Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2023, Тошкент вақти: 23:19

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистонда Туркиянинг 50 ташкилоти ёпилди

Ўзбекистонда кейинги ярим йил давомида 100 та супермаркет ва ишлаб чиқариш корхоналари ёпилди.

Centralasiaonline.com сайти маълумотига кўра, Ўзбекистон ҳукумати бу ташкилотлар ёпилишини коррупцияга қарши кураш доирасида амалга оширилганини билдирган.

Ёпилган ташкилотларнинг қарайиб 50 таси турк капитали ҳисобига очилган дўкон ва ташкилотлар бўлган.

МХХдаги манбага таяниб тарқатилган хабарга кўра, аксар ташкилотлар тақиқланган “Нурчилар” ташкилотига алоқадорлиги учун ёпилган. Ушбу ташкилотлар тақиқланган диний китобларни тарқатганлик ва Ўзбекистондаги нурчиларга кўмаклашганликда айбланган.

Шунингдек, ташкилотларга солиқ тўлашдан бўйин товлаш айби ҳам қўйилган.

Ўзбекистон божхона қўмитаси маълумотига кўра, Тошкент шаҳридаги Turkuaz савдо мажмуасидаги текширишлар натижасида 40 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, 3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги товар маҳсулотлари мусодара қилинган.

Кун янгиликлари

Блогер Олимжон Ҳайдаров 8 йилга қамалди

Олимжон Ҳайдаров шу йилнинг 29 июль куни қора ниқоб кийган махсус ходимлар томонидан ҳибсга олинганди.
Олимжон Ҳайдаров шу йилнинг 29 июль куни қора ниқоб кийган махсус ходимлар томонидан ҳибсга олинганди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди 1 декабрь куни блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан ҳукмни эълон қилди.

Олий суднинг билдиришича, Ҳайдаров Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми, 3-қисми “а” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Мазкур айбловлар асосида у 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. У жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.

Олимжон Ҳайдаровдан 165-моддасининг 2-қисми “а” “б” бандлари (Такроран ёки хавфли рецедивист томонидан, кўп миқдорда товламачилик қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этиш айблови олиб ташланди.

Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси зиммасига ижтимоий тармоқлардаги О. Ҳайдаровга тегишли барча канал, саҳифа ва гуруҳларни ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ўчирилишини таъминлаш юклатилди.

Жабрланувчи С. М. га жиноят оқибатида етказилган моддий зарар ундириш бўйича тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаганлиги сабабли, моддий ва маънавий зарар ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.

Биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар жиноят-процессуал қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатда Фарғона вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтириш ҳуқуқига эга.

Водил шаҳарчасида ўтказилган судда 25 ноябрь куни прокурор Мирзоҳид Эрматов Олимжон Ҳайдаровни Жиноят кодексининг унга нисбатан қўлланган барча бандлари бўйича айбдор деб топиш ва 9 йилу 6 ойга озоликдан маҳрум қилиш, жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ ва "жабрланувчилар" фойдасига 50 миллион сўм миқдорида моддий зарар ундиришни сўраган эди.

Судда асосан, Олимжон Ҳайдаров ўз чиқишларида танқид қилган маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, жумладан, Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов, шунингдек, Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ИИББ ходими ҳамда Фарғона вилоятидаги бозорлардан бирининг таъсисчиси Ҳайдаровга қарши кўрсатма берган.

Олимжон Ҳайдаров шу йилнинг 29 июлида салбий мазмундаги мақолани тарқатмаслик эвазига «Қўқон Истиқлол» савдо комплекси раҳбарларидан 10 минг доллар талаб қилганликда гумонланиб ҳибсга олинган. У Фарғона вилояти ИИБ ва Қўқон шаҳар прокуратураси қошидаги Департамент ходимлари иштирокидаги махсус амалиёт даврида махсус кимёвий ишлов берилган пул билан ушланган.

Олимжон Ҳайдаров ҳибсга олинганидан кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда эълон қилинган баёнотида ўзини “сиёсий маҳбус” деб атаганди.

Блогернинг иддаосича, унинг қамалиши тўғридан-тўғри касбий- профессионал фаолияти билан боғлиқ. У ўз фаолияти даврида йирик коррупцион схемаларни фош қилганини айтган.

Тўлов тизимлари АЖга айлантирилади, Humo Давактивга берилади, МБ карталарни блоклаши мумкин

Ўзбекистонда 2024 йил 1 июлдан бошлаб тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фақат акциядорлик жамияти шаклида фаолият юритади. Бу борадаги қарорни президент Шавкат Мирзиёев 30 ноябрда имзолади.

Қарорга асосан 2024 йил 1 июлдан тўлов тизимлари операторлари учун устав капиталининг энг кам миқдори 50 миллиард сўм, тўлов ташкилотлари учун 10 миллиард сўм қилиб белгиланади. 2025 йилнинг 1 июлидан эса тўлов ташкилотлари устав капитали 20 миллиард сўмдан кам бўлмаслиги шарт.

Қарорда Humo тўлов тизимидаги давлат улуши тўлиқ Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилиши қайд этилган. Шу кунгача Humo Марказий банкнинг Бош ахборотлаштириш марказига тегишли эди.

Бундан ташқари Марказий банк бошқа банклардан шубҳали операциялар амалга оширилган банк карталари ва ҳисоб рақамларини блоклаб қўйишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қарорда таъкидланишича, сўнгги пайтларда банк карталаридан пул ўғирланиши ҳолатлари кўпайгани ортидан Марказий банкка мана шундай ҳуқуқ берилмоқда.

Марказий банк талаби билан карталар ва ҳисоб рақамлари уч кунгача блокланиши шарт бўлади.

Камида 65 бола ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” иши юзасидан суд вақтинча тўхтатилди

Олий суднинг билдиришича, 1 декабрда Тошкент шаҳар суди “Док-1 Макс” жиноят иши юзасидан жараённи бир ойга тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Жиноят иши эса “айбловни тўлдириш ва бошқа шахсларни айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш билан боғлиқ қўшимча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун тергов органига юборилди”.

Ўзбекистонда камида 65 боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” сиропи юзасидан суд жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 11 август куни бошланган эди.

Иш доирасида жами 21 киши, жумладан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари, Ҳиндистон фуқароси, “Quramax Medikal” МЧЖ директори ҳамда бошқаларга айблов эълон қилинган. Айбланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл.

Шу йилнинг январь ойида ДХХ Тергов бошқармаси томонидан “Quramax Medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” мутасаддиларига нисбатан жиноят иши очилганди. “Док-1 Макс” сиропини Ўзбекистонга олиб кирган “QURAMAX MEDICAL” МЧЖнинг лицензияси ҳам 13 январь куни бекор қилинган.

Суд жараёнида мансабдорлар мазкур сиропни Ўзбекистонда махсус текширувларидан ўтказмасдан сотувга чиқарилиши учун камида 33 минг доллар пора бергани аниқланган.

Миллий телерадиокомпаниянинг 22,5 миллион евро кредити давлат бюджетидан тўланади

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 22,5 миллион евролик кредити давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилади. Президент Мирзиёев бу борадаги қарорни имзолади.

Қарорда таъкидланишича, мазкур кредит МТРКга рақамли эшиттириш форматига ўтиш учун замонавий мултимедиа ускуналари билан жиҳозлаш мақсадида 2016 йилда берилган эди.

Қарорга асосан,кредит муддати 10 йилдан 13 йилгача узайтирилиб, давлат бюджетининг қарзни қайтаришдаги улуши оширилади.

Дастлаб МТРКга берилган кредитнинг 11,25 миллион евросини ҳукумат ва 11,25 миллион евросини МТРКнинг ўзи тўлаши режалаштирилган эди. Аммо шу кунгача МТРК бу кредит бўйича тўловларни амалга оширмаган.

МТРК давлат бюджети ҳисобидан фаолият юритиб келаётган ташкилотлардан биридир. 2023 йилда мазкур ташкилот учун давлат бюджетидан 555,94 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган эди.

Айрим хабарларда айтилишича, бу “парламентнинг икки палатаси, қатор вазирлик ва қўмиталар бюджетидан кўп”.

МТРКга давлат бюджетидан 2022 йилда 463,6 миллиард сўм, 2021 йилда 427,1 миллиард сўм, 2020 йилда 399,5 миллиард сўм ажратилган эди.

Жаҳон банки Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт ва иш ўринлари яратиш учун қарз беради

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Жаҳон банки Ўзбекистонга рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва ахборот технологиялари соҳасида янги иш ўринлари яратиш учун 50 миллион доллар миқдорида имтиёзли қарз беради. Бу ҳақда 30 ноябрь куни Жаҳон банки матбуот хизмати маълум қилди.

Расман билдирилишича, имтиёзли кредит доирасида минглаб қишлоқ ёшларини «рақамли технологиялар билан ишлаш кўникмасини ривожлантириш, уларни ахборот технологиялари соҳасидаги ишларга жалб этиш» назарда тутилади.

Жаҳон банки матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, Ўзбекистон 2017 йилда 600 минг долларлик ITES хизматини кўрсатган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 140 миллион долларга етган. Аммо ўсиш кузатилганига қарамай, Ўзбекистонда ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасидаги хизматлар ЯИМнинг 1,9 фоизини ташкил қилмоқда.

“Шу билан бир қаторда Ўзбекистоннинг 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясида IT хизматлар ҳажмини йилига 5 миллиард долларга, Ўзбекистондаги IT ширкатлар сонини 1000 тага, IT соҳасида ишлайдиган ёшлар сонини 300 мингга етказиш режалаштирилган”, дейилади Жаҳон банки билдирувида.

Жаҳон банки мазкур лойиҳа доирасида 2029 йил охиригача ITES хизмати соҳасига 25 минг киши ишга ўрнатилиши, 15 мингга яқин киши бу соҳага яқин хизматларни кўрсатувчи ширкатларга ишга жойлаштирилишини иддао қилмоқда.

Иттифоқчилик тўғрисидаги Ўзбекистон-Қозоғистон шартномаси ратификация қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Шартномада икки мамлакат мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ва барқарор иқтисодий ривожланишини янада мустаҳкамлашга қаратилган муносабатлар ўрнатиш назарда тутилади.

Шартнома ташқи сиёсат, мудофаа ва хавфсизлик, миграция, саноат кооперациясини ривожлантириш, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш, парламентлар, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш каби соҳаларда яқин ҳамкорликни назарда тутади.

Тошкентда ток урган ўқувчининг ўлими юзасидан жиноят иши очилди

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 99-мактабда ўқиган 8-синф ўқувчиси электр токи уриши оқибатида вафот этгани юзасидан жиноят иши очилди, деб билдирди Бош прокуратура.

Расман билдирилишича, ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 186-(Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) ва 207-(Мансабга совуққонлик билан қараш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга киришилди.

28 ноябрда ижтимоий тармоқларда “Тошкент шаҳри Филология мактабида 8-синф ўқувчиси очиқ қолган электр токига тегиб кетиш натижасида вафот этгани айтилмоқда. Масъул ходимлар очиқ қолган электр токига қарамаганлиги сабабли бола вафот этган”, деган хабарлар тарқалган эди.

Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бу хабарларни инкор этган. Бошқарма 28 ноябрда тарқатган расмий маълумотда: “27 ноябрь куни соат тахминан 18:15 да ўқувчи А.А., таълим муассасаси ҳовлисидаги спорт майдончасидан чиқиб кетаётиб, ҳушини йўқотгани” айтилади.

Бошқарма мактаб қоровули зудликда “Тез ёрдам” чақиргани, ўқувчи касалхонага олиб кетилгани ва ўша ерда хушига келмай вафот этгани ҳақида билдирган.

Аммо Суд тиббий экспертизаси ўқувчи электр токи уриши оқибатида вафот этгани тўғрисидаги дастлабки хулосани берганидан сўнг, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ўз хабарини таҳрирлади ва “боланинг ўлимига электр токи сабаб бўлмагани, мактаб стадиони ва унинг атрофида электр энергияси узаткичлари борлиги аниқланмагани” айтилган қисмини олиб ташлади.

Олмаотадаги ёнғинда ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам борлиги айтилмоқда

Ёнғинни ўчиришга 46 нафар ўт ўчирувчи жалб қилинди.
Ёнғинни ўчиришга 46 нафар ўт ўчирувчи жалб қилинди.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги хостеллардан бирида юз берган ёнғинда ҳалок бўлган 13 киши орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Бу ҳақда “Газета.uz” Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар берди. Айни пайтда ТИВ расмий сайтида бу борада ҳозирча маълумот берилмади.

Хабарда айтилишича, ёнғинда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар 23 ёшда бўлган йигитлардир.

“Ҳозирда мамлакатнинг Олмаотадаги бош консуллиги шаҳар ҳокимлиги ва тегишли идоралари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. ТИВ ҳалок бўлганларнинг яқинларига уларнинг жасадларини ватанга етказишда ҳар томонлама ёрдам беришини маълум қилди”, дейилади хабарда.

Аввалроқ Озодлик радиоси Олмаотада 30 ноябрь куни эрталаб юз берган ёнғинда 13 киши ҳалок бўлгани ҳақида ёзган эди.

Хостел уч қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Олмаота бошқармаси ёнғин чиққан пайтда хостелда 72 киши бўлганини билдирди. Улардан 59 нафари ёнаётган бинодан чиқишга улгурган. Қолганлар эса ис газидан заҳарланиб, ташқарига чиқишга улгурмаган.

Ўзбекистонда сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилади

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 ноябрда ўтган видеоселектор йиғилишида бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтишга кўрсатма берди. Президент матбуот хизматининг хабар беришича, бунга сув манбаларининг йил сайин камайиб бораётгани сабаб бўлди.

Президент йиғилишда сув ресурсларининг фақат 20 фоизи Ўзбекистонда, қолгани эса қўшни давлатларда шаклланишига эътибор қаратди. Унга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда сув танқислиги 15 миллиард кубометрга етиши прогноз қилинмоқда.

Мирзиёевнинг айтишича, сув танқислигига қарамай, сувдан самарасиз фойдаланилаяпти. Президент Ўзбекистондаги жами сув ресурсларининг 90 фоизи қишлоқ хўжалигига сарфланишини, бир гектар пахта майдонини суғориш учун йилига 10-11 минг кубметр сув ишлатилаётгани, иқлими ва ери Ўзбекистонга ўхшаш мамлакатларда бундан 2-3 баравар кам сув сарфланаётганини алоҳида таъкидлади.

“Сув хўжалигига ҳар йили ўртача 1 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда. Бу соҳа бюджетдан маблағ олиш бўйича таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигидан кейин 4-ўринда туради. Аммо тизимда ҳисоб-китоб тўғри йўлга қўйилмагани, сув ресурсларини бошқаришда эскича ёндашувлар сақланиб қолгани учун самара кам”, дейилади расмий хабарда.

Президент бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидлади. Унга кўра, бунинг учун канал ва ариқларни бетонлаш муҳим вазифадир.

Ҳисоб-китобларга кўра, бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 миллиард куб метр ёки 36 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўляпти. Сув йўқотишлари оқибатида Ўзбекистон иқтисодиёти йилига 5 миллиард доллар даромадни бой бермоқда.

Шу боис сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” эълон қилинди.

Мирзиёев БМТнинг иқлим ўзгариши анжуманида иштирок этиш учун Дубайга боради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь – 2 декабрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши масалалари бўйича конференциясида иштирок этиш учун Дубай шаҳрида бўлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

БМтнинг иқлим бўйича глобал саммитда дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар раҳбарлари қатнашади.

Тадбир кун тартибидан БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси асосий қоидаларини амалга ошириш, бугунги экологик таҳдид ва хатарларга қарши курашиш, “яшил” тараққиёт мақсад ва вазифаларини илгари суришда кенг ҳамкорлик масалалари ўрин олган.

Мирзиёев саммитнинг ялпи сессиясида нутқ сўзлаши ҳамда қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказиши кутилмоқда.

Ўзбекистон иқлим ўзгариши бўйича БМТнинг Ҳадли конвенциясига 1993 йилда қўшилган, 2018 йилда эса Париж битими иштирокчиси бўлди.

Ўзбекистон дори ва электротехника ишлаб чиқаришга 700 миллион доллар йўналтирмоқчи

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда йилига 1,6 миллиард долларлик дори-дармон истеъмол қилинади. Бунда маҳаллий маҳсулотлар улуши бор-йўғи 18 фоизни ташкил қилади, эҳтиёжнинг қолган қисми эса импорт ҳисобидан қопланаяпти. Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақда 28 ноябрда ўтган йиғилишда маълум қилди.

Мирзиёевнинг айтишича, охирги олти йилда фармацевтика соҳасида ишлаб чиқариш 3 баробар, экспорт 6 баробар кўпайган. 525 миллион долларлик 177 та лойиҳа ишга тушиб, жами 50 мингта иш ўрни яратилган. Лекин бу аҳоли эҳтиёжини тўлиқ қопламаяпти.

Шундан келиб чиққан ҳолда, президент энг кўп истеъмол қилинадиган 50 турдаги дорини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш орқали маҳаллийлаштириш улушини 35 фоизга етказишга кўрсатма берди. Бунинг учун 600 миллион доллар йўналтирилади.

Хабарда айтилишича, йиғилишда мутасаддилар 2024 йилда 400 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши, 160 миллион доллар экспорт таъминланиши бўйича ахборот берган.

Йиғилишда электротехника саноатига доир масалалар ҳам кўриб чиқилди. Президентга кўра, бу соҳада 640 миллион долларлик 224 та лойиҳа ишга туширилган. Бу йил якунида экспорт 1 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон йилига 800 миллион долларлик электротехника товарларини импорт қилмоқда.

Мирзиёевга кўра, электротехника саноатини ривожлантириш учун нуфузли брендлар билан ҳамкорлик ўрнатиб, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш зарур.

“Келгуси йилга мўлжалланган 2 миллиард долларлик 141 та лойиҳада бунга алоҳида эътибор қаратилади”,-дейилади расмий хабарда.

Соҳада илғор технология, инновация ва халқаро стандартларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар йўналтирилиши белгиланди.

“Мутасаддилар келгуси йилда ишлаб чиқаришни 20 фоизга ошириш, мисни қайта ишлаш ҳажмини 140 минг тоннага олиб чиқиш режаларини баён этди. Шунингдек, экспортни 1,5 миллиард долларга, 2025 йилда 2 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги қайд этилди”, дейилади хабарда.

“Росатом”: Ўзбекистон ва Россия АЭС қурилиши бўйича шартномани имзолашга тайёрланмоқда

Ўзбекистон ва Россия АЭС қурилиши бўйича шартномани имзолашга тайёрланмоқда, деб хабар берди ТАСС “Росатом” раҳбари Алексей Лихачёвга таянган ҳолда.

“2019 йилда, бизнинг тушунишимиз бўйича, асосий қарорларни қабул қилдик. <…> Пандемия кўп жараёнларни тўхтатиб қўйди, лекин мен ўзбек лойиҳасини тўхтатиб қўйилган лойиҳа деб айта олмайман. <…> АЭС қурилиши юзасидан шартнома устида ишлаш якуний паллага етиб келди”,-деди Лихачёв.

Унга кўра, “Росатом” Ўзбекистон ҳукуматига АЭСнинг кичик қувватли энергоблоклари ва мутахассисларни тайёрлаш юзасидан қўшимча таклифлар ҳам киритилган.

“Шартнома бўйича иш интенсив равишда давом этмоқда. Ўйлайманки, яқин орада шартномани имзолаш арафасида турибмиз”,-деди Лихачёв.

Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув Тошкент ва Москва расмийлари томонидан 2018 йил сентябрида имзолаган бўлиб, унга кўра, “Росатом” ВВЭР-1200 реактор қурилмасига эга “3+” авлоддаги иккита энергоблокдан иборат мажмуа қуриши айтилган. Станция Ўзбекистон бюджет маблағи ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилиши режалаштирилган.

Энергетика вазирлиги АЭС блоклари 2030 йилда электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 15-18 фоизини қоплашини билдирган. Йирик иншоот қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдон танлангани ҳам хабар қилинган эди.

АЭС қурилиши борасида хабарлар пайдо бўлган илк кезларданоқ жамоатчилик ва ижтимоий фаоллар лойиҳанинг нечоғли экологик хавфсиз ва сейсмик бардошли эканини муҳокама қила бошлашган. Станция қурилишида ҳамкор ўлароқ Россия танлангани ҳам қатор эътирозли саволлар туғдирган.

Ўтган йил июнь ойида энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистон Россиянинг “Росатом” корпорацияси билан АЭС қуриш харажатларини мақбуллаштириш бўйича музокара олиб бораётганини билдирган. Ўшанда мулозим Россия томонидан таклиф этилаётган лойиҳа қиймати юқори эканига эътибор қаратганди.

2022 йил декабрь ойда Россия бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистонда АЭС қуриш билан боғлиқ келишувларни амалга оширишни тезлаштириш зарурлигини айтган.

35 ёшли аёл ноқонуний пиротехника савдосида айбланиб учинчи марта маҳкамага тортилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Фарғона вилоятида туғилган ва Тошкент вилоятида яшаб келган 35 ёшли С.М. исмли аёл пиротехника буюмларининг ноқонуний олди-сотдиси бўйича хавфли рецидивист деб топилди.


Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди жорий йил 17 ноябрь куни чиқарган ҳукмга мувофиқ, судланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2501-моддаси 2-қисмининг “в” бандида назарда тутилган жиноятда (хавфли рецидивист томонидан пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда келгусида ўтказиш мақсадида сақлаш ва ташиш) айбланган ва унга 3 йилу 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган.


Тергов ҳужжатларига кўра, фуқаро С.М. умумий қиймати 13,6 млн сўм бўлган 102 дона “7SHOTS” номли пиротехника буюмларини Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги уйида қонунга хилоф равишда сақлаб келган. Пиротехника воситаларини бошқа шахсга сотиш мақсадида “Нексия-3” русумли машинасида Тошкентга олиб келаётганда Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудида қўлга олинган.
Аниқланишича, С.М. 2022 йил май ва 2023 йил март ойларида ҳам Жиноят кодексининг айнан 2501-моддаси бўйича маҳкамага тортилган.


ИИВнинг портлаш техника экспертизаси хулосасида қайд этилишича, судланувчи сотишга уринган пиротехника воситалари Хитойда ишлаб чиқарилган бўлиб, хавфлилик даражасига кўра IV тоифага мансубдир.


Суд ҳукмида ашёвий далил тариқасида олинган пиротехника буюмларини йўқ қилиш уқтирилган.


Ўзбекистонда ҳар йили Янги йил байрами арафасида пиротехника буюмларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар кўпайгани кузатилади.
Расмий статистикага қараганда, мамлакат божхона органлари жорий йилнинг 11 ойи мобайнида 67 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаб, 1 млрд 55 млн сўмлик 830 минг дона пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласига чек қўйган.

Жиззахда ОИТСни тарқатишда айбланган эркак 5 йилга қамалди

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида яшовчи 35 ёшли эркак Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 113-моддасида (таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) белгиланган ҳуқуқбузарликда айбдор деб топилди.

Озодлик тасарруфидаги суд ҳукмига кўра, мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол тумани суди ёпиқ мажлисида судья А.Норбеков раислигида кўриб чиқилган.

2018 йилдан буён Жиззах вилояти ОИТСга қарши курашиш диспансерида назоратда турган фуқаро С.Ҳ. бошқа шахсларни ОИВ касаллигини юқтириш хавфи остида қолдирмаслик тўғрисида расман огоҳлантирилган. Аммо у касаллигини яширган ҳолда Ғаллаорол туманида яшовчи, 21 ёшли З.Ж. билан жинсий алоқа қилиб, аёлни ОИВ инфекциясини юқтириш хавфи остида қолдирган.

Тергов ҳужжатларида С.Ҳ., шунингдек, З.Ж.нинг шахсий сирини ташкил этувчи маълумотларни ғаразли мақсадда ижтимоий тармоқларда тарқатгани ва уни фуқаролар орасида шарманда қилгани қайд этилган.

Аниқланишича, оилали ва икки фарзанднинг отаси бўлган С.Ҳ. биринчи гуруҳ ногирони саналади.

Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол тумани судининг 2023 йил 1 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ, фуқаро С.Ҳ.га ЖК 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 5 йилу 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон қонунчилигида шахс ўзида ОИТС инфекцияси борлигини била туриб ўзга шахсга касалликни юқтирса ёки юқтириш хавфи остида қолдирса, унга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланган.

2021 йилда 40 нафарга яқин эркакка ОИТС юқтиришда айбланган бухоролик аёл 6,5 йилга қамалган эди.

Республика ОИТСга қарши курашиш маркази маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 48658 киши одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) билан яшамоқда. Сўнгги 10 ойлик таҳлиллар ушбу инфекция 77 фоиз ҳолатда жинсий алоқа, 10,6 фоиз парентерал ва 0,2 фоиз вертикал йўллар билан юққанини кўрсатган.

Метронинг “Қўйлиқ” бекатида эркак ўз жонига қасд қилди

Тошкент ер усти метроси лойиҳаси. Архив сурат.
Тошкент ер усти метроси лойиҳаси. Архив сурат.

Тошкент метрополитенининг “Қўйлиқ” бекатида 28 ноябрь соат 14:58 да номаълум эркак ўзини ҳаракатланиб келаётган поезд тагига ташлади.

Метрополитен матбуот котиби Тўйчи Мирзаев дастлабки маълумотларга қараганда, “барча ходимлар эркакнинг ўлганини тасдиқлаётгани” ҳақида билдирди. Унга кўра, “ҳозирча суриштирув ишлари якунланмаган”.

Бундан олдинроқ Метрополитен матбуот хизмати “Қўйлиқ” бекатида номаълум эркак ўзини поезд остига ташлагани ортидан “Ер усти ҳалқа йўли” йўналишининг бир томон қисми вақтинча ҳаракатдан тўхтатилгани ҳақида хабар берган эди.

Матбуот хизмати дастлабки суриштирув ишлари якунлангач, қўшимча маълумот берилишини билдирган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG