Линклар

Шошилинч хабар
18 июн 2025, Тошкент вақти: 10:46

Ҳаж визалари бўйича иш судга оширилди


Қирғизистондаги мусулмон жамоалари виза савдогарлари қилмишлари туфайли кўплаб қирғизистонликлар Ҳаж зиёратига боролмай қолганини даъво қилмоқдалар.
Қирғизистондаги мусулмон жамоалари виза савдогарлари қилмишлари туфайли кўплаб қирғизистонликлар Ҳаж зиёратига боролмай қолганини даъво қилмоқдалар.

Қирғизистонда ҳаж визаларининг сотилиши бўйича жиноий иш бўйича тергов ниҳоясига етди.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати мазкур жиноий иш бўйича материаллар судга оширилганини билдирди.

Бундан уч ой муқаддам Қирғизистон ва Марказий Осиё мусулмонлари конгресси раҳбари Бақит Нурдинов қирғиз расмийларини Ҳаж зиёратини бизнесга айлантирганликда айблаб чиққанди.

Унга кўра, Қирғизистонда айрим амалдорлар ҳомийлигидан фойдаланган гуруҳ Эрон, Туркия, Хитой, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларига 2,5-3 минг доллардан Ҳаж визасини сотган. Нурдинов ўз сўзларига исбот ўлароқ ўтган йил кузида Қирғизистонда Эрон фуқароси 139 дона сохта виза билан қўлга тушганини келтирганди.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йил ноябрида Қирғизистон махсус хизматлари Бишкекдаги “Манас” халқаро аэропортида сохта Ҳаж визаларини олиб кетаётган эронлик фуқарони қўлга олгандилар. Маълумотларга кўра, ўшанда ватанига учиб кетаётган эронлик ёнидан Қирғизистон фуқаролари учун мўлжалланган, бироқ кейин Эрон фуқаролари номига расмийлаштирилган 139 дона Ҳаж визаси чиққан.

Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ўшанда мазкур ҳодиса юзасидан республика Жиноят кодексининг 166-моддаси (Товламачилик) ва 350-моддаси (Ҳужжатлар, давлат мукофотлари, штамплар, муҳрлар, бланкаларни сохталаштириш, тайёрлаш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) бўйича жиноят иши қўзғатганди.

Мазкур жиноят иши бўйича эронлик фуқародан ташқари Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси директорининг собиқ ўринбосари ва яна тўрт қирғизистонликка айблов эълон қилинганди.
XS
SM
MD
LG