини ҳам бажариб келган.
Лекин, Покистон расмийлари бин Ладиннинг кейинги йилларда Ал-Қоида тармоғини бошқаришда фаол иштирок этгани борасида шубҳа билдирмоқда.