Линклар

Шошилинч хабар
23 июн 2025, Тошкент вақти: 17:51

Берлинда Солижон Абдураҳмонов ҳимоясига акция бошланди


Акция иштирокчиси.
Акция иштирокчиси.

25 май куни ўзбекистонлик журналистнинг улкан расми осилган машина Берлин кўчаларини кезмоқда.


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири муовини Владимир Норов Германияга сафар қилаётган бир пайтда Халқаро матбуот эркинлиги гуруҳи фаоллари Берлинда ўзбекистонлик журналист Солижон Абдураҳмонов ҳимоясига акция бошлади.

Шу куни журналист сурати осилган машина немис пойтахти кўчаларини кезиб юрди.



Сурат остига “Ўзбекистон мен каби танқидчи журналистлар қамоққа ташланган мамлакатдир!” деган сўзлар ёзилган.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Берлин бўлими вакили Аня Воҳлнинг айтишича, бу акциядан мақсад Германия жамоатчилиги эътиборини Ўзбекистонда қамалган журналистлар тақдирига қаратиш.

- Солижон Абдураҳмонов суратлари осилган машина жаноб Норов немис расмийлари билан учрашадиган Германия парламенти, Ташқи ишлар вазирлиги ва Берлиндаги Ўзбекистон элчихонаси орасида бугун кун давомида айланиб юради ва кечқурун элчихона олдида норозилик тадбири ўтказамиз ва у ерда Солижон Абдураҳмонов сурати туширилган варақаларни тарқатамиз,- дейди Воҳл.

58 яшар журналист Солижон Абдураҳмонов 2008 йилда гиёҳванд моддаларни ноқонуний сотиш ва товламачиликда айбланиб¸ 10 йилга озодликдан махрум қилинган эди.

Қамалишидан олдин Абдурҳмонов Британиянинг Уруш ва Тинчлик муаммоларини ёритиш институти, Uznews.net мустақил ахборот хизмати билан ҳамкорлик қилган.

Берлиндаги акция ташкилотчиси бўлган Uznews.net ахборот хизмати бош муҳаррири Галима Бухорбоеванинг айтишича, акциянинг айнан Владимир Норовнинг Берлинга ташрифи пайти ўтказилаётгани бежиз эмас.

- Ўзбекистондаги режим сиёсий маҳбусларни ниманидир эвазига озод қилади. Ўзбекистон фуқаролари президент Каримов учун гаровдаги одамлардир. У хоҳласа қамоққа олади, ўзига керак пайтда кимнидир озод қилади, Ғарб сиёсатчилари билан музокараларда ўз фуқаролари билан савдолашади. Каримовнинг бу амалидан нафратлансак-да, биз Солижон Абдураҳмоновнинг ана шу савдо объектига айланишини хоҳлаяпмиз. Сабаби¸ уни Ўзбекистондаги ноинсоний режим исканжасидан қутқаришнинг бошқа йўли йўқ бизда¸ дейди Бухорбоева.

Берлиннинг ўзбек диктатурасига атаган миллионлари

“Германия Термиздаги ҳаво базаси ижараси учун ҳар йили Ўзбекистонга 16 миллион евро тўлайди. Бу базани сақлаб қолиш учун эса Берлин ҳукумати инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигини топтаётган Ўзбекистондаги Каримов режими олдида скут сақламоқда”, деб ёзди Германияда чиқадиган “Frankfurter Rundschau” рўзномаси.

Термиздаги база Бундесвер учун Афғонистондаги қўшинларга таъминот юкларини олиб ўтиш учун қулай транзит йўли бўлиб хизмат қилмоқда.
Германия Мудофаа вазирлигига кўра, ҳозир Термизда 106 немис ҳарбийси бор ва ўтган йилнинг ўзида мазкур базага НАТОнинг 77 минг аскари қўниб ўтган.

Халқаро таҳлилчилар ва айрим немис сиëсатчилари Берлин ҳукуматининг Термиздаги мавқеъини сақлаб қолиш учун Тошкент ҳукуматига мулозамат қилаётгани ва базани сақлаб қолиш учун ўта юқори нархларга ҳам рози эканини айтиб келишмоқда.

“Frankfurter Rundschau” нашри германиялик депутат, Сўл партия намояндаси Вольфганг Геркенинг Берлин ҳукумати Термиздаги база учун Ўзбекистонга ажратаётган пуллари “қонли пуллар” деб атаган сўзларини келтиради.

“2005 йили Андижондаги қирғиндан кейин АҚШ Тошкент ҳукуматини танқид қилишдан тийилмади ва буни ортидан Хонабоддан чиқиб кетди, немис ҳукумати эса тилини ютиб, у ерда қолишга эришди”, деб айтган Вольфганг Герке.
XS
SM
MD
LG