Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:55

Бугунги Ўзбекистонга маърифатли авлод керакми?


Мактабни битирибоқ Москвага мардикорликка йўл олган ёшлар тушлик қилмоқда. Бу суратни Россияда юрган ўзбекистонлик зиёли Муҳаммаджон йўллади.
Мактабни битирибоқ Москвага мардикорликка йўл олган ёшлар тушлик қилмоқда. Бу суратни Россияда юрган ўзбекистонлик зиёли Муҳаммаджон йўллади.

Ўзбекистон мактабларида сўнгги қўнғироқ чалинган куни Озодликка сим қоққанлар билан суҳбат бугунги ўзбек маорифи ҳақида бўлди.


“Эркин микрофон” эшиттиришига қўнғироқ қилган ўзбекистонликлар билан 25 май – Ўзбекистонда умумий ўрта таълим мактабларида чалинган сўнгги қўнғироқ муносабати билан катта ҳаётга қадам ташлаётган мактаб битирувчиларининг тақдири ҳақида суҳбатлашдик.

Ҳозир Ўзбекистондаги умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синфини тамомлаб чиқадиган ёшларга ихтиёрий-мажбурий тарзда икки йўлдан бирини танлаш шарти қўйилмоқда.

Бу ёхуд маълум бир фанлар бўйича чуқурлаштирилган тарзда илм берувчи ва олий ўқув юртига тайёрловчи академик лицейда ўқиш¸ ёки касб-ҳунар йўналишида таълим берувчи касб-ҳунар коллежларида ўқиш.

Илм истаганга йўл қолмади....

Озодликка Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидан қўнғироқ қилган Анвар бобо бугун мактабда сўнгги қўнғироқ тадбирининг битирувчиси бўлган катта набираси Икромжоннинг академик лицейга кириш имкони камроқ эканини айта туриб¸ ҳозир ота-оналарни олий ўқув юртларидаги контракт тўлови чўчитаётгани боис болаларини коллежга жойлашга уринаётганини айтади.

Аммо мактабда яхши баҳоларга ўқиган набирасининг шу имкондан ҳам маҳрум қилишидан хавотир қилади бу суҳбатдошимиз.

- Назорат қилиб отаси билан энаси билан баъзан ғашига ҳам тегиб қўяман “Ўқишига халақит берманглар. Оғир иш буюрманглар. Ўқисин, келажаги порлоқ. Майли сизларни силтаб қўйгани учун кетиб қоладиган бўлсак, булар хароб бўлмасин бу бозор иқтисодиëтида” деб айтиб тураман.

Озодлик: Шунақа қилиб келажаги нима бўлади?

- Бир бало қилиб институт-пинститутга жойлашиб қолгудай бўлса, омадини берса, жигит пирлар қўллаб жойлаштириб олсак, яхши. Жойлаштира олмасак, нима қиламиз кейин? Иложимиз йўқ. Институтни битирганларнинг ҳам омади келади. Орқасида акалари бор. Унча-мунча ишга аралашиб юрибди. “Фалон пул олиб кел. Кейин ишга қўяман” дейди. Почти бир миллион сўрайди. Энди тугаган давлатда бу.

Озодлик: Ëн-атрофингизда мактабни битираëтган болаларнинг неча фоизи ўқишини давом эттираяпти? Неча фоизи давом эттирмай¸ ҳунар қилиб ота-онасининг ëнида юрибди? Нима деб ўйлайсиз?

- 80-90 фоизи ота-она билан, ота-онага мутеъ. Қишлоқнинг ичида туриб институтга бирортаси дуруст киргани йўқ. Бизда ўқитувчиларнинг ўзи 50 фоизи коллежни битирган ўқитувчиларда. Ўзини ўқитиш керак, ундан кейин улар тарбиялаган бола одам бўлади-да. Пахта териб ëтса, ягана қилиб ëтса, пилла терса, нима бўлади, дейди Анвар бобо.

Анвар бобо билан суҳбатлашганимиз кезда унинг набираси эртага бўладиган имтиҳон учун консультацияга кетган экан.

“Илм олишга шунчалик қунтлики, қани энди шу набирам илмли, зиёли бир инсон бўлиб етишса”, дея ният қилди сурхонлик суҳбатдошимиз.


Кўп нарса ота-оналарга боғлиқ...

Озодликка Бухородан боғланган Шуҳрат ака эса умумий-ўрта таълим мактабида тарих фанидан дарс берар экан.

Бу йил у ишлаган мактабни 250 га яқин битирувчи тамомлабди.

Бугун сўнгги қўнғироқда иштирок этиб, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг кайфияти яхши эканидан хурсандлигидан гап очган Шуҳрат акага Анвар бобонинг хулосаларидан келиб чиқиб савол бердик.

"Мактабда ўқитувчиларнинг савияси талабга жавоб бермагани учун уларнинг қўлидан чиқаётган битирувчиларнинг билим савияси ҳам тушиб бормоқда, деган фикрлар кўп тилга олинади.Сиз ўқитувчи ўлароқ бунга нима дейсиз”, деб сўрадик тарих ўқитувчисидан.

- Энди биласизми¸ бу ота-онага боғлиқ. Уни қайси мактабга қўйиб¸ қандай савияли ўқитувчининг дарсини тинглаши бўлади. Баъзи бир ота-оналар бор боласини биринчи синфдан бошлаб гимназияда ўқиттиради. Баъзи бир ота-оналар бор тушдан кейин репетиторга қўяди. Ота-оналарнинг ўзига боғлиқ.

Озодлик: Лекин мактабда ўқитувчи тўлиқ илм бериши керак эмасми? Боланинг илмли бўлиши ëки бўлмаслиги ўқитувчига боғлиқ эмасми?

- Ҳозир ҳаммасини битта-битта аттестациядан ўтказаяпти. Ўқитувчиларга қўйилган талаб жуда юқори. Ҳозир ўқитувчиларнинг савияси ëмон эмас¸ яхши. Энди шуни ота-оналар янада кўпроқ талаб қилса, ўқитувчи ҳам шунга қараб интилади, изланади. Талабга боғлиқ-да.

Озодлик: Демак, сизлардаги ўқувчиларнинг 80 ëки 90 фоииз лицей ëки коллежга жойлашар экан-да.

- Албатта. Ҳар йил шунақа. Республикамизда қўйилган талаб ҳам шу. Мактаб таълимидан кейинги ўрта махсус таълимига жалб қилиш.

Озодлик: Коллеж, лицейни битирганлар нима иш қилаяпти?

- Коллежни, лицейни битирганлар, бу тўғрисида ҳам президентимизнинг жуда ажойиб фармонлари чиққан, коллеж, лицейни тугатган ўқувчиларни ишга жойлаштириш борасида ҳам фармонлар, қарорлар бор.

Озодлик: Фармон, қарорлар борлигини биламиз. Сиз мана Бухоро шаҳридасиз тўғрими?

- Институтга кира олмаганлари ишлаяпти. Ҳар хил давлат ишхоналарида ишлаяпти-да.

Озодлик: Мана бутун республика бўйлаб кўпчилик айтаяпти-да, мана битирувчиларга, хўп яхши баҳога битирди ҳам дейлик, иш йўқ ҳозир ëшларга, юзта-юзта бўлиб Россияга кетишдан бошқа чора кўринмаяпти¸ деб фикр билдираяпти кўпчилик. Айниқса¸ бугун сўнгги қўнғироқ бўлиб турган кунда. Сиз мана ўқитувчисиз.

- Иш йўқ дейдиганлар¸ биласизми нима учун иш йўқ дейди? Иш ҳақининг камлиги учун иш йўқ дейди. Иш ҳақи кимгадир кам, кимгадир етарли. Биринчи навбатда¸ болаларнинг ҳаммасининг фикрини ўзгартириш керак-да. Ҳозир бир хил болаларда кўп пул топсам, деган тушунча мажвуд.

Озодлик: Яъни меҳнатсиз кўп пул топишни хоҳлашаяпти демоқчисиз.

- Албатта шундай, дейди тарих ўқитувчиси Шуҳрат ака.

Бухоролик тарих ўқитувчиси Шуҳрат ака болаларни янада сабрли қилиш ва янада меҳнатга чидамли қилиб тарбиялаш керак, дея хулоса қилди суҳбат сўнггида.


Бугунги ëшлар ҳунарга қизиқмай қўйди...

Бу фикрни Сирдарёдан “Эркин микрофон”га боғланган кекса темирчи Қурбон Сойибзодадан эшитдик.

У киши ён-атрофида мактабни тамомлаётган болаларга кўзи тушганда, устахонасига чақириб, ўз ҳунарини ўргатишга ҳаракат қилиши, аммо бугунги болаларнинг бунақа оғир меҳнатга бўйни ёр бермайдиган бўлиб бораётганидан гап очди.

- Ҳозир менинг ўзимга сваршик керак, токар керак. Йўқ. Ҳунарни ўрганмайди. Қаëққаки бориб қаранг ҳаммаси карта ўйнаб ўтиради. Ким айбдор бунга?

Озодлик: Касб-ҳунар коллежларида шу сиз айтган ҳунарларни ўрганиш имкони борми?

- Бор. Мана биз ўргатамиз. Йўқ-да, ўрганмайди. Ўргангиси келмайди¸ тўғри тушунинг. Ишонмаслик мумкин. Мен гаплашдим ҳаммаси билан. Истамайди.

Озодлик: Нимага?

- Керакмас бизга. У ëққа бориб ўтини чопсак, пул олсак бўлди. Эртасини ўйламайди. Бу нима дегани? Мана бизнинг оталаримиз ëшлигимизда айтарди “Ўғлим, ҳунар ўрган, ҳунар ўрган ва ҳунар ўрган” дерди, дейди сирдарёлик темирчи Қурбон Сойибзода.

Унинг хулосасига кўра, ўз юртида темирчилик, пайвандчилик каби ҳунарларни ўрганиб, шундай меҳнат билан пул топишдан бўйин товлаган болалар осон пул топишнинг йўли миллионларга қўшилиб, Россия кетиш ва ўша ердан пул ишлаб келиш, деб ўйламоқда.


Бугунги мактаб мевалари - мардикор авлод?

Шу кунларда Россияда юрган фарғоналик Маҳмуд ака эса кўпроқ ва яхшироқ пул топишни истаган ёшларда айб йўқ, деган фикрда.

У куни кеча ўзи гувоҳ бўлган бир манзарадан гап очди.

- Кеча ўтиб кетаëтган эдим, тасодифан 20тачаси ерга газета ëзишиб, колбасани кесишиб, айланиб ўтиришиб, ўша ерда газ вода ичишиб, обед қилиб ўтиришибди. Уларни расмга ҳам олиб қўйган эдим. Жуда ҳам бир хор ҳолатда. Илгари ëшлигимизда пахта тергани чиққан пайтимизда кўрардик ўша ажириқларнинг устига далаларда бир тўп бўлиб ўтиришиб обед қилишлар доимий бўладиган ҳолат эди. Москва шаҳрида батонни синдиришиб олиб, еб-ичишиб ўтиргани жуда ҳам таъсир қилдики, ачинарли ҳол.

Озодлик: Болалар неча ëшда? Ўзбек болаларда ҳаммаси.

- Ëшини сўрамадим. 17-20-25 ëшдаги болалар.

Озодлик: Мана мактабни яхши илм билан тугатиб, ўрта таълимни олиб кейин олий таълимни олиб яхши-яхши ишларда ишлаш учун энг биринчи қилиниши керак бўлган зарур ўзгартириш нима бўлиши керак?

- Бу нарсани бир-икки оғиз билан тушунтириш жуда ҳам қийин¸ деб ўйлайман. Сабаби¸ бизда мутлақо коррупциялашиб кетди. Олий ўқув юрти, олий маълумотга эга бўлган ëшларни ҳам олиб қарасангиз, иш тайëр тургани йўқ. Қанча пул билан ўқишни битирган бўлса, яна ўшанча пул билан ишга кириш керак. Оғриқ нуқта бизда ишсизлик масаласи. Ишлаб чиқариш йўқ. Сал-пал пули борлар молини сотиб, яна бошқа нарсасини сотиб йўл кира қилиб Россияга келиб ишлаяпти. Сал-пал эплашга ақли етадиганлар. Энди ўқитувчиларнинг ойлигини етарли даражада бериш керак. Керак бўлса, ўқитувчи шундай ўзининг ишига ëпишсинки, ундан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмасин. Ўқитувчи берадиган ойлигига яшашга имконият йўқ. Қўшимча даромад олиш учун ҳаракат қилади. Мутлақо бошқатдан тузиб чиқиш керак структурани. Ақлим етмайди бу нарсага. Нимага десангиз, бу икки оғиз сўз билан тушунтириб қўядиган нарса эмас, дейди Маҳмуд ака танг аҳволда сўзларини якунлар экан.

Шу кунларда Москвада ишлаб юрган ўзбекистонлик зиёли бу йигит бугунги системани ўзгартирмагунча Ўзбекистонда мактаб битирувчиларининг аҳволини ўзгартириш мушкуллигидан сўзлади.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG