Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:38

Жаҳонда пахта нархи тушди¸ аммо ўзбек деҳқонига барибир


Ўзбек пахтасининг катта қисми Германиянинг Бремен пахта биржасида сотилади
Ўзбек пахтасининг катта қисми Германиянинг Бремен пахта биржасида сотилади

Ҳосилига ўзи эга бўлмагани боис¸ ўзбек пахтакорлари жаҳон бозорида пахта нархининг ошишию тушишидан бехабарлар.

“АҚШдаги импортчилар кейинги икки ҳафта давомида савдони сурункасига бекор қилиши оқибатида¸ жаҳон биржаларидаги пахта нархи кескин туша бошлади”¸ деб хабар берди АҚШ даги Bloomberg молиявий ахборот агентлиги.

АҚШ Қишлоқ хўжалик вазирлигининг билдиришича¸ 19 майга қадар биргина АҚШ нинг ўзида 32¸960 той пахта олиш бўйича тузилган келишув бекор этилган ва оқибатда нархлар март ойидаги рекорд даражадан 31 фоизга пастлаган.

Пахта нархининг АҚШ биржасида арзонлагани¸ дунëнинг қолган қитъаларида ҳам нарх тушишига сабаб бўлди¸ дейди Германиянинг Бремен шаҳрида жойлашган Халқаро пахта биржаси мутахассиси Karsten Froese Озодлик билан суҳбатда.

- Ҳозирда калава ип ва пахта матосига нисбатан талаб камайиб бормоқда ва жаҳон бозорида бу иккала маҳсулот сотилмай¸ туриб қолмоқда. Ҳозирда калава ипи нархи ҳатто пахта нархидан ҳам тушиб кетди. Бу эса¸ ўз навбатида пахта хом-ашëси нархининг янада тушишига сабаб бўлмоқда. Пахта нархининг тушиши¸ одатдагидай¸ талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносиблик билан боғлиқ.

26 май куни бир фунт (ярим кило) пахта Ню Йорк пахта биржасида 1доллару 51 центга сотилди. Cotton Outlook эса кеча бир фунт пахта нархини 1 доллару 67 цент қилиб белгилади. Бу шу кеча-кундуздаги нарх ва кўриниб турибдики¸ пахта нархи жаҳон бозорида тушиб бормоқда. Жорий йилнинг март ойида пахта нархи тарихда мисли кўрилмаган рекорд даражага кўтарилган ва бир фунт пахта 2 доллару 30 центдан кўпроққа сотилган эди¸ дейди Бремен пахта биржаси мутахассиси Karsten Froese Озодлик билан суҳбатда.

Ўзи аслида дунëда пахта толасига нисбатан талабда катта ўзгариш бўлгани йўқ ва у нисбатан барқарорлигича қолмоқда¸ дер экан халқаро эксперт¸ пахта нархидаги тебранишларни об-ҳаво¸ глобал ҳосил ҳажми ва истеъмолчилар қурби каби жуда кўп омиллар белгилашини айтади.

- Ҳозирда ер шарининг жанубий қисмида пахта ҳосили йиғиштирилмоқда. Бу йил Австралия ва Бразилияда ҳосил жуда яхши бўлди ва бу бозорга қўйилаëтган таклифни¸ табиийки¸ оширмоқда. Айни пайтда¸ инсон қўли билан яратилаëтган толанинг пахта ўрнига газламачиликда ишлатилаëтгани оқибатида тола йигириш корхоналарида табиий пахта толасига нисбатан эҳтиëж камаймоқда. Бу ҳам¸ жаҳон бозорида пахта толасига нисбатан сўров камайиши¸ демакки нарх тушиши ортидаги жиддий сабаблардан биридир¸ дейди Германиядаги халқаро пахта биржаси мутахассиси.

Бундан икки ойча аввал бир килоси 4¸5 доллар¸ бир тоннаси эса¸ 4500 АҚШ долларидан қимматроққа сотилган пахта нархининг бугунга келиб килоси учун тақрибан 3 АҚШ доллари атрофида нархланиши¸ Ўзбекистон каби дунëдаги учинчи йирик пахта экспортчиси учун нохуш хабар бўлиши мумкин. Аммо¸ бу борада ҳозирча шикоятга ўрин йўқ¸ зотан пахта нархи жаҳон бозорида ўтган йилларга нисбатан ҳали-ҳамон жуда баландлигича қолмоқда¸ дейди Бремен пахта биржаси мутахассиси.

-Ўзбекистон каби пахта етиштирувчи давлатлар учун бозор ҳамон қулайлигича қолмоқда. Гарчи март ойидаги тарихий рекорддан пастлаган бўлса-да¸ бундан икки йилча аввал бир фунт пахта нархининг 60 цент атрофида эканини ëдга олсак¸ ҳозирги 1¸5 долларлик нархнинг анча баландлигини кўрамиз.

Айни кунларда ер шарининг шимолий қисмидаги фермерлар ерга пахта экмоқда ва ўтган йили нархнинг кўтарилгани боис¸ уларнинг бу йил кўпроқ пахта экиши кутилмоқда. Бу ҳам келаси ой ва йилда пахта нархининг бир оз пасайишига сабаб бўлса-да¸ пахта нархининг кескин тушиб кетиши кутилмаëтир¸ дейди Германиянинг Бремен шаҳридаги Халқаро пахта биржаси эксперти Karsten Froese .

Дунëда учинчи йирик пахта экспортчиси бўлган Ўзбекистонда йилига 3¸5 миллион тоннага яқин пахта¸ 1 миллион тоннадан кўпроқ пахта толаси етиштирилади; давлат бюджетининг асосий киримини ҳам пахта савдосидан тушадиган даромад ташкил қилади. Фермерларнинг қачон қанча пахта экишидан тортиб¸ уларнинг ҳали экилмаган пахтаси нархини белгилаш ҳам давлат ихтиëрида бўлгани боис¸ ўзбекистонлик фермерлар¸ жаҳон бозорида пахта нархининг ошиш ëки тушишидан ўзларига бирор наф йўқлигини айтадилар.

Озодлик билан суҳбатда қорақалпоғистонлик фермер Қубай Ортиқов¸ жаҳон бозоридаги нархнинг ошишидан ўзбек деҳқони етиштираётган пахтани ундан сув текинга тортиб олаëтган оралиқ тизимлар¸ давлат номидан иш кўраëтган амалдорлар даромад кўриб келаëтганини айтади.

- Давлат биздан биринчи сорт пахтани 640 минг сўмдан, иккинчи сортни 600 минг сўмдан сотиб олаяпти. Деҳқон айни пайтда пахта реал баҳосининг 50 фоизини олаяпти. Қолган 50 фоизи хлопкопромга қолаяпти. Чиновникларга қолаяптида. Деҳқоннинг манглай тери пахта етиштиришга кетаяпти, ҳузурини эса бошқалар кўраяпти. Иккинчидан, олибсотарлар, пахтага квота олиб, чет давлатларга сотадиган ташкилотлар. Деҳқоннинг меҳнати ҳузурини шулар кўраяпти, дейди 2010 йил ҳосил мавсумидаги нархлар ҳақида гапирган Қубай Ортиқов.

27 май куни Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик деҳқонларга кўра¸ жорий йилда Ўзбекистонда сув ва электр қуввати билан боғлиқ муаммоларнинг янада кескинлашгани боис¸ пахта этиштиришга қурби етадиган фермерлар сони янада озайган ва бу мамлакатда бу йил пахта ҳосилининг анча ғариб бўлиши мумкинлигидан дарак сифатида кўрилмоқда.
XS
SM
MD
LG