Линклар

Шошилинч хабар
25 июн 2025, Тошкент вақти: 10:02

Дин олимлари тожик расмийларига тавсия билан чиқди


Тожикистонлик олим Абдулло Раҳнамо фикрича, мамлакат расмийлари Ислом динидан миллий хавфсизлигини таъминлаш омили сифатида фойдаланишлари мумкин эди.
Тожикистонлик олим Абдулло Раҳнамо фикрича, мамлакат расмийлари Ислом динидан миллий хавфсизлигини таъминлаш омили сифатида фойдаланишлари мумкин эди.

Тожикистонлик олимлар ҳукуматни Ислом динидан мамлакат миллий хавфсизлигини таъминлаш омили сифатида фойдаланишга ундамоқда.

7 июн куни Душанбе шаҳрида “Ислом ва миллий хавфсизлик” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

Тожик жамиятида дин олими сифатида яхши танилган Абдулло Раҳнамо қаламига мансуб бу китоб тадбир иштирокчилари томонидан олқишланди.

Китоб муаллифи Раҳнамо жанобларининг фикрича, сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Тожикистон хавфсизлик борасидаги қатор лойиҳаларида Ислом динидан тинчлик ва миллий хавфсизликни такомиллаштириш омили сифатида фойдаланмаётир, аксинча Исломга ётсираб қараш ҳисси кучайган.

- Шуни назарга олган ҳолда, мен бизнинг тинчлигимиз, хавфсизлигимиз асосий манбаи Ислом дини ва ғоялари экани ҳамда бу буюк потенциални эътибордан соқит қилишимиз нотўғри эканини назарий жиҳатдан исботлаб беришни маъқул кўрдим. Агар тинчлик барқарорлигини ва низоларсиз яшашни истасак, биз Ислом маърифатига, мамлакатнинг 99 фоизини ташкил қилган мусулмонлар маданиятига воқелик нуқтаи назаридан ёндошайлик. Зеро, ҳозир Ер юзида хавфсизлик масаласи биринчи рақамли масала ҳисобланади, - дейди янги китоб муаллифи Абдулло Раҳнамо жаноблари.

Китоб тақдимотида қатнашган Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази расмийлари Исломнинг мамлакат миллий хавфсизлигига таъсири борасида мулоҳаза юритишда эҳтиёт бўлишга чақирди.

Шу ўринда айтиб ўтсак, сўнгги икки йил бадалида, яъни Тавилдара ва Рашт воқеаларини ичига олган даврда Тожикистон ҳукуматининг “Ислом динига таъқиб ва диндорлар устидан назоратни кучайтириш” сиёсати авж олгани яққол сезилади.

Буни мамлакатда соқол қўйганларни ҳибсга олиш, ҳижобли қизларни таълим даргоҳларидан қувиш ҳамда “Исломдан эҳтиёт бўлиш сиёсати” ортидан ёшларга репрессив усуллар қўллаш каби талайгина мисолларда кўриш мумкин.

Мустақил таҳлилчи Ҳабибулло Ҳаким ҳукуматнинг бу нотўғри сиёсатини дунёда турли диний оқимлар кўпайиб кетгани билан изоҳлайди.

- Гарчи Ислом олимлари Исломнинг ягоналигини, бир хиллигини даъво қилишса-да, бугунги кунда Ер юзида ўта реакцион жанжалкаш Исломдан тортиб, олижаноблийликни, инсонийликни тарғиб қилувчи Исломгача бор. Буларнинг ҳар бири “Биз ҳақиқий Исломмиз” деб даъво қилади, - дейди мустақил таҳлилчи Ҳабибулло Ҳаким.

Аснода тожикистонлик исломшунос олимлар иқтидордаги ҳукуматнинг бу сиёсати миллий хавфсизликнинг умрини қисқа қилиб қўйиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

- Албатта бу сиёсат бизга шўролар замонидан мерос қолган ва бугун бу доирадан чиқишимиз анча қийин бўлади. Лекин ҳукумат эски механизмдан воз кечиб, замон талабига асосланган тавсияларни тўғри қабул қилиши, хатоларини тузатиши зарур. Бундан ўзга йўл йўқ, - дея мулоҳаза билдиради мустақил таҳлилчи Нурмуҳаммад Амиршоҳий.

Таҳлилчи Амиршоҳий фикрича, бугунги кунда тожик жамиятида Ислом демократик ҳаракатини тузиш, уни ривожлантириш орқали жамиятдаги реакцион оқимлар таъсирини пасайтириш мақсадга мувофиқ бўларди.

Шуни ҳам айтиш лозимки, Тожикистон мустақилликка эришганидан буён ўтган йигирма йил мобайнида мамлакат ичкарисида содир бўлган ҳар қандай террор ҳужумларида исломий гуруҳлар айбланиб келинган. Бунинг ортидан Салафия оқими, Ҳизбут-Таҳрир партияси, Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва ҳатто расмий партия саналмиш Тожикистон Ислом уйғониш партиясига мансуб кишилар узоқ йилларга қамоққа улоқтирилди.
XS
SM
MD
LG