Май-июн ойларида ўтказилаётган сайлов “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига муфовиқ ўтказилмоқда.
Қонун номи ва матнининг деярли ҳар бир бобида қавс ичида “оқсоқол” сўзининг такрорланиши бу лавозимга аёлларнинг сайланиш имкониятларини бироз чеклаши эҳтимоли инобатга олинмаганда, бу ҳужжат, унга амал қилинадиган бўлса, сайловнинг адолатли ўтказилишини таъминлаши лозим.
Маҳалла жамғармаси вилоят бўлимларидан бирининг исмини ошкор қилмасликни маъқул кўрган ходими Озодлик билан суҳбатда қонунга тўла амал қилинаётганини юз фоиз ишонч билан таъкидлади. Бунинг учун, дейди Маҳалла жамғармаси ходими, қонун доирасида номзодларни илгари суришнинг мукаммал механизми ишлаб чиқилган.
- Акажон, аввал Ўзбекистон республикаси Олий Мажлис Сенати қарори чиқади. Кейин шунга қараб республика кўмаклашувчи комиссия тузилади. Ундан кейин вилоят ва шаҳарлар комиссиялари тузилади. Ўша комиссия жойларда тузилгандан кейин уларнинг қарорлари чиққандан кейин маҳаллаларда ишчи гуруҳлари тузилади. Ташкилот, корхона раҳбарларидан ишчи гуруҳ тузилади. Ўша ишчи гуруҳ аъзолари, камида 7 кишидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари маҳаллаларда ўша ердаги аҳоли фикрини ўрганиб ишчи гуруҳи ниомзодларни олади.
Суҳбатдошимизнинг фикрича, у санаб ўтган ва эшитилишидан ҳақиқатан ҳам мукаммал механизмга ўшаш тизим маҳалла раисларини фақат ва фақат фуқаролар сайлашини кафолатлайди.
Ўтган ойда Фарғона шаҳар Маърифат фуқаролар йиғинида ўтказилган сайловда Маъруф ака Абдураҳмонов ҳам қатншди. У кишининг айтишича, бу сафарги овоз бериш жараёни ҳақиқатан аввалгиларидан ҳолисроқ ўтган.
- Қонун доирасида, қонуннинг ҳамма моддаларига риоя қилинган равишда ўтказилди. Лекин бундан икки муддат олдин, учинчи муддат олдин бўлган сайловларда қонун бузилишлари очиқдан очиқ шунақа қилишарди. Билмадим энди ҳокимиятнинг одамларини қўйишганми, бошқа қилишганми Ўзбекистонда энди одамларнинг, фуқароларнинг ўз ихтиëрлари билан сайланадиган раҳбарлар битта эди шу маҳалла фуқаролар йиғини экан. Шунда одамлар билмадим юрагида армон тўпланиб қолганлиги учунми маҳалла фуқаролар йиғини раисига сайлашга жуда катта эътибор беришган. Бундан олдингисида бир маҳалла комитети раисини сайлашда Фарғона вилоят кутубхонасининг мажлислар залида бўлган эди. Шунда кўрсатилган номзодларнинг ичидан биттаси абсолют кўпчилик овозни ола олмаган. Шунга қарамасдан ўртадан икки кун ўтказиб “Қўшимча эълон қиламиз. Бошқа сайлов ўтказамиз” деб туриб Фарғона ëғ-мой комбинатининг чойхонасида биз танимайдиган доамлар билан йиғилиш ўтказиб, протоколлаштириб, уч кишининг ўртасида абсолют кўпчиликнинг овозини олмаган битта одамни ўтказишган эди.
Домла Маъруфжон ака бу сафарги сайловдан маҳалламизнинг кўнгли тўлди, дея қўшимча қилди.
Фарғонанинг Маърифат маҳалласи аҳлидан фарқли ўлароқ, пойтахтнинг Ҳамза тумани Бирлашган маҳалласи фуқаролар йиғинига сайловлар ўтказила бошлагандан бери “яхши оқсоқолга” ялчигани йўқ. 65 ёшли Абдуқаҳҳор Мусаев Бирлашган маҳалла фуқроси:
- Ҳеч қанақа ўзгариш йўқ. Ҳокимга ëқса ўтасиз, ëқмаса ўтмайсиз. Минг ўзингизни нима қилсангиз ҳам ўтказмайди ўлиб қолса ҳам. Биринчи ҳокимга ëқишингиз керак. Маҳалла оқсоқолининг атрофида беш-олтита лаганбардорлар бор. Ҳаммаси битта гўр булар. Буларнинг халққа зарари тегса тегадики, фойдаси тегмайди.
Сайлов жорий ҳафтада ўтказилади, лекин унинг ҳолис бўлишига “шубҳам бор”, дея тахмин қилади нафақахўр Абдуқаҳҳор Мусаев.
- Йўқ, йўқ, мутлақо. У (маҳалла раиси-таҳр.) бизлардан қочиб юради. Хуллас югурдаги деяпманку. Ҳокимнинг югурдаги у маҳалла оқсоқоли эмас. Фамилияси Қирғизбоев. Просто кўзбўямачилик. Бўлдими бўлди. Қуруқ гап. Мана эрта-индин бўлади. Мана шу Қирғизбоев яна қолади. Бошқа йўқ. Араб-мараблардан олиб келмасак арендага бундоқ жон куйдирадиган бизларда йўқ. Ҳаммаси лаганбардор.
Расмий ҳисоб-китобларга кўра, бу сафарги сайловларда ўн мингга яқин маҳалла раиси сайланади, уларнинг маслаҳатчилари сони эса юз мингдан ошиб кетиши мумкин.
Дарвоқе, қонун матнида қавс ичида “оқсоқол” сўзининг такрор-такрор келиши бежиз эмасга ўхшайди, чунки Озодлик билан суҳбатлашган ўзбекситонликларнинг сўзларига кўра, сайланиб бўлган раисларнинг аксари ёки номзодлари илгари сурилганларнинг кўпчилиги эркаклардир.