Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:38

Тожикистонда алюминий ишлаб чиқариш ҳажми қисқаради


ТАЛКО расмийлари бунинг сабабини корхонада техник модернизация ўтказилиши билан изоҳламоқдалар.

Рейтер агентлигининг ТАЛКОдаги манбага таянган ҳолда қилишича, ўтган асрнинг 70-йилларида фойдаланишга топширилган техник ускуналар бугунги кунда деярли ишга яроқсиз бўлиб қолган. ТАЛКОда ўтказиладиган техник модернизация учун тахминан 100 миллион АҚШ доллари сарфланиши айтилмоқда.

ТАЛКО расмийси Саёҳат Қодирова 10 май куни Озодликка корхонада алюминий ишлаб чиқариш ҳажми 18 фоизга қисқаришини тасдиқлар экан, ТАЛКОни техник жиҳатдан янгилаш энг аввало корхонанинг экологик дастурлари доирасида амалга оширилаётганини маълум қилди.

Шу ўринда айтиб ўтсак, 1975 йилда фойдаланишга топширилган ТАЛКО алюминий заводидан тушган даромад Тожикистон йиллик даромадининг 70 фоизини ташкил қилади.

Расмий манбаларнинг қайд этишларича, ўтган йили мазкур корхона тахминан 30 миллион АҚШ доллари миқдорида фойда келтирган.

Шу йил тўққиз ой давом этиши айтилаётган техник янгилаш ишлари ортидан ТАЛКОда 2011 йил учун кўзланган 377 600 тонна ўрнига тахминан 310 000 тонна алюминий ишлаб чиқариши кўзланмоқда. 2010 йилда талкочилар 348 850 тонна алюминий ишлаб чиқарганди.

Соҳа бўйича мустақил таҳлилчи Давлат Усмон Тожикистонда алюминий ишлаб чиқариш ҳажмининг 18 фоизга қисқартирилиши мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказмаслигини айтади.

Давлат Усмон мулоҳазасича, модернизациядан кўзланган мақсад энг аввало маҳсулот ишлаб чиқариш сифатини халқаро стандартларга мослаштиришдан иборатдир.

- Жаҳон бозорига янги технология асосида маҳсулот чиқараётган ширкатлар талайгина. Бугунги кунда талабга жавоб бера олмайдиган сифатсиз алюминийнинг бозори касод бўлади. ТАЛКО корхонаси расмийлари ҳам янги технология асосида сифатли маҳсулот чиқармаса, жаҳон бозоридаги рақобатга дош бера олмай қолишини яхши англайди. Ва бугун йўлга қўйилаётган тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам фақат маҳсулот сифатини яхшилаш, холос, - дейди соҳа бўйича мустақил таҳлилчи Давлат Усмон.

Шу ўринда айтиш жоизки, Тожикистонга ён қўшни Ўзбекистон аҳолиси ТАЛКОдан кўрилаётган экологик зарарлардан мудом шикоят қилиб келади.

Ўтган йили алюминий ишлаб чиқараётган ТАЛКОнинг юзлаб инсонлар саломатлиги ва қишлоқ хўжалигига тузатиб бўлмас зарар етказаётганидан норозилар Ўзбекистоннинг Сурхандарё вилоятидаги қатор туманларда митинглар ўтказганди.

Ўшанда Ўзбекистон экоҳаракати вакиллари Тожикистон ҳукумат расмийларини халқаро меъёрларга зид иш кўраётганликда айблаганди.

Аснода ўзбекистонликлар ТАЛКО чиқиндилари республика жанубий ҳудудларига тобора кенг ёйилаётганидан шикоят қилишмоқда.

- Алюминий заводидан чиқаётган фтор Термизгача етиб келаяпти-да ҳозир. Икки-уч йил аввал яхши эди. Ҳозир эса саломатлигидан шикоят қилаётганлар кўп. Хусусан она ва болага таъсири катта бўлаяпти-да бу нарсанинг. Зоб (бўқоқ демоқчи – таҳр.) касаллиги, фарзандларнинг ногирон бўлиб туғилиши. Катта зарар кўраётган Узун ва Сариосиё томонларда ҳосилдорлик йил сайин пасайиб бораяпти, - дейди термизлик Абдуқодир Тошболтаев.

Айни пайтда ТАЛКО алюминий ишлаб чиқариш расмийлари ҳар йили корхонанинг атроф-муҳитга зарарини камайтириш учун миллионлаб сомоний сарфлаётганидан баҳс этадилар.

- Атроф-муҳит муҳофазаси учун ҳар йил жуда катта миқдорда маблағ сарфлаяпмиз. Бу йил ҳам, иқтисодий бўҳронга қарамай, 30 миллион сомоний (тахминан 6,5 миллион доллар - таҳр.) маблағ сарфлаш назарда тутилган. Лекин Россия ва Ўзбекистон нашрларида ТАЛКО зарарлари ҳақида ҳар қандай бўлмағур бўҳтонлар ёзилади, - дейди ТАЛКО алюминий заводининг экология ва иш сифатини яхшилаш бўлим бошлиғи Нурали Қодиров.

Душанбе шаҳридан 65 километр нарида жойлашган ТАЛКО алюминий заводи минтақадаги ягона алюминий ишлаб чиқариш заводи бўлиб ҳисобланади ва у алюминий ишлаб чиқариш бўйича дунёда учинчи ўринда туриши айтилади.
XS
SM
MD
LG